Суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатида терговчи уларнинг турган жойи ҳамда кўрсатувлари ёки хулосалари ишнинг қайси саҳифасида баён қилинганлигини кўрсатади.
Жабрланувчилар, гувоҳлар, холислар ва процесснинг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, суд мажлисига чақирилиши лозим бўлган шахслар рўйхатида уларнинг тахаллуслари кўрсатилиши мумкин. Хавфсизлиги таъминланишига муҳтож бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар улар иштирокида ўтказилган тергов ҳаракатлари баённомаларининг кириш қисмлари билан бирга муҳрланган ҳолда судга тақдим этилади. Улар билан фақат айблов хулосасини тасдиқловчи прокурор ва ишни кўриб чиқувчи судья танишишлари мумкин.
1. Ушбу моддада айблов хулосасига илова қилинадиган асосий маълумотлар санаб ўтилган. Муайян жиноят ишлари бўйича яна қўшимча маълумотлар ҳам айблов хулосасига илова қилиниши мумкин. Жумладан, айбланувчиларнинг баъзилари қидирувда эканлиги, бетоблиги сабабли тиббий муассасада даъволанаётганлиги, гаров ким томонидан берилгани ва қаерда сақланаётгани, жабрланувчи ва айрим гувоҳлар хизмат сафарида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида экани каби маълумотлар суд мажлисини осон ўтказишга имкон беради.
2. Иш бўйича жабрланувчи, гувоҳ, холис ва бошқа иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари сифатида баъзи маълумотлар айбланувчидан сир сақланиши, бу ҳақда ҳужжатлар муҳрланиб ишга тикилиши ёхуд терговчи, суриштирувчи ихтиёрида қолдирилиши мумкин.
3. Агар жиноят ишига оид ҳужжатларнинг бир қисми бошқа иш юритувида фойдаланилаётган бўлса, айблов хулосасининг иловасида бу ҳақда кўрсатилиши лозим.
4. Жиноят иши бўйича айбланувчилар ягона бир тилни билсалар, айблов хулосаси ўша тилда ёзилади. Айблов хулосаси ёзилган тилни етарлича билмайдиган айбланувчи учун айблов хулосаси тушунадиган тилга таржима қилиниб тақдим этилиши лозим.
381-модда. Жиноят ишининг прокурорга юборилиши
Терговчи айблов хулосасини имзолаганидан кейин жиноят ишини дарҳол прокурорга юборади.
1. Терговчи айблов хулосасини тузиб имзолагач дарҳол, одатда, эртасидан қолдирмай жиноят ишини прокурорга етказиб беради. Жиноят иши билан бирга, унга оид барча ҳужжатлар, ашёвий далиллар, аудио-видео ёзув тасмалари ҳам прокурорга юборилади.
2. Прокурорга тасдиқлаш учун юбориладиган жиноят ишларибўйича айблов хулосаси барча айбланувчиларга етарли нусхада бўлиши тавсияэтилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |