Йилларда германия. 1-§. Германияда маъмурий-ҳудудий бошқарув тизими


йилги Берлин инқирози ва Германиянинг парчаланиши


Download 137.93 Kb.
bet7/15
Sana22.10.2023
Hajmi137.93 Kb.
#1716455
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15
Bog'liq
Германия 1945-2023

1948 йилги Берлин инқирози ва Германиянинг парчаланиши.
1947 йилнинг бошидаёқ Германиянинг тараққиёт йўллари масаласида иттифоқчилар ўртасидаги сиёсий музокора боши берк кўчага кириб қолгани яққол кўринди. Ташқи Ишлар Вазирликлари Кенгашининг 1947 йил март-апрель ойларида Москвада бўлган сессиясида Совет делегацияси тайёр маҳсулотларни репарация (товон) ҳисобига ундиришни яна кун тартибига қўйди. Унинг рақиблари товон ундиришни бас қилиш ва немисларга иқтисодий тизимни тиклашга имкон бериш лозимлигини айтишди. Баҳс-мунозара бирор аниқ натижага олиб келмади. ТИВКнинг навбатдаги 1947 йил декабрда Лондонда бўлган сессияси ҳам мутлақо натижасиз туради. Унда ҳаттоки кейинги сессияни қачон ва қаерда ўтказишга ҳам келишиб олинмади.
Германия масаласининг кескинлашиши СССРнинг товон ундириш масаласида қаттиқ туриб олишидан ташқари АҚШнинг ташқи сиёсатидаги ўзгаришига ҳам боғлиқ эди. “Трумэн доктринаси” туфайли СССР-АҚШ ўртасидаги қарама-қаршиликнинг бошланиши биринчи навбатда Европа мамлакатлари тақдирига салбий таъсир кўрсатди. АҚШ Европага ҳарбий блок стратегияси нуқтаи назаридан қарай бошлади. Бу йўналишдаги илк қадам “Европанинг тикланиши ва ривожланиши” (Маршалл режаси) дастурининг ишлаб чиқилиши бўлди. 1947 йилнинг июнида ишлаб чиқилган ва 1947 йил июлида Париж конференциясида кўрилган бу режа 1948 йил апрелда қонуний кучга кирди.
1948 йил январида Бизония вазирлар мажлисида ғарбий ерларда иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилинди. Олий суд ва Марказий Банк ташкил қилинди. Иқтисодий кенгаш ва директоратга бирлаштирилган марказий бошқармаларнинг вазифалари кенгайтирилди. Франция ҳукумати билан келишувга эришилди. Товон тўлаш ўрнига Францияга Саар вилояти ижарага берилди Франция ўзига тегишли оккупацион зонанинг АҚШ ва Англия оккупацион зоналари билан қўшилишига рози бўлди. 1948 йил февралида Тризония ташкил этилди. Саар вилояти 1957 йилгача яъни ГФР таркибига киритилгунга қадар Франция ихтиёрида қолди.
1948 йилнинг февраль-июнь ойларида Германия масаласи бўйича Лондон конференцияси бўлиб ўтди. Унда биринчи бор совет делегацияси иштирок этмади. Конференция янги Германия давлатининг конституциясини ишлаб чиқиш учун таъсис йиғилишини чақиришга қарор қилди. Ўша даврда АҚШ маъмурияти Маршалл режасини Германиянинг ғарбий оккупацион зоналарига жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу масалага оид шартномада таъкидланишича Ғарбий Германия иқтисодиётининг тикланиши “шахсий эркинлик”, “эркин бошқарув”, “соғлом иқтисодий муҳит”, “мустаҳкам хорижий алоқалар” ва “молиявий барқарорликни таъминлаш” тамойилларига асосланган Европа ривожланиш режасининг асосий қисми эди. Иқтисодий ислоҳот устидан АҚШ махсус органларининг назорат қилиши, немис бозорида божхона чеклашларини бекор қилиш, монополияга барҳам бериш сиёсатини давом эттиришни таъминланди. Маршалл режаси амалга оширила бошлаганининг биринчи йилидаёқ Ғарбий Германия АҚШдан 2,422 млрд доллар (бу кўрсаткич Франция ва Буюк Британия биргаликда олган маблағига тенг бўлиб, Италия олган маблағдан қарийб 3,5 баравар кўп) маблағ олди. Аммо Германияда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бир қисми қарзни қоплаш учун АҚШга жўнатилаётганлиги сабабли, даромаднинг 10%и (6,7 млрд.марка)си Германияда қолар эди.
Германияда иқтисодий ислоҳотни амалга оширишнинг асосий муаммоси “мустаҳкам валюта”ни яратиш, гиперинфляциянинг ҳалокатли оқибатларини бартараф этишдан иборат бўлди. 1947 йилдан бери Иқтисодий Кенгашда марказлашган режавий хўжалик ва монетор сиёсат тарафдорлари ўртасидаги қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда эди. Людвиг Эрхард раҳбарлигидаги бир гуруҳ мутахассислар қадрсизланган пулнинг катта ҳажмидан қутулишга қаратилган молиявий ислоҳот лойиҳасини тайёрлади. Эрхарднинг фикрича бундай ислоҳотни амалга ошириш ишлаб чиқаришни фаол рағбатлантириш ва истеъмолчиларнинг энг ночор қатламини ҳимоя қилиш, истеъмолчи бозорини барқарорлаштириш ва ишлаб чиқаришни йўналтиришга қаратилган бир қатор қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат. Дастлаб, АҚШнинг ушбу ислоҳотни барча 4 тала зонада амалга ошириш керак деган режаси натижа бермагач 1948 йилдан бошлаб кўзда тутилган ишлар фақат Тризония доирасида тайёрлана бошланди.
Ғарбий зоналарда пул ислоҳоти 1948 йил 20 июнда бошланди. Алмашишнинг расмий нисбати 10 рейхсмаркага 1 янги немис маркаси қилиб белгиланди (бундан ташқари ҳар бир фуқаро 1:1 курс бўйича 40 маркани алмаштира олиши мумкин эди). Аввалига алмаштирилган пулнинг фақатгина 5%ини қўлга олиш мумкин эди. Даромадларнинг қонунийлиги аниқлангач солиқ ҳукумати томонидан яна 20%, кейинчалик, 10% бериладиган бўлди. қолган 65% бекор қилинадиган бўлди. Алмашинув курсининг сўнги квотасига кўра 6,5, немис маркасига 100 рейхсмарка тўғри келди. Нафақа, ойлик маош, ижтимоий ёрдамлар 1:1 нисбатда қайта ҳисобланди. Давлатнинг барча олдинги қарзлари бекор қилинди. Шундай қилиб, катта пул ҳажми қисқартирилди. “Ишончли пуллар”нинг пайдо бўлиши “қора бозор”га барҳам берди ва бартер айирбошлашлар тизимини издан чиқарди.
Ислоҳот бошланишидан икки кун ўтгач марказлашган режалаштиришни бекор қилувчи ва нархларни эркинлаштирувчи қонун хужжатлари кучга киритилди. Аммо шу билан бир вақтда транспорт ва почта хизмати, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-жой нархлари устидан чекловчи назорат сақлаб қолинди. Аҳолини энг зарур моллар билан арзон нархларда таъминлашга қаратилган махсус “ҳар бир киши учун” дастури қабул қилинган эди. Эрхард монополиянинг энг ашаддий шаклларига йўл қўймаслик сиёсатини сақлаб қолиш, “давлат тадбиркорлиги” (жамият учун зарур бўлган хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришда, транспорт, энергетика, ахборот инфратузилмасини ривожлантиришда давлатнинг бевосита аралашуви) тизимини ривожлантиришни талаб қилишда давом этди. Бундай иқтисодий механизмни Эрхард жамият ва шахс манфаатларини бирдай қондирувчи “социал бозор хўжалиги” деб баҳолади.
1948 йилдаги муваффақиятли иқтисодий ислоҳот Германияда сиёсий вазиятнинг кескинлашуви билан бирга ўтди. Ғарбий зоналарда пулларни алмаштиришга тайёргарлик кетаётганлиги тўғрисида берилган маълумотларга қарамасдан Германиядаги Совет Ҳарбий Маъмурияти истеъмол бозорини издан чиқарувчи, қийматини йўқотган эски маркаларининг Шарқий Германияда пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилган ҳеч қандай чора кўрмади. Тўғри, 1946 йил 30 июнда ёпилган зоналараро чегара бунга тўсқинлик қилиши мумкин эди, аммо тўртта секторга бўлинган Берлин бундан мустасно эди. 1948 йил 24 июнда Совет қўшинлари Ғарбий Берлинни қуршаб олиб уни ғарбий зоналардан узиб қўйди. Бу ҳаракат кўпроқ сиёсий характерга эга эди. Шундай қилиб, Ғарбдан катта пул ҳажми оқиб келиши хавфи бартараф қилинди. Ғарбий Берлиннинг қамал қилиниши эса Ғарб мамлакатларига тазйиқ ўтказиш воситаси эди. Аммо бу ҳаракат кутилганидай эмас балки тескари натижага олиб келди.
Ғарбий Берлин аҳолисини қутқариш учун АҚШ ҳаво кўпригини барпо этди. Қамал даврида АҚШ самалётлари деярлик ҳар дақиқада Темпельхоф аэродромига қўниб турди. Ҳар куни шаҳарга 13000 тонна озиқ-овқат етказиб турилди. Бу олдинги ойлардаги маҳсулотларга нисбатан 3 марта кўп эди. Жавоб чораси сифатида Ғарб томони совет зонасига маҳсулот киритишга нисбатан тақиқ (эмбарго) жорий қилди. Кескин музокоралардан сўнг 1948 йил 30 августда Берлинда ғарбий маркани бекор қилиш тўғрисида тўрт томонлама битимга келинди. Аммо уни амалга ошириш техник сабабларга кўра узоққа чўзилди ва Ғарбий Германия давлатчилиги расмийлаша боргани сайин уни амалга ошириш амри маҳол бўлиб қолди.
Берлин муаммоси энг қизғин паллага кирганда 1948 йил 15-22 июлда Рюдесхаймда Ғарбий ерларнинг вазир-президентлари йиғилиши бўлиб, унда Берлин обер-бургомистри Эрнст Рейтер тезда Ғарбий Германия давлатини тузиб, унга Ғарбий Берлинни қўшишга даъват этди. Йиғилиш қатнашчилари 1948 йил 1 сентябрда таъсис мажлисини чақириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлашди. Аммо кейинчалик, айирмачилик тўғрисидаги баҳс-мунозаралардан қутулиш учун “таъсис мажлиси” ва “конституция” атамалари олиб ташланди.
1949 йил апрелда Вашингтонда, АҚШ, Англия ва Франция ташқи ишлар министрлари “оккупацион статут” (Низом)ни қабул қилдилар ва Ғарбий Германияда мавжуд 9 та земель (ўлка)дан иборат Германия Федератив Республикасини тузиш тўғрисида битим туздилар. 1949 йил 8 майда парламент кенгаши томонидан Германия Федератив Республикасининг асосий қонуни ишлаб чиқилди. Бу конститутция тарихга “Бонн Конститутция”си номи билан кирди. Бир вақтда Шарқий Германия давлатчилиги ҳам шакллана борди. 1947 йилдаёқ совет зонасида Немис Халқ Конгресси (НХК) фаолият кўрсата бошлаган эди. Унинг 1947 йил декабрида бўлиб ўтган биринчи сессиясида ягона Германия учун кенг оммавий ҳаракатни шакллантириш масаласи қўйилган эди. 1948 йилдаги иккинчи сессияда Немис Халқ Конгресси (НХК) барча немис ерларида Германиянинг ягоналиги тўғрисида референдумни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Аммо шу вақтнинг ўзида Немис Халқ Кенгаши (НХК) ҳам ташкил қилинди. У шарқий Германия давлати конституцияси лойиҳасини тузиш ваколатига эга бўлди. Конститутция лойиҳаси ГБСП вакиллари томонидан ишлаб чиқилди ва 1949 йил 19 мартдаги Немис Халқ Кенгаши (НХК) йиғилишида қабул қилинди. 1949 йилнинг 29-30 майида бўлиб ўтган Немис Халқ Кенгаши (НХК) учинчи сессияси Германия Демократик Республикаси конституциясини тасдиқлади. 1949 йил 7 октябр ГДР ташкил этилган кун бўлиб тарихга кирди Германиянинг парчаланиши ниҳоясига етди. 1949 йил май-июнида Ташқи Ишлар Вазирлари Кенгашининг Париж сессияси ҳам бу жараённинг олдини олиб қола олмади. Шундай қилиб, Германиянинг бўлиниб кетиши урушдан кейинги давр тарихидаги энг мураккаб муаммолардан бирига айланиб қолди.


Download 137.93 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling