63-модда. Вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили тегишинча жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар эга бўлган процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади. Вакил иш юритишнинг исталган вақтида ўз мажбуриятларини бажаришни давом эттиришдан воз кечишга ҳақлидир.
Вакил:
ўзи вакиллик қилаётган шахсларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаслиги;
суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши;
ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги;
ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.
1. Жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгар томонидан танланган вакил, ўзининг қандай процессуал ҳуқуқларидан фойдаланишини билиши, уни танлаган шахс вакилга бу ҳақда тушунтириши, ҳуқуқларидан фойдаланиш чегараси ва оқибатларини ўзаро муҳокамақилиши мақсадга мувофиқ. Вакил фойдаланиш мумкин бўлган ҳуқуқлар доирасига уни вакилликка олган шахс номидан кўрсатув бериши кирмайди. Вакилликни амалга оширишга оид ёки бошқа сабаблар билан жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгар вакилдан воз кечиши ва, аксинча, вакил ўз вазифасини бажаришни давом эттиришга рози бўлмаслиги, оқибатда улар ўртасида тузилган топшириқ шартномаси бекор бўлиши мумкин. Бу ҳақда ҳар иккала томон ҳам тегишлича суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга имкон борича вақтида хабар беришлари лозим. Шу муносабат билан бошқа вакил танлаш ва уни жиноят ишини юритишда иштироки масаласи ҳал қилинади.
2. Ушбу модданинг иккинчи қисмида вакилнинг вазифалари ва мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра вакил ўзини вакил қилган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, унинг ишончи ва истаги бўйича барча зарур ҳаракатларни бажаради, суриштирув, тергов ва судга чиқарилганда ўз вақтида ҳозир бўлади. Шунингдек, у далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни воқеликка зид кўрсатув бериш учун кўндиришга уриниш, бу йўлда қўрқитиш, алдаш ва шу каби қонунга хилоф ҳаракатлар қилиб, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилмаслиги шарт. Бундай ҳаракатлар учун вакил қонунда кўрсатилган жавобгарликка тортилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |