446-модда. Экспертиза
Суд терговида экспертиза ушбу Кодекснинг 172-187-моддаларида назарда тутилган талабларга ва қуйида белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда тайинланади ва ўтказилади.
Суд мажлисида экспертизани илгари дастлабки терговда хулоса берган экспертлар ёки суд тайинлаган янги экспертлар ёхуд ҳам илгариги, ҳам кейин тайинланган экспертлар биргаликда ўтказади.
Тарафлардан бирортасининг илтимоси бўйича ёки ўз ташаббуси билан суд экспертиза тайинлаш тўғрисида ажрим чиқаради ва уни суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Ажримда экспертиза ўтказиш топширилган шахс ёки экспертиза муассасаси кўрсатилади ва эксперт олдига саволлар қўйилади. Бунда суд тарафларга уларнинг экспертни рад этиш, тараф кўрсатган қўшимча шахсни экспертлар сафига киритиш, эксперт олдига қўшимча саволлар қўйиш, экспертизани тарафларнинг иштирокида ўтказиш тўғрисида илтимослар қилиш, шунингдек, экспертиза давомида изоҳот бериб бориш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиради.
Илтимослар ёки экспертни рад қилиш тўғрисидаги арзларни суд ушбу Кодекснинг 80-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳолда кўриб чиқади.
Суд терговида эксперт сўроқ қилинаётган шахсларга саволлар беришга, ёзма далиллар, тергов ҳаракатларининг баённомалари, бошқа экспертларнинг хулосалари билан танишишга, кўздан кечиришлар, экспериментларда ва экспертиза предметига оид суднинг бошқа ҳаракатларида иштирок этишга ҳақлидир.
Суд тергови давомида экспертнинг олдига қўшимча саволлар қўйилиши мумкин.
Экспертиза предметига оид ҳолатлар текшируви тугаллангач, суд хулоса тайёрлаш учун экспертга муҳлат беради. Башарти бунинг учун лаборатория тадқиқотлари ўтказиш лозим бўлса, суд экспертга тегишли объектларни беради.
Эксперт ўз хулосасини суд мажлисида ўқиб эшиттиради. Хулоса суд мажлисининг баённомасига илова қилинади.
Эксперт хулоса берганидан сўнг, хулосада баён қилинган ҳолатлар бўйича у суд мажлисида сўроқ қилиниши мумкин.
1.Суд терговида экспертиза ўтказишнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундан иборатки, эксперт судда оғзакилик ва бевоситалик тамойилларидан келиб чиқиб, иш ҳолатларини нафақат ёзма ҳужжатлар бўйича, балки бевосита текширади.
2. Экспертиза ўтказишга оидиш материаллари билан танишиш, тўғри фикрнома бериш учун эксперт қўшимча материаллар талаб қилишга, экспертиза ўтказишга алоқадор бўлган ҳолатларни аниқлаб олиш учун раислик қилувчининг рухсати билан судланувчига, жабрланувчига ва барча гувоҳларга саволлар беришга ҳақли.
3. Суд ишни дастлабки тергов босқичида хулоса берган экспертнинг иштирокисиз кўриши мумкин. Бу ҳолда эксперт хулосаси суд мажлисида ўқиб эшиттирилиши ва текширилиши керак.
4.Тарафлар эксперт олдига саволлар қўйишда иштирок этадилар. Қўшимча масалаларни аниқлаш, янги объектларни текшириш зарурияти пайдо бўлганда, суд экспертиза ўтказишни дастлабки терговда экспертиза ўтказган экспертга ёки бошқа экспертга топшириши мумкин.
5. Судда экспертиза ўтказишнинг масъулиятли жиҳати тарафлар томонидан тақдим этиладиган саволларни тўғри ва ўринли тузиб берилишидадир. Эксперт олдига қўйиладиган саволлар аниқ, кўзланган мақсадга эришишга қаратилган бўлиши керак. Юзаки ва ноаниқ жавобларга сабаб бўладиган саволлар қўйилмаслиги лозим. Агарда экспертнинг фикрича айрим саволлар нотўғри ёки ноаниқ тузилган бўлса, у суддан шундай саволларни бутунлай чиқариб ташлашни ёки бошқача шаклда тузиб берилишини сўраши мумкин. Шундан кейинсуд тарафларнинг фикрларини эшитгач, маслаҳатхонага киради ва эксперт олдига қўйиладиган саволларни аниқлаб ажрим чиқаради.
6. Иш бўйича бир неча экспертлар иштирок этаётган бўлса, улар ўзаро маслаҳатлашиб, қўйилган саволларга тегишли жавоб тайёрлашлари мумкин. Барча экспертлар ўзаро келишганлари тақдирда битта хулоса чиқариб, судга тақдим этади. Иш юзасидан бир неча ихтисослик бўйича экспертлар иштирок этганларида уларнинг ҳар бири ўз ихтисослари бўйича тегишли хулосани ёзма равишда судга беради.
7. Суд томонидан экспертиза ўтказиш учун экспертга тегишли шароитлар яратилиб берилиши керак. Экспертиза алоҳида хонада ўтказилади. Экспертиза ўтказиш учун тегишли аппаратуралар, асбоблар ва махсус қуроллардан фойдаланиш зарур бўлган тақдирда бошқа жойда ўтказилиши мумкин
8. Экспертиза ўтказиш кўп вақт талаб қилган ҳолларда суд мажлисига танаффус эълон қилиниши ёки ишни кўришлик бошқа кунга қолдирилиши мумкин.
9. Бошқа барча ҳолатларда суд экспертизаси ушбу Кодекснинг 172-187- моддаларида назарда тутилган талабларга биноан ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |