Йилларда германия. 1-§. Германияда маъмурий-ҳудудий бошқарув тизими


ГФР К.Аденауэрнинг канцлерлиги даврида


Download 137.93 Kb.
bet9/15
Sana22.10.2023
Hajmi137.93 Kb.
#1716455
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   15
Bog'liq
Германия 1945-2023

ГФР К.Аденауэрнинг канцлерлиги даврида.
ГФРда конституциявий тузумнинг самарали ютуқларга эришишида мамлакатдаги сиёсий барқарорлик ёрдам берди. 1949 йилнинг 14 августида Бундестагда бўлиб ўтган биринчи сайловлар қуйдаги сиёсий кучларнинг устунлигини кўрсатди. Христиан Демократик Союз (ХДС) 25,2% 115 мандат овозга эга бўлиб Христиан Социал Союз (ХСС) билан бирга 5,8%, 24 мандат парламентда кўпчиликни ташкил этди. Мухолифатдаги Германия Социал Демократик партиясини сайловчиларнинг 29,2%и (131 мандат) қўллаб-қувватлашди. Эркин Демократик Партия (ЭДП) (11,2% овоз, 52 мандат) билан коалиция ҳукумат таркибига кирди ва “учинчи куч”га айланди.
12 сентябрда мамлакат президентлигига Озод Демократик Партия (ОДП) раҳбари Т.Хейс сайланди, 15 сентябрда эса К.Аденауэр федерал канцлер лавозимини эгаллади.
Христиан демократларнинг мафкуравий концепцияси ГФРнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланишининг асосий йўналишларини белгилади. 1953 йил парламент сайловлари арафасида қабул қилинган ХДСнинг Гамбург дастурида Ғарбий Германия давлатида конституциявий -ҳуқуқий тузумнинг ва социал бозор хўжалигининг асосий тамойиллари, немис халқи моддий ва маънавий тикланишига йўналтирилганлиги белгилаб қўйилди. ХДС раҳбарияти қатъий равишда антикоммунистик кайфиятда бўлиб, Шарқий Германия давлатини тан олмаслик, Шимолий Атлантика Иттифоқи ва Европадаги интеграцион жараёнлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш йўлини танлади. К.Аденауэр раҳбарлигида ХДС 1953, 1957, 1961 йиллардаги парламент сайловларида ғолиб чиқди ва ҳақли равишда (36,;% ва 191 мандат, 39,7% ва 217 мандат, 35,8% ва 192 мандат)га эга бўлди. ХДС/ХСС блоки парламентда ягона фракцияни ташкил этиб, бирлашган сиёсат олиб борди.
Муросасиз К.Шумахер раҳбарлик қилган Германия Социал Демократик партияси (ГСДП) “принципиал мухолифот”га айланди. Социал-демократлар бозор муносабатларига қарши чиқиб, иқтисодиётда ижтимоий ташаббусни кучайтиришга даъват этарди. Ташқи сиёсатда эса ГСДП Аденауэр ҳукуматининг антикоммунистик йўлини қўллаб-қувватлар, аммо ягона Германияни барпо этишни кечиктирувчи ҳар бир қадамни қоралар эди. К.Шумахер Аденауэр ҳукуматининг Ғарбий Германиянинг тўла суверенитети тикланмасдан туриб уни қайта қуроллантириш, Шимолий Атлантика блокининг ҳарбий-сиёсий тузилмаларига киритиш, Ғарбий Европадаги интеграция жараёнларига жалб этишга бўлган уринишларига шубҳа билан қарар эди. Германия Социал Демократик партияси (ГСДП) 1953 йилги парламентга бўлган сайловларда 28,8 % овоз 169 мандатга, 1961 йилда 36,2 % овоз олиб 190 мандатга эга бўлди. 1960 йили партия раҳбарлигига Ғарбий Берлин бургомистри Вилли Брандт сайланди. Ғарбий Германиядаги етакчи сиёсий кучларнинг ўзаро бирлашиши сиёсий радикализм, энг аввало сўл радикализмига қарши кураш билан бирга давом этди.Германия Коммунистик партиясига (ГКП) Шарқий Германия тузуми ва совет махсус хизматлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган экстремистик партия деб қаралди. 1951 йилда давлатга қарши сиёсий ҳаракатлар учун жазо қўллаш қонуни қабул қилинди. Бир йилдан сўнг конституцион суд неонацистик социалистик партияни тақиқлади. Коммунистик ташкилотлар, Совет-Германия дўстлик жамиятлари фаолияти қаттиқ назорат остига олинди. 1956 йилда ГКП Конституцияга зид ташкилот сифатида бутунлай тақиқланди.
Аденауэрнинг сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, Ғарбий Германияда ижтимоий тараққиётнинг мустаҳкам ҳудудий асосини яратишга бўлган уринишлари муваффақиятли бўлди. Тажрибали ҳуқуқшунос ва администратор, қатъий ва талабчан сиёсатчи бўлган Аденауэр Бонн ҳукумати фаолиятига ниҳоятда ишчан ва тартибли кўриниш бера олди. Барқарорлик ва мўътадилликка интилиш Аденауэр сиёсий услубининг ўзига хос хусусиятига айланди. Мақбул, ниҳоятда самарали иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Аденауэр сиёсатининг идеологи иқтисодиёт вазири Людвиг Эрхард эди. Аденауэр ҳукумати мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотнинг энг мураккаб даврида (1949-1950 йилларда) қатъийлик кўрсатди. Пул миқдорининг қисқартирилиши ва нархларнинг либераллаштирилиши аҳоли даромадлари паст бўлган бир пайтда нархларнинг ошишига олиб келди. Ишлаб чиқаришнинг қайта қурилиши эса, ишсизликнинг ўсиши билан бирга рўй берди. Аммо 1951 йилдаёқ яхши томонга ўзгариш сезила бошлади. 1952 йилда эса нархлар ўсиши тўхтади, ишсизлик камая бошлади. Кейинги йилларда кескин иқтисодий ўсиш рўй бери. Йилига 9-10%, 1953-1956 йилларда эса йилига 10-15% гача ўсишга эришилди. ГФР ғарб мамлакатлари орасида саноат ишлаб чиқариши бўйича иккинчи ўринга чиқиб олди (фақатгина 1967 йилда Япония ГФни учинчи ўринга тушириб қўйди). Катта экспорт туфайли Англия, Франция ва Швеция давлатларини қўшиб ҳисоблаганда умумий заҳирасига тенг олтин заҳира яратилди. Германия маркаси Европада энг кучли пулга айланди. 50-йилларнинг охирида ишсизлик амалда йўқолди, аҳолининг реал даромадлари 3 марта ошди. Немис “иқтисодий мўъжизаси”нинг бир қатор омиллари мавжуд эди. Эрхард танлаган иқтисодий тизим (унда либерал бозор механизми давлатнинг мақсадли солиқ ва кредит сиёсати билан бирга амал қиларди) ўзининг самарали эканлигини исботлади. Саноатдаги лобби (ўз нархларини ҳимоя қилиш) билан кўп йиллик баҳс-мунозарадан сўнг Эрхард монополияга қарши қонун қабул қилинишига эришди, рақобатни чекловчи ҳар қандай шартномалар бекор қилинди. Сармоя киритиш дастурларини амалга ошириш учун Маршалл режаси асосида тузилган йирик молиявий фонд яратиди. ГФРнинг 1955 йилда НАТОга аъзо бўлишига қадар ҳарбий харажатларнинг йўқлиги, ҳамда хорижий сармоялар (3,5 млрд.доллар) оқими ҳам катта роль ўйнади. Уруш йилларида вайрон қилинган саноатни тиклашга ҳамоҳанг равишда энг янги технологияларнинг жорий этилиши ва немис халқининг анъанавий бўлган юқори ишлаш қобилияти ҳам меҳнат самарадорлигининг тез ўсишига олиб келди. Ғарбий Германияда қишлоқ хўжалигининг муваффақиятли ривожланиши 1941-1949 йилларда оккупацион ҳукуматлар ёрдами билан амалга оширилган аграр ислоҳот натижаси эди. Ер мулклари қайта тақсимланди, ер фондининг катта қисми йирик ер эгаларидан олиниб ўрта ва кичик ер эгаларига берилди. Деҳқонлар меҳнатининг механизациялаштирилиши ва электрлаштирилиши бу секторда ишлаб чиқариш ўсишини таъминлади, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тузилмаси ҳам ўзгарди. Энг нуфузли соҳа чорвачилик бўлиб, бутун қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 70%ини бера бошлади.
Нафақа фонди, уй-жой қурилиши, бепул ва имтиёзли таълим олиш ҳамда касбий тайёргарлик тизимини кенгайтириш бўйича қўйилган фаол қадамлар билан биргаликда ишбилармонлар ва ишчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатларни рағбатлантиришга катта эътибор берилди. Ҳукумат:”Капитал меҳнатсиз, меҳнат эса капиталсиз мавжуд бўла олмайди” деган шиорни ўртага ташлади. 1952 йилдаги “Корхоналарда ишчилар аҳволи” тўғрисидаги қонунга кўра иш ҳафтаси 52 дан 46 соатга туширилди, ойлик маош эса урушдан олдингига нисбатан ошди. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими алоҳида корхонадаги меҳнат стажига мос равишда турлича белгиланган эди. 1960 йилда “Ишлаётган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” тўғрисида қонун қабул қилинди, 1963 йилда барча меҳнаткашлар учун меҳнат таътили белгиланди. Ҳукумат томонидан ишбилармонларга, ишчи ходимларга қўшимча тўловларни рағбатлантиришга қаратилган ва оилавий даромад ҳамда болалар сонини ҳисобга олувчи солиқ имтиёзлари тизими ишлаб чиқилди. Ҳукуматнинг мазкур тадбир-чоралари иқтисодий ўсиш даврида унга мос равишда аҳоли сотиб олиш қобилиятининг ўсишини таъминлади. Иқтисодий сиёсат ташаббусини Эрхард қўлига берган Аденауэр ГФРнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилди. Ташқи сиёсатдаги илк қадам ГФРнинг Шимолий Атлантика блоки НАТОга қўшилиши бўлди. “Совуқ уруш” шарофати туфайли Ғарбий Германия қисқа вақтда босиб олинган, суверенитети чекланган мамлакатдан яқиндаги ғолибларнинг фаол шеригига айланди. 1949 йилнинг ноябридаёқ АҚШ, Буюк Британия, Франция ва ГФР Петерсберг шартномасини имзолашди. Бу хужжат ГФРга мустақил равишда ташқи алоқалар ўрнатиш, жумладан, халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш борасида музокоралар олиб боришга имкон берди. 1950 йилда ГФР Европа Кенгаши аъзосига айланди ва Европа интеграцияси лойиҳаларига бағишланган музокораларда фаол қатнаша бошлади. Аденауэр Вашингтон билан ўрнатилган алоқалардан Франциянинг тарихий рақибига нисбатан шубҳаланишини бартараф этишда усталик билан фойдаланди. У Ғарбий Европа мамлакатларининг ҳарбий-сиёсий бирлашиш ғояларини қувватлар ва бу ғояларнинг амалга оширилишини Германия суверенитетининг тикланишига боғларди. Бу борада энг муҳим эришиш “Плевен режаси”га кўра “Европа мудофаа жамияти”ни тузиш ҳақидаги музокоралар бўлди. Бу лойиҳада ГФРнинг қатнашишига 1952 йилда АҚШ, Англия, Франция ва ГФР давлатлари ўртасида Боннда имзоланган ва оккупацион статутнинг ўрнини босган шартноманинг имзоланишидан кейин йўл очилди. Унда оккупацион режимнинг бекор қилиниши, ГФРга ички ва ташқи ишларда мустақиллик бериш эътироф қилинганди. Бироқ АҚШ, Англия ва Франция Ғарбий Германия ҳудудида ўз қўшинларини сақлаб туриш ҳамда Ғарбий Берлинни назорат қилиш ҳуқуқларини сақлаб қолган эди.
1955 йилда ГФР ҳукумати СССР билан муносабатларни нормаллаштиришга ҳаракат қилди. Иккала мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди, Аденауэр эса 1955 йилнинг сентябрь ойида Москвага расмий ташриф билан борди. Ғарбий Германиянинг бу дипломатик ҳаракати халқаро миқёсда Германия муаммосини ҳал қилишда ташаббусни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилиш билан изоҳланар эди. 1955 йили Женевада урушдан кейинги даврда илк бор АҚШ, Буюк Британия, Франция ва СССРнинг ҳукумат бошлиқлари учрашуви бўлиб ўтди ва унда Германиянинг бирлашиш истиқболлари муҳокама қилинди. Муҳокамалар боши берк кўчага кириб қолганлиги сабабли Германия муаммосини “немис халқининг миллий манфаатлари ва Европа хавфсизлигига мос равишда” ҳал этиш зарурлиги тўғрисида баёнот берилди. Аденауэрнинг Москвадаги музокоралари ҳам ҳеч қандай ижобий натижа бермади. Тез орада ГФР Шарқий Германияга зид бўлган энг қатъий чоралардан бирини амалга оширди. 1955 йилнинг декабр ойида “Хольштейн (ГФР Ташқи Ишлар Вазирининг котиби) доктринаси ” қабул қилинди, унга кўра ГФР ўзи билан алоқа ўрнатган давлатларни ГДРни тан олишдан воз кечишга чақирди. Оқибатда ГФР 1957 йилда Югославия билан, 1963 йилда Куба билан алоқаларни узди. 1961 йилдаги Берлин инқирози ГФРнинг СССР билан муносабатларининг ниҳоятда совуқлашишига олиб келди.
1955-1957 йилларда Саар муаммосининг мақбул ечими яъни унинг ГФРга қайтарилиши Франция билан яқинлашишга замин тайёрлади. Бу мамлакатлар 1957 йилдаги Европа ҳамжамиятини яратиш тўғрисидаги Рим шартномаларининг тайёрланиши ва имзоланишида катта роль ўйнади. Аденауэр Франция президенти Шарль де Голль билан яқин шахсий муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлди. Иккала раҳбарнинг 1960 йилда Рамбуйе, 1962 йил июлида Парижда учрашувлари, ҳамда 1962 йил сентябридаги Ш. де Голлнинг ГФРга тантанали ташрифи иккала мамлакатнинг стратегик иттифоқини расмийлаштириш имконини берди. 1963 йил январь ойида Франция ва ГФРнинг турли соҳаларда ҳамкорлик қилиши, ташқи сиёсатни тартибга солиш, мамлакат раҳбарлари (камида бир йилда 2 марта) ва ташқи ишлар ҳамда мудофаа вазирлари (уч ойда бир марта) иштирокида мунтазам маслаҳатлар олиб бориш тўғрисида шартнома имзоланди. Аденауэр Франция билан ҳамкорликда ГФРнинг халқаро мавқеи тикланишини кўрарди:”Европанинг ҳеч қандай сиёсати Франция иштирокисиз ёки Францияга қарши бўлмаслиги каби, Германиясиз ёки Германияга қарши ҳам ҳеч қандай Европа сиёсати бўлиши мумкин эмас” дер эди.




Download 137.93 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling