26-модда. Далилларни бевосита ва оғзаки усулда текшириш
Жиноят ишини юритишни амалга оширишда суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларни бевосита текширишлари:
гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилишлари, эксперт хулосаларини эшитишлари, ашёвий далилларни кўздан кечиришлари, баённома ва бошқа ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари шарт. Ушбу Кодексда назарда тутилган алоҳида ҳоллардагина бу қоидалардан четга чиқишга йўл қўйилиши мумкин.
Суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқаради.
1. Ушбу принципга мувофиқ, жиноят ишини юритишда суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд далилларни бевосита текширишлари, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилишлари, экспертларнинг хулосаларини эшитишлари, ашёвийдалилларни кўздан кечиришлари, баённома ва бошқа ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари шарт.
2. Жиноят процессида бевоситалилик принципи оғзакилик билан узвий боғлангандир, уларни бир-биридан фарқлаш лозим. Судланувчи, жабрланувчи, гувоҳлар кўрсатувларининг суд томонидан бевосита идрок қилиниши уларни оғзаки усулда сўроқ қилишни назарда тутади.
Оғзакилик процесс субъектларининг ўзаро мулоқатда бўлиш шаклини белгилайди ва далилларни текшириш усули ҳисобланади. Оғзакилик принципига кўра ишга аҳамияти бўлган барча материаллар, ҳаракатлар, суд процессида вужудга келадиган барча саволлар оғзаки шаклда баён қилинади, муҳокама этилади ёки амалга оширилади, шунингдек, суд ўз ҳукмини кўриб чиқилган ҳамда муҳокама қилинган далиллар билангина асослайди. Судда оғзаки баён қилинмаган ва муҳокама этилмаган ҳужжатлар ҳукм учун асос бўла олмайди. Суд сўроқ қилинаётган шахсларнинг оғзаки кўрсатувларини эшитиши, баённома ва бошқа ҳужжатларни, тарафларнинг тушунтиришлари, илтимосномалари ва арзномаларини эшитиши ва муҳокама қилиши, тарафларнинг судда чиқишини ва судланувчининг сўнгги сўзини эшитиши, чиқарилган қарорни эълон қилиши керак. Суд муҳокамаси – судда оғзаки сўзлаш шаклида иш юритиш демакдир.
3. Кўрилаётган принципнинг амалий аҳамиятишундан иборатки, у суриштирувчи, терговчи ва судга иш юзасидан ҳақиқатни аниқлаш имконини таъминлайди. Шу сабабли қонун айрим ҳолларда бу қоидадан четга чиқишга рухсат беради. Жумладан, суд дастлабки терговда сўроқ қилинган, лекин суд мажлисига келмаган гувоҳларнинг кўрсатувларини ўқиб эшиттириш шарти билан уларнинг иштирокисиз ишни кўриши мумкин.
Оғзакилик принципи ошкоралик, судда ишнинг миллий тилда юритилиши, тортишув ва бевоситалик, ишга доир ҳолатларнинг ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиши ҳамда бошқа процессуал асосларнинг изчиллик билан амалга оширилишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |