Хатланган мол-мулк олиб қўйилиб, сақлаш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд бошқа ташкилот вакилига топширилиши мумкин.
Хатланган мол-мулк мулкдорга ёки мол-мулк эгасига, унинг вояга етган оила аъзоларидан бирига ёки бошқа шахсга сақлаб туриш учун қолдирилиб, унга ушбу мол-мулкнинг тўла-тўкис сақланиши учун қонунда назарда тутилган жавобгарлик тушунтирилади ва бу ҳақда ундан тилхат олинади.
Муомалада бўлиши ман қилинган ашёлар ҳар қандай ҳолларда ҳам олиб қўйилиши керак. Уларни сақлаш тартиби қонун билан белгиланади.
Банк муассасаларида сақланаётган пуллар, шунингдек, давлат заёми облигациялари, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар олиб қўйилмайди, лекин мол-мулк хатлангани тўғрисидаги қарорни ёки ажримни олиш биланоқ, уларни харжлаш операциялари тўхтатиб қўйилади.
1. Ушбу моддада хатланган мол-мулкни олиб қўйиш ва уни сақлашга қўйиладиган талаблар келтирилган. Уларга суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд оғишмай амал қилишлари даркор.
2. Модда талабига кўра хатланган мол-мулк мулкдорга ёки мол-мулк эгасига, унинг вояга етган оила аъзоларидан бирига ёки бошқа шахсга сақлаб туриш учун қолдирилиб, унга ушбу мол-мулкнинг тўла-тўкис сақланиши учун қонунда назарда тутилган жавобгарлик тушунтирилади ва бу ҳақда ундан тилхат олинади.
3. Агарда рўйхатга олиниб хатланган мулкнинг ўзлаштирилгани, бошқа шахсларга ўтказилгани ёки йўқ қилингани аниқланса, суд ушбу мулк ишониб топширилган шахсни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиши лозим (ЖКнинг167-моддаси).
4. Муомалада бўлиши ман қилинган ашёлар ҳар қандай ҳолларда ҳам олиб қўйилиши шарт. Уларни сақлаш тартиби қонун билан белгиланлигини эътибордан чиқармаслик керак.
5. Банк муассасаларида сақланаётган пуллар, шунингдек, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар олиб қўйилмасада, лекин мол-мулк хатлангани тўғрисидаги қарорни ёки ажримни олиш биланоқ, уларни харжлаш операцияларини тўхтатиб қўйиш чораси кечиктирилмай кўрилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |