Йилларда германия. 1-§. Германияда маъмурий-ҳудудий бошқарув тизими


Немис “Фаравонлик давлати”нинг гуллаб яшнаши ва инқирози


Download 137.93 Kb.
bet10/15
Sana22.10.2023
Hajmi137.93 Kb.
#1716455
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
Bog'liq
Германия 1945-2023

Немис “Фаравонлик давлати”нинг гуллаб яшнаши ва инқирози.
ХХ аср 60-йиллари бошига келиб Аденауэрнинг сиёсий обрўси туша бошлади. Унинг консервативлиги, ўзгалар фикрига тоқатсизлиги, шубҳа билан қараши ҳукуматнинг самарали ишлашига ҳалақит бера бошлади ва партия фаолиятида норозиликнинг авж ошишига сабаб бўлди. 1963 йил 23 апрелда Христиан Демократик Союз (ХДС) депутатлари фракцияси йиғилишида Эрхардни 87 ёшли канцлер К.Аденауэрнинг вориси деб қабул қилди. Эрхард демократ эди, баҳс-мунозаралардан бош тортмас ва Аденауэрнинг авторитар бошқарув усулларига қарши эди. 1963 йил 15 октябрда Аденауэр 14 йиллик канцлерликдан кейин истеъфога чиқди ва Бундестаг мажлисида Людвиг Эрхард федерал канцлер этиб сайланди. У ҳукуматнинг мақсади: ижтимоий тинчлик ва ҳамкорликка эришишга, умуммиллий манфаатларни амалга ошириш учун барча сиёсий кучларни бирлаштиришга даъват этишдир, деди. Натижада ривожланиш суръатлари 1961 йилда 5 % бўлган бўлса, 1964 йилдан бошлаб тараққиёт суръатлари илгариги “олтин ўн йиллик” даражасига етди. Бир йилнинг ўзида ЯММнинг ўсиши 9,5%ни ташкил этди. Бундай ўсишга ишчи ходимлар сонини ошириш ҳисобидан эмас, балки асосан меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобига эришилди. “Иқтисодий ўсиш”нинг давом этиши ниҳоятда юқори турмуш даражасини сақлаб қолишга имкон берди. 1966 йилда ўтказилган сўровларга кўра, немисларнинг 89% ўз даромадларидан қониқишларини, 45%и эса “керагидан ҳам ортиқроқ даромад қилаётганликларини”, атиги 10%и даромадлардан норози эканлигини айтди.
Христиан-демократик ҳаракатнинг ўсиб бораётган инқирози 1965 йилда бўлиб ўтган сайловларда аён бўлди. Сайловда 39,5% овоз ва 202 депутатлик мандатига эга бўлган ГСДП етакчилик қилди. ХДС фақатгина иккинчи ўринни олишга муваффақ бўлди. Уни сайловчиларнинг 38,1% сайлади, бу эса 196 мандатга эга бўлишга имкон берди. 9,5% овоз ва 49 тадан мандатга эга бўлган ХСС ва ЭДПларнинг қўллаб-қувватлаши ХДСга парламентда кўпчиликни сақлаб қолишга имкон берди. Аммо бу коалициянинг сиёсий барқарорлиги сусайиб борарди.
Ташқи сиёсатга оид масалаларда Эрхард “центристик” позицияни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. У 1963 йилда АҚШ таклиф қилинган НАТОнинг кўп миллатли ядро кучлари ғоясини қўллаб-қувватлади ва ГФР ҳудудида НАТО мамлакатларининг ҳарбий иштирокини сақлаб қолишга ҳаракат қиларди. “Атлантик якдиллик” тамойили Боннинг ташқи сиёсатидаги устивор йўналиш деб ҳисобланди. Аммо шу билан бир вақтда Эрхард 1963 йил августида СССР, Буюк Британия ва АҚШнинг атмосфера, космик кенглик ва сув остида ядро синовларини тўхтатиш тўғрисидаги Москва шартномасига ҳам ижобий баҳо берди. 1966 йилда Эрхард ҳукумати Бундестагга қуросизланиш тўғрисидаги халқаро келишув лойиҳасини тақдим этди. Аммо лойиҳа парламентда кўпчилик томонидан маъқулланмади. Эрхард ГФРдаги барча етакчи сиёсий кучларни қаноатлантурувчи Умумгермания муаммоси ечимини ҳам топа олмади.
1966 йилда Эрхард ҳукумати партия сафларидаги норозилик сабаб инқирозга юз тутди. Уни коррупция, порахўрлик, парламентдаги фракцияда тарқоқликка йўл қўйганликда ва партияда фаол ишлашдан воз кечганликда айблади. Эрхарднинг солиқларни ошириш тўғрисидаги таклифи Озод Демократик Партия вакиллари томонидан рад этилди. Бу ҳукумат инқирозига сабаб бўлди. 1966 йил 1 декабрда Эрхард истеъфога чиқди. Унинг ўрнини христиан демократларнинг янги раҳбари Курт Кизингер эгаллади. Ҳукумат таркибига илк бор ГФРдаги барча етакчи сиёсий партиялар вакиллари киритилди. Вице-канцлер ва ташқи ишлар вазирлиги лавозимларини Германия Социал Демократик партияси раиси В.Брандт эгаллади. ХСС раҳбари Ф.Й.Штраус эса молия вазири бўлди. Ўзига хос ҳукумат блоки “катта коалиция” деган ном олди.
Кизингер ўзига хос иш қобилиятига эгалиги ва ишбилармонлиги билан ажралиб турган яхши таҳлилчи эди. У иқтисодиёт вазири Шиллер ва молия вазири Штраусларнинг самарали ҳамкорлик қилишига эришди. 1967 йилдаги “Барқарорлик ва иқтисодиётни жонлантиришга ёрдам бериш тўғрисидаги қонун” ишлаб чиқилди. Унинг асосчиси Шиллер эди. Штраус ўз навбатида режалаштиришнинг асосий мақсади бюджет-молиялаш тизими барқарорлиги, инфляция жараёнларини олдини олиш, нарх белгилаш жараёни барқарорлигини таъминлашга муваффақ бўлди. Бу кўрсаткичлар режалаштиришнинг мазкур немисча варианти француз ва инглизлар тажрибасидан фарқланишини кўрсатарди. Микроиқтисодиётни тартибга солиш соҳасида Шиллер-Штраус дастури Эрхарднинг ижтимоий бозор хўжалиги ғоясига мос тушар эди. Ҳукумат фаоллиги иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларининг яхшиланишига сабаб бўлди. 1968 ва 1969 йилларга келиб саноат ўсишининг илгариги суръатлари тикланган эди (11,8% ва 12,9%). Молиявий бозор мустаҳкамлиги ҳамда ҳукуматнинг энг кўп зарар кўрган соҳаларга (қурилиш, металлургия, машинасозлик) қаратилган кредит сиёсати бунга ижобий таъсир кўрсатди. Охирги ўн йиллик давомида ишлаб чиқаришда фан ва техника ютуқларининг кенг жорий этилиши саноатда қайта қуришни тугаланиши ва экспортнинг тез ўсишида катта аҳамиятга эга бўлди. Энг янги соҳалар, айниқса, электроника, кимё ва атом энергетикаси соҳалари жадал ривожланди. 60-йилларнинг охирига келиб ЕИҲ мамлакатларига Ғарбий Германия экспортининг 47% ва импортининг 53% тўғри келди.
“Катта коалиция” хукумати даврида ГФРнинг Европа Ҳамжамиятида шериклар билан сиёсий муносабатлари ҳам анча мустаҳкамланди. Ташқи сиёсатда Шарқий Европага оид масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. ГСДПнинг янги раҳбарлари, В.Брандт, Г.Венер ва Г.Шмидтлар “дўстлик кўприклари” ўрнатиш сиёсатини, СССР ва бошқа социалистик мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш, Умумгермания муаммосини ўзаро келишувлар орқали ҳал қилишни кун тартибига қўйди. Уларнинг сайъи харакатлари туфайли ГДР ҳукумати билан дастлабки алоқалар ўрнатилди, Югославия билан дипломатик муносабатлар тикланди, Руминия билан иқтисодий алоқалар кучайтирилди. ГФР бу йиллар давомида ғарб мамлакатлари ичида СССРнинг асосий экспортчисига айланди. Аммо бу қадамлар ҳукуматнинг консерватив кайфиятдаги қисмининг қаршилигига учради.
“Катта коалиция” партиялари ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг ошиб боришига канцлер атрофидаги можаро сабаб бўлди. Кизингер нацист режими даврида ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий ташвиқот бўлимида ишлаган эди. ХДС раҳбари таржимаи ҳолидаги бу саҳифалар кенг оммага маълум қилинди. Мамлакат бир-бирига қарама-қарши лагерга бўлиниб қолди: тоталитар (мустабид) тузум давр талаби эканлигини тан олиб, яқин ўтмиш билан муроса қилувчилар ва тарихий хотирага нисбатан бутунлай муросасиз бўлганлар лагерларига. Кизингер атрофидаги шов-шувлар “айсберг чўққиси” эди, холос. 60-йиллар охирида ГФРни ижтимоий норозилик қамраб олди.
ГФРдаги “60-йиллар инқирози”нинг ўзига хослиги унинг сиёсийлашганида эди. 1967-1968 йилларда ГФР университетларида талабаларнинг норозилик ҳаракатлари бошланди. Ёшлар таълим тизимида ислоҳ қилинишини талаб қилар, қотиб қолган бюргерча ғояларнинг мажбурий сингдирилишига, сиёсатнинг консервативлигига қарши норозилик билдирар эди. Тез орада талабалар ҳаракати сиёсий тус олиб борди. АҚШнинг Вьетнамдаги уруши, Бонн ҳукуматининг Африка ва Яқин Шарқдаги диктатура режимлари билан ҳамкорлигига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Талабалар ичида атроф-муҳит ҳимоячилари - “яшиллар” ҳаракати шакллана бошлади. “Янги сўл” ғоялари билан бирга маоизм, троцкизм, анархизм каби назариялар ҳам кучайиб борди. 60-йиллар охирида ёшларнинг илк террорчилик гуруҳлари шакллана бошлади. Улар ичида энг машҳури “Қизил Армия Фракцияси” (ҚАФ) эди. У 1968 йилда полиция ҳаракатларига норозилик сифатида Фракфуртда ташкил этилган эди. “Қизил Армия Фракцияси” мамлакатда пролетар коммунистик инқилобни амалга оширишни мақсад қилиб қўйди. Сўл радикаллар мақсадларига эришиши учун мамлакатда террорчилик ҳаракатларини амалга ошириб турарди. Шу билан бирга 60-йиллар охирида ГФРда миллатчилик, неонацистик характерга эга бўлган ўнг радикал ҳаракатлар ҳам пайдо бўлди. 1964 йилда миллатчилик кайфиятдаги Германия Миллий-Демократик Партияси (ГМДП) ташкил топди. Уч йил ичида унинг аъзолари сони 40 000 тага етди. 1967 йилдан партияга Адольф Тадден бош бўлди. Кизингер хукумати сиёсий радикализмга қарши кураш чораларини кўрди. Полиция томонидан норозилик ҳаракатларини шафқатсизлик билан бостирди. Бундестаг муҳокамасига “Фавқулодда ҳолат” жорий этиш масаласини киритди. 60-йиллар охиридаги ижтимоий-сиёсий инқироз “катта коалиция”да инқирозни келтириб чиқарди. Бу сиёсий уюшма муваққат эди ва унинг иштирокчилари навбатдаги парламент сайловларига фаол тайёргарликни бошлашди. ГСДП раҳбарлари ижтимоий-иқтисодий ва ташқи сиёсатда чуқур тузатишлар қилишга тайёр эканликларини намойиш қилишди. В.Брандт партиянинг ислоҳотчилик қиёфасидан фаол фойдаланар, “ҳақиқатни гапириш”га, алдовлар ва консерватизимни тугатишга даъват этарди.
1969 йил 29 сентябрда бундестагга бўлган сайловлар социал-демократларга муваффақият келтирди. ГСДП 42,7% овоз ва 224 мандатга эга бўлди. ХДС 36,6% ва 193 мандат, ХСС -9,5% ва 49 мандатга эга бўлди. Ҳукуматни тузиш тақдири сайловчиларнинг 5,8 % овозини олган Эркин Демократик партияга боғлиқ бўлиб қолди. Натижада бу партия ГСДП билан коалицион ҳукумат тузишга рози бўлди. Мамлакатни 20 йил бошқарган ХДС ва ХСС ҳукуматдан четлаштирилди. В.Брандт бошчилигида ГСДП ва ЭДПнинг “Кичик каолиция” ҳукумати тузилди. “Социал либераллар коалициясига” таянган Вилли Брандт канцлерлик лавозимини эгаллади. ГСДПнинг сиёсий нуфузи ошганлигини 1969 йил мартидаги президентлик сайлови ҳам кўрсатди, ГСДПининг номзоди Г.Хайнеман президентликка сайланди.


Социал-либераллар давр”.
Вилли Брандт Ғарбий Германия ва Европа социал -демократияси етакчиси, ўтмишда нацистлар ҳукмронлиги даврида мухожирликда яшаган журналист, урушдан кейин Ғарбий Берлин бургомистри ва сиёсатда немислар учун “ёқимли шамол” олиб келган шахс сифатида танилган эди. Брандт жамиятнинг муаммолари тўғрисида очиқчасига гапира бошлаган, сиёсатга ошкоралик ва ойдинлик руҳини олиб кирган ГФРнинг биринчи давлат раҳбарларидан эди. Ўзидан олдинги раҳбарларга хос консерватизм унга бегона эди ва ижтимоий ислоҳотларни жамият тараққиёти динамикасини таъминлашнинг энг самарали усули деб ҳисобларди.
Брандт 18 ёшдан ошган фуқароларга сайлов ҳуқуқини берувчи сайлов ислоҳоти ўтказди, олий таълим тизимини ислоҳ қилишни бошланди. 1971 йилда стипендия билан таъминлаш ва бепул таълим олиш, илмий даражаларни ҳимоя қилишга кўмаклашиш тўғрисида федерал қонунлар қабул қилинди. 1972 йилда қабул қилинган “Давлат хизматида антиконституцион кучларга муносабат тўғрисидаги Низомга” мувофиқ экстремистик (ўнг ёки сўл) кайфиятда бўлган шахсларга таълим муассасаларида ишлаш, ҳамда бошқа ижтимоий лавозимларда ишлаш таъқиқланди. Брандт маъмурияти ижтимоий ҳимоя дастурларини анча кенгайтирди. 1970 йилда болаларга ижтимоий тўловлар, кам таъминланган оилаларга уй-жойлар учун дотациялар ҳажмини ошириш тўғрисидаги қонунлар, 1971 йилда талабалар ва ўқитувчиларни мажбурий суғурта қилиш амалиётини кенгайтирувчи “Ижтимоий суғурта тизими тўғрисидаги қонун”, 1972 йилда “Нафақани ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун”лар қабул қилиндики, булар мамлакатда ҳаётида ижобий роль ўйнади.
Капиталистик дунёдаги инфиляция туфайли ГФРда қатор қийинчиликлар юз берди. Саноатнинг ўсиш суръати секинлашди (Масалан, 1969 йилда 13 %, 1970 йилда 5,7 %, 1971 йилда 1,6 % ўсди). Лекин саноат ишлаб чиқариши жиҳатидан дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринда, Ғарбий Европада биринчи ўринда қолаверди. ГФРнинг дунёда саноат маҳсулотлари ҳиссаси 9,7 %ни ташкил этди. Ташқи савдо ҳажми жиҳатидан дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турди. “Ислоҳотчи канцлер” фикрича, Германиянинг хориж мамлакатлари билан муносабатларини тубдан янгилаш пайти келган эди. Брандт “Европа халқларининг немислар олдида тарихий қўрқувига” барҳам берувчи инсонпарварлик маданий алоқаларни фаоллаштиришга катта эътибор берди. Ғарбий Германия дипломатияси жумладан Европа ҳамжамияти таркибини янада кенгайтириш, энг асосийси Европа Шарқида “кўприклар барпо этиш”дан иборат бўлиб қолди.
Брандт ҳукумати СССР, Польша ва Чехословакия билан кенг музокоралар олиб борди. Бу музокоралар “Шарқий шартномалар” (1970 йил 12 августдаги Москва шартномаси, 1970 йил 7 декабрдаги Варшава шартномаси, 1973 йил 11-декабрдаги Прага шартномаси)нинг имзоланиши билан якунланди. Бу шартномалар иштирокчилари урушдан кейинги чегараларнинг бузилмаслигини (жумладан, Одер-Нейсе дарёлари бўйлаб чегараларнинг ҳам) эътироф этар, ҳудудий даъволардан ва халқаро муносабатларда куч ишлатишдан воз кечишни кўзда тутар эди.
1971 йил ноябрда Ғарбий Берлин мақоми бўйича, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва СССР ўртасида тўрт томонлама битим имзоланди. 1972 йилда кучга кирган ва Ғарбий Берлин масаласида куч ишлатишдан воз кечишни, урушдан кейин тузилган шартномалар асосида Ғарбий Берлин мақомини белгилашда катта катта аҳамиятга эга бўлди. Битимда Ғарбий Берлин ГФР ҳудудининг бир қисми эмас деб ҳисобланди. Фуқароларнинг битимда Транзит ҳаракатланиш, транспорт, телефон ва телеграф алоқалари масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур масалалар бўйича ГДР, Ғарбий Берлин ва ГФРнинг тегишли муассасалари ўртасида уч томонлама муносабатлар механизми белгиланди. Ғарбий Берлин шаҳри хавфсизлиги ва мавқеига боғлиқ бўлмаган масалалар бўйича ГФР Ғарбий Берлин фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилувчи ваколат ҳуқуқига эга бўлди. Аммо ГФР Ғарбий Берлин хавфсизлиги ва мавқеи билан боғлиқ масалаларга аралашмайдиган бўлди, бундай ҳолларда Ғарбий Берлин номидан халқаро миқёсда АҚШ, Буюк Британия ва Франция иш кўрадиган бўлди.
Ғарбий Берлин мавқеи бўйича муросали келишувнинг имзоланиши ГДР ва ГФР ўртасидаги муносабатлар асослари бўйича Шартнома имзолашга туртки бўлди (1972 йил 21 декабр). ГДР Бонн ҳукумати томонидан суверен мустақил давлат деб тан олинди. Иккала томон яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, суверенитет, чегаралар дахлсизлиги ва дискриминация (камситиш)га йўл қўймаслик тамойилларига амал қиладиган бўлди. Шартномада кўрсатилишича бир немис давлати иккинчиси номидан халқаро соҳада иш юрита олмайди. 1973 йилда ГДР ва ГФР БМТга аъзоликка қабул қилинди. Брандтнинг ташқи сиёсати мухолифот кучларнинг ғазабини қўзғатди Биринчи хужум 1972 йил 27 апрелда бўлиб ўтди, унда ХДС ва ХСС депутатлари Бундестагда Брандтга расмий ишончсизлик вотуми билдиришди ва канцлер лавозимига христиан демократларнинг янги раҳбари Райнер Барцел номзодини таклиф этди. Аммо мухолифот кучлар ғалабаси учун икки овоз етмади. Бир кундан кейин бюджет лойиҳасини овозга қўйиш жараёнида овозлар тенглиги (247:247) кузатилди. Бундай вазиятда Брандт ўзининг бундестагни тарқатиб юбориш ҳуқуқидан фойдаланди. Янги сайловлар 1972 йил 19 ноябрда рўй бўлди. Брандт коалициясининг ишончли ғалабаси билан якунланди. ГСДПни сайловчиларнинг 45,8%и қўллаб-қувватлади ва бу уларга 230 та мандат тақдим этди. 8,4% овоз ва 41 мандатга эга бўлган Эркин Демократик партия ўз мавқеини анча мустаҳкамлаб олди. Христиан Демократик Союз (ХДС) 35,2% овоз ва 177 мандатга, Христиан Социал Союз ХСС эса 3,7% овоз ва 48 мандатга эга бўлди.
Социал либераллар коалицияси нуфузига таъсир қила олмаган мухолифот кучлар канцлерга қарши шов-шувли айблов бошлаб юборди. Брандт таржимаи ҳолидаги турли фактлар, унинг обрўсизланган давлат ва жамоат арбоблари билан бўлган ўтмишдаги алоқалари муҳокама қилинди. Ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатда йўл қўйган хатолари ҳам муҳокама қилинди. Муаммо ечими канцлерВ.Брандт референти М.Гийомнинг ГДР махсус хизматлари агенти эканлиги фош бўлгандан кейин ўз ечимини топди. Тергов жараёнида В.Брандтнинг Норвегияга қилган расмий сафари вақтида Гийом Брандтнинг қизлар билан учрашувини ташкил қилганлиги маълум бўлди. 1974 йил 5 майда Брандт истеъфо берди. Унинг жойини ГСДП вакили Гельмут Шмидт эгаллади. ЭДПнинг раҳбари ҳам ўзгарди. Шеель президентликка сайлангандан сўнг ЭДП партия раҳбари Ганс Дитрих Геншер бўлди. Ҳукуматда Геншер вице-канцлер ва ташқи ишлар вазири лавозимларини эгаллади. Социал-либерал коалициянинг сиёсий раҳбарияти янада мўътадил ва прагматик характерга эга бўлди. “Темир канцлер” лақабини олган Шмидтнинг қаттиқ ва жиддий, раҳбарлик услуби ислоҳотчилик романтизми даврини ўз ниҳоясига етказди.
Шмидт ҳукуматининг фаолияти ниҳоятда мураккаб иқтисодий вазият даврига тўғри келди. 1974 йилдан Ғарбнинг етакчи мамлакатларида бошланган иқтисодий инқироз ГФРга ҳам таъсир қилмай қолмади. 1974 йилда ГФРда ЯИМ 4%га, саноат ишлаб чиқариш даражаси 7,5%га пасайди. Ишсизлар 1,2 миллион кишидан ошди. Аммо 1975 йилдан вазият барқарорлашди, 1977 йилга келиб ГФР иқтисодиёти инқироздан олдинги даражадан ўтиб кетди. Умуман инқироз йилларида ГФР Ғарбнинг бошқа етакчи мамлакатларига нисбатан камроқ зарар кўрди. Ғарбий Германия иқтисодиётининг самарадорлиги, шунингдек ҳукуматнинг муваффақиятли сайъи ҳаракатлари бунга омил бўлди.
Шмидтнинг инқирозга қарши дастурида саноатни тубдан структуравий янгилаш, меҳнат муносабатларини яхшилаш, молия тизимини мустаҳкамлаш кўзда тутилган эди. Ҳукумат давлат томонидан режалаштиришнинг кенг амалиётидан ва ва тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга маблағ қўйишдан воз кечди. Асосий эътибор эркин тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилди (80-йилларнинг бошларига келиб солиққа тортиш умумий даражаси чоракка камайди). Кичик ва ўрта бизнесни кредит орқали қўллаб-қувватлашга эътибор берилди. 70-йилларнинг ўрталарида ГФРда 1,9 миллионга яқин кичик тадбиркорлар мавжуд бўлиб, ҳукумат сиёсати туфайли инқироз йилларида ҳам ўса борди. 1982 йилнинг бошида иш беришнинг янги тартиби жорий этилди, - маоши фарқланувчи ва қаттиқ аттестация қоидаларига асосланган бешта малакавий категория (тоифа)лар ташкил қилинди. Ҳукумат ишсизларни иш билан таъминлаш тизимини яхшилашга ҳаракат қилди, аммо ишсизлик нафақасини оширишдан воз кечди. Бу йилларда ишсизлик даражаси ишга яроқли аҳолининг 4-4,5%ини (1 миллион киши) ташкил этди. Бу кўрсаткич Ғарбнинг бошқа етакчи мамлакатларига нисбатан анча паст эди.
1975 йилда “Бюджет тизимини яхшилаш” тўғрисида қонун қабул қилинди. Унга кўра ижтимоий дастурларга бюджетдан ажратиладиган харажатлар қисқартирилди. Нафақа ва суғурта фондларини молиялашда жисмоний шахсларнинг улуши ниҳоятда кучайди. Мамлакатда молиявий тизимнинг барқарорлиги ҳукумат сиёсатининг энг устувор йўналиши бўлиб қолди. 70-йилларнинг иккинчи ярмида олтин-валюта заҳираларини кўпайтиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилди. Натижада олтин захираси 40 миллиард маркани ташкил этди. АҚШ долларига нисбатан марка курси 1972-1979 йилларда 85%га, француз франкига нисбатан - 48% га, фунт стерлингга нисбатан - 98% га ошди. Марка халқаро ҳисоб-китобларнинг кенг тарқалган воситасига айланди ва турли мамлакатларнинг валюта заҳираларидан жой олди.
Глобал дунёвий сиёсат масалаларида Шмидт ҳукумати “мувозанат стратегияси” га амал қилди. 1975 йилда ГФР Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Хельсинки йиғилиши қарорларига қўшилди. 1978 йилда Боннга СССР давлат бошлиғи Л.Брежнев ташриф буюрди, икки йилдан сўнг ГФР ҳукумат делегациясининг Москвага жавоб ташрифида эса иккала мамлакат ўртасида илк бор ҳамкорлик тўғрисида узоқ муддатли шартнома имзоланди. Шмидт бир вақтнинг ўзида АҚШ билан ҳам яқинлашишга ҳаракат қилди. 1974 йилда НАТОнинг Брюссельдаги сессияси томонидан ҳарбий блок доирасида янада тенг ҳуқуқли шерик бўлишга эришишни кўзда тутилган Атлантик муносабатлар тўғрисида янги Декларациянинг қабул қилиниши катта аҳамиятга эга бўлди. 1976 йилда ГФР ўз ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий қисмлар таъминоти учун бериладиган тўловларни тўхтатишга эришди.
Шарқий Европа мамлакатлари ҳудудида СС-20 типидаги совет ракеталарининг жойлаштирилишидан сўнг ГФР НАТОнинг ядро қуролларини янгилашни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этди. Бироқ натижа Ғарбий Германия дипломатияси кутганидан ошиб тушди. АҚШ Ғарбий Европада ўрта ва кичик масофали ядро ракеталарнинг янги синфини жойлаштиришни талаб қила бошлади. Натижада НАТОнинг 1979 йилги Брюссель сессиясида қарор қабул қилинди. Қарорда Ғарбий Германия ҳудудида АҚШнинг 108 та “Першинг-2” ва 96 та қанотли ракеталарини жойлаштириш кўзда тутилди. 1979 йил охирига келиб халқаро вазият янада кескинлашди. ГФР НАТОдаги шериклари билан биргаликда СССРнинг Афғонистонга интервенциясини (агрессиясини) кескин қаролади. Немис спортчиларига Москвада бўлиб ўтадиган 1980 йил олимпиадасига қатнашмасликка кўрсатма берилди. Аммо, бундай чоралар Шмидтга 1980 йилнинг ёзида Москвага ташриф буюриб халқаро хавфсизлик масаласи бўйича Совет-Америка музокораларини бошлашда воситачилик қилишга халақит бермади. Ғарбий Германия дипломатияси 1981 йил Женевада бошланган Совет-Америка музокораларини қўллаб-қувватлади.
Шмидт ҳукумати бутун 70-йилларнинг иккинчи ярми давомида мамлакатда сиёсий барқарорликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. 1976 ва 1980 йиллардаги парламент сайловлари социал-либерал коалициянинг устунлигини яққол намойиш этди. ГСДП мамлакатда йирик партиялигича қолиб, 1976 йилда 42,6% овоз ва 214 мандат, 1980 йилда эса 42,9% овоз ва 218 мандатга эга бўлди.
ЭДПнинг мавқеи янада мустаҳкамланди. Эркин демократлар 1976 йилда 7,6% овоз ва 39 мандатга, 1980 йилда эса 10,3% овоз ва 52 мандатга эга бўлдилар.Аммо партияда ички вазият кескинлаша борди. Унинг сўл қаноти ГСДП билан иттифоқни фаоллик билан ҳимоя қиларди. Аммо Геншер 1977 йилда янги каолицион тактикани таклиф этди. Парламентда социал-демократлар билан ҳамкорликни давом эттириб, бир қатор ерларда ландтаг сайловларида ХДС билан коалиция тузиб иштирок этди. Бундай сиёсат “партия фронтларини юмшатиш” деб номланди. Ниҳоят, ЭДПнинг ўнг қаноти (“иқтисодий” қанот) Х.Фридерикс, М.Бангеман ва О.Ламбсдорфлар томонидан бошқарилар ва ХДС/ХСС билан коалиция тузишга ва билан бутунлай бирлашишга чақирди. Бу қарор 1981 йилда Кельндаги ЭДП партия съездида кўпчилик томонидан маъқулланди, бу эса ҳукмрон социал-либерал коалицияни анча сусайтирди.
ХДС/ХСС блоки илгаригидек парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил этар, аммо ҳозирча ўз ҳукуматини тузиш учун етарли кучга эга эмас эди. Иккита Христиан демократик партияларнинг ўзаро муносабати ҳам мураккаблигича қолмоқда эди. 1976 йилдаги сайловларда ХДС 38% овоз ва 190 мандат, ХСС эса 10,6% овоз ва 53 мандатга эга бўлган эди. ХДСнинг Гамбургдаги (1973 йил ноябрида бўлиб ўтган) съездида сайланган янги раҳбар Гельмут Коль партиянинг мафкуравий пойдеворини янгилашни эндигина бошлаган эди. ХДСнинг янгиланган концепциясининг дастлабки тамойили 1978 йилда қабул қилинган “Тамойиллар дастури”да намоён бўлди. Дастурда Атлантик якдиллик ва ЕХҲК (Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгаши) байроғи остида Бутун Европа хавфсизлигини мустаҳкамлаш муҳимлиги эътироф этилганди. Дастурда Германия масаласи “очиқ” деб эълон қилинган бўлсада бироқ ГФР ва ГДР ўртасида тузилган барча битимларга риоя қилиш зарурлиги таъкидланганди. Христиан демократ К.Карстеннинг 1979 йилда президент этиб сайланишида Кольнинг қўллаб-қувватлаши муҳим роль ўйнади.
ХДСдаги чуқур ташкилий ва мафкуравий қайта қуриш Ф.Й.Штраус томонидан бутун коалиция раҳбарлиги учун ҳал қилувчи курашни бошлашга чақириқ бўлди. 1976 йилдаги ХСС дастурида христиан демократиянинг анъанавий ғояларига эътибор қаратилди. ХСС тартиб интизом, барқарорлик ва жавобгарлик ғояларига содиқ қолган “халқ партияси” деб эътироф этилди. Ташқи сиёсий доктрина илгаригидек айирмачилик характерига эга бўлиб, халқаро сиёсатда Ғарб ва Шарқни бир-бирига қарама-қарши қўйишга асосланган эди. Кескин европапарастлик Шимолий Атлантика уюшмасига содиқлик билан уйғунлашган эди. Штраус 1979 йил ёзида ХДС/ХСС номидан ўз номзодини канцлерлик лавозимига кўрсатди. Аммо 1980 йилдаги сайловлар христиан демократларга яна мағлубият келтирди. ГФРда 70-йиллар охиридаги ички сиёсий вазиятнинг ўзига хос хусусияти “парламентдан ташқари мухолифот” кучларнинг фаоллашишида кўринди. Мамлакатда ядро қуролининг жойлаштирилишига қарши ҳаракат тобора кенг қулоч ёзди. Терроризм хавфи ҳам жиддийлигича қолмоқда эди. Қизил Армия Фракцияси жангариларининг ҳаракати фаоллашди. Ғарбий Германияда “яшиллар” ҳаракати ҳам тез кучая борди. Бу йўналишдаги биринчи партия 1977 йил май ойида қуйи Саксонияда таъсис этилди. 1978-1979 йилларда “яшил” партиялар Бавария, Бремен, Гамбург, Баден-Вюртемберг ва Гессенда пайдо бўлди. 1979 йил июнида Ғарбий Германия “яшиллари” “махсус сиёсий уюшма -яшиллар” иттифоқини тузиб, Европа парламентига сайловларда ўз номзодларни кўрсатди (ва 3,2% овозга эга бўлди). 1880 йилнинг январ ойида Карлсруэда “федерал яшиллар партияси”нинг таъсис съезди бўлиб ўтди.
Мамлакатдаги сиёсий вазият социал-либераллар коалициясининг сақланиб қолишига имкон берди. Бироқ, 1980-1982 йилларга келиб ҳукумат аҳвол ёмонлаша бошлади. Ғарбнинг барча ривожланган мамлакатларида бошланган инқироз ГФРга жиддий таъсир кўрсатд. Ишсизлик 9% (2,5 млн. киши)ни ташкил этди. Бюджет танқислиги икки баравар ошди. Урушдан кейинги даврда биринчи марта Ғарбий Германияда саноат ва молия корхоналарининг касодга учраши (банкрот) рўй берди. Либерал коалицияда парчаланиш юз берди.
1982 йил апрелда бўлиб ўтган ГСДП съезди Шмидтнинг ўз партияси қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлганлигини кўрсатди. Съезд делегатларининг сўл кўпчилиги бандликни ошириш, давлат саноат инвестицияларини ошириш, ишбилармонларнинг солиқ имтиёзларини қисқартириш бўйича кенг дастурларни амалга оширишни талаб қиларди. Ечим 1982 йил июлида янги йил бюджети муҳокама қилинаётганда қўлга киритилди. ЭДПнинг “иқтисодий” гуруҳи бюджетнинг барча харажатларини 5-10%га қисқартириш, ишсизлик учун нафақа тўлаш муддатини қисқартириш, нафақа фондини молиялашда давлат улушини камайтириш, уй-жой тўлови даражасини тартибга солишдан воз кечиш, стипендиялардан қисман ўқиш учун кредит беришга ўтишни кўзда тутган ўз инқироздан чиқиш лойиҳасини тақдим этди. ГСДП раҳбарияти бу лойиҳага салбий муносабатда бўлганлиги сабабли ҳукумат фалажланиб қолди. Шмидтнинг муросага келишга уринишлари зое кетди. 1982 йил сентябрда ЭДП ГСДП билан тузилган коалициядан чиққанлигини маълум қилди. 1 октябрда овоз бериш пайтида Шмидтга билдирилган ишончсизликни вотумини қўллаб-қувватлади. Социал демократларнинг коалицион ҳукумати мағлубиятга учради ва ҳукумат тепасига ХДС раҳбари Гельмут Коль келди.



Download 137.93 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling