Жиноят-процессуал кодексига


-БОБ. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИ ПРИНЦИПЛАРИ


Download 0.79 Mb.
bet13/491
Sana18.06.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1565152
TuriКодекс
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   491
Bog'liq
Jinoyat-protsessual kodeksiga sharh

2-БОБ. ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИ ПРИНЦИПЛАРИ


11-модда. Қонунийлик


Судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шу­нингдек, жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажариш­лари шарт.
Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

1. Конституция ва қонун устуворлиги мамлакатимизда жиноят-судлов ишларини юритиш соҳасида айниқса муҳим аҳамият касб этади.


Жиноят процессида қонунийлик принципининг моҳияти шундан иборатки, суриштирув, тергов, суд муҳокамаси ва про­цесснинг барча босқичларида амалга ошириладиган ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Жиноят-процес­суал кодекси ва бошқа қонунларига зид келмаслиги ва уларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
2. Ушбу принцип иш ҳолатларини ҳар томонлама ва объектив баҳолаш, ҳар бир жиноят ишини қонунга риоя қилган ҳолда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш, жиноят процесси иштирок­чиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, фуқароларни қонунни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга қаратилган.
3. Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органларининг мансабдор шахслари томонидан қонунийлик принципига амал қилиш уларнинг жиноят судловишларини юритишдаги мавжуд масалаларни ҳал қилиш ва самарали фаолият олиб бориш учун зарур шарт ҳисобланади. Шуни таъкидлаш лозимки, бу шахслар қонунийлик принципига амал қилиши ҳамда унинг бошқа шахслар томонидан бузилишининг олдини олиши ва қонуний­лик принципи бузилган ҳолларда тегишли чораларни амалга оширишлари лозим. Бу борада суриштирув, тергов, прокура­тура ва суд органларида жиноят иши бўйича суд процессига жалб қилинган шахсларнинг қонунда кўрсатилган ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек, уларнинг ўз процессуал мажбурият­ларини тўғри амалга оширишларини тушунтириб бериш ва таъминлаш мажбурияти юклатилганлиги қонунийлик принци­пининг амалга ошишини таъминлайдиган муҳим кафолатдир.
4. Қонунийлик принципи орқали инсон ва фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган асосий ҳуқуқ ва эр­кинликларига жиноят процессида риоя қилинишига эришилади.
Қонунийлик принципи, шунингдек, жиноят процессида қабул қилинадиган процессуал актларнинг мазмуни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ бўлиши лозимлигини билдиради.
5. Қонунларни бузиш учун жавобгарлик қонунийлик принципининг муҳим қисмидир. Қонунларни аниқ бажариш ва уларга риоя қилиш жиноят процессида иштирок этувчи ҳар бир шахс учун мажбурийдир. Чунки айнан жиноят процессида иштирок этувчи ҳар бир шахс ўзининг қонуний мажбурият­ларини бажариши орқалигина бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари амалга ошади.
6. Судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи жиноят про­цессини бошқарувчи, юритувни давлат хизматчиси сифатида ҳар бир процессуал қарорни чиқаришда ва ҳар қандай процес­суал ҳаракатни бошқаришда фақат қонунда кўрсатилган асос­лар, тартиб ва шартлар доирасида фаолият юритади. Ушбу Кодексда кўрсатилмаган усуллар ва воситалардан фойдаланиб иш юритиш мумкин эмас. Қонунда назарда тутилмаган йўллар билан эришилган маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш ман этилган. Бундай маълумотлар номақбул ҳисобланади.
Гумон қилинган шахс, айбланувчи, судланувчи, жабрланув­чи ва ишдан ҳуқуқий манфаатдор бошқа шахслар қонунга риоя қиладилар ва қонун тақиқламаган ҳар қандай воситалар ҳамда усуллар билан ўз манфаатларини ҳимоялашга ҳақлидирлар.



Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   491




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling