Суд тергови тамомланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасини эшитишга ўтади. Музокара давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили сўзга чиқади.
Давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг, шунингдек, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячисининг сўзга чиқиш навбатини суд уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда белгилайди.
Тарафлар ўзларининг нутқларида суд терговида кўриб чиқилмаган далилларни келтиришга ҳақли эмас. Текшириш учун судга янги далилларни тақдим этиш лозим бўлса, тарафлар суд терговини янгидан бошлаш тўғрисида илтимос қилишлари мумкин.
Давлат айбловчиси суд терговининг якунларини инобатга олиб, ўз нутқида судланувчининг айблилиги ёки айбли эмаслиги тўғрисидаги хулосасини асослантириши лозим. Давлат айбловчиси судланувчи айбли деган хулосага келганда, унга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган жазо тури ва меъёри ҳақида судга ўз фикрини баён қилади.
Тарафлар нутқ сўзлаб бўлганларидан кейин, улардан ҳар бири бошқа тарафнинг нутқларида айтилган масалалар юзасидан эътирозлар ёки мулоҳазалар билан яна бир мартадан сўзга чиқишлари мумкин. Сўнгги эътироз билдириш ҳуқуқи ҳамиша ҳимоячи ва судланувчига берилади.
Суд тарафларнинг музокарасини муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин эмас, лекин раислик қилувчи музокарада иштирок этаётган шахсларнинг нутқларини, башарти улар кўрилаётган ишга даҳли йўқ ҳолатларга тааллуқли бўлса, тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.
1. Тарафлар музокараси суд муҳокамасининг мустақил қисми ҳисобланади. Суд музокаралари яхши ва пухта тайёрланган ҳолда ўтказилмоғи зарур.Улар суднинг тарбиявий аҳамиятини кўтаришда катта роль ўйнайди. Шу сабабли уни қонунда белгиланган талаблар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиши керак. Давлат айбловчиси, ҳимоячи ва бошқа музокарада қатнашувчиларнинг нутқлари судланувчининг жиноятига нисбатан бўлган муносабатини батафсил муҳокама қилиб, тегишли хулоса чиқаришига ёрдам беради. Шу сабабли тарафлар музокарага тайёрланиш учун суддан танаффус қилиш ҳақида сўраш ҳуқуқига эгадирлар.
2. Тарафлар музокараси ушбу ишда тарафлар ва уларнинг вакиллари нутқларидан иборат бўлади. Тарафлар нутқларида ўз нуқтаи назарларидан келиб чиқиб, суд терговининг натижаларини ёритган ҳолда, суд тергови давомида текширилган далилларга ҳуқуқий баҳо беради, кўрилаётган ишга бўлган ҳуқуқий муносабатларини белгилайди, судланувчи томонидан содир қилинган жиноятнинг исбот бўлганлиги ёки бўлмаганлиги, унга нисбатан тайинланадиган жазо чораси ёки жазодан уни озод қилиш, оқлов ҳукми чиқариш, фуқаровий даъволарининг ҳал қилиниши ҳамда суд ҳукм чиқараётганда ҳал қилиниши керак бўлган бошқа масалалар бўйича ўзларининг фикрларини баён қиладилар.
3. Суд музокараларида жиноят иши бўйича суд муҳокамасида тарафларнинг тенглиги ва ўзаро тортишуви яққол намаён бўлади.
4. Суд муҳокамасининг ушбу қисми иш бўйича адолатли қарор чиқаришда муҳим ўрин тутади, чунки бунда суд ҳақиқатни юзага келтирувчи ҳар бир тарафнинг бирор нарсага қаратилган нуқтаи назарини, уларнинг охирги баҳсларини эшитади.
5. Давлат айбловчиси ва ҳимоячи учун суд музокарасида қатнашиш мажбурийдир, улар нутқ сўзлашдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар, чунки бундай бўйин товлаш ўз процессуал вазифаларини бажаришдан бош тортиш деб ҳисобланади.
6. Суд амалиётида ҳимоячининг тутган йўли билан судланувчи келишмагани сабабли суд музокаралари олдидан судланувчи ҳимоячидан воз кечишга ва ўзи суд музокараларида ҳимоя нутқи сўзлашга ҳақли.
7. Суд музокарасининг ҳар бир қатнашчиси суд мажлисида текширилган далиллар билангина ўз нуқтаи назарларини асослашга ҳақли.
8. Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш бўйича мавжуд бўлган фуқаровий даъвога оид нутқ билан қатнашади.
9. Раислик қилувчи музокарада қатнашаётганларнинг нутқларини улар ўз мазмунига кўра кўрилаётган ишга даҳли бўлмаганда тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.
10. Суд музокараларининг барча иштирокчилари нутқ сўзлаб бўлганларидан кейин нутқларда айтилган масалалар юзасидан яна бир мартадан қўшимча сўзлашлари мумкин. Музокара иштирокчиларининг қўшимча сўзлари бир-бирларининг айтган сўзларига эътироз билдиришдан иборат. Жавоб сўзлари қисқа, ишга алоқадор бўлиб, уларда бир-бирларини камситувчи, ҳақоратловчи мазмунда бўлмаслиги керак. Сўнгги эътироз билдириш ҳуқуқи ҳамиша ҳимоячи ва судланувчига берилади.
11. Судланувчига охирги сўз беришдан аввал раислик қилувчи суд музокараларининг тамом бўлганлигини эълон қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |