18-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш
Жиноят ишини юритиш учун масъулиятли барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт.
Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.
Суд ва прокурор қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этилган ёки қонун ёхуд суд ҳукмида назарда тутилганидан ортиқ муддат ҳибсда ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган ҳар қандай шахсни дарҳол озод қилиши шарт.
Фуқароларнинг шахсий ҳаёти, уларнинг турар жойлари дахлсизлиги, ўзаро ёзишмалари, телеграф алоқалари ва телефон орқали сўзлашувларининг сир сақланиши қонун билан қўриқланади.
Шахс эгаллаб турган турар жой ёки бошқа бино ва ҳудудда тинтув ўтказиш, олиб қўйиш, кўздан кечириш, алоқа муассасаларида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва уларни олиб қўйиш, телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилаётган сўзлашувларни эшитиб бориш фақат ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилиши мумкин.
Ишни юритиш жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш оқибатида унга етказилган зарар ушбу Кодексда белгиланган асослар ва тартибда ундирилиши лозим.
1. Таҳлил қилинаётган модданинг мазмуни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига асосланган бўлиб, унга кўра давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
2. Қонун жиноят ишини юритиш учун маъсул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслар рўйхатини белгилаган. Ушбу органлар ўзларига қонун билан юклатилган функциялардан ташқари, жиноят процессида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши учун масъулдирлар.
Жиноят‑процессуал қонунга биноан, жиноят ишини юритиш учун масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслар инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида қуйидаги мажбуриятларниамалга оширадилар:
‑қонуний асосларсиз мажбурлов чоралари қўлланган шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини дарҳол тиклаш;
‑жиноят процесси иштирокчиларининг ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишлари учун зарур бўлган шароит яратиш уларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур ҳимоячи ва таржимон билан таъминлаш;
‑жиноят процесси иштирокчиларининг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиб, қонуний ҳал қилиш.
3. Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишларидан бири сифатида, 2008 йил 1 январдан бошлабжиноят процессида шахсни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди.
Бу шубҳасиз, мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигига энг демократик давлатларнинг қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганган ҳолда, юртбошимиз ташаббуслари билан жорий қилинган, мазмун-моҳиятига кўра,инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини кўзловчи ижобий янгиликдир.
4. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш принципининг таркибий қисмларидан бири шундан иборатки, фуқаролар бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашда ўзларига етказилган зарарни давлат органлари ва мансабдор шахсларидан ундириб олишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |