0810 «Тугалланмаган қурилиш» счёти пудрат ва хўжалик усулларида олиб борилган янги қурилишга сарфланган капитал инвестицияларнинг ҳисоби учун мўлжалланган. Унинг дебетида сарфланган капитал қўйилмалар тўғрисида маълумотлар жамланади, кредитида эса капитал инвестиция суммасини асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилиши акс эттирилади. Счётнинг қолдиғи фақат дебет томонида бўлиб, у тугалланмаган қурилишга тўғри келадиган капитал қўйилмалар суммасини кўрсатади.
0820 «Асосий воситаларни сотиб олиш» счёти корхонанинг янги асосий воситаларни сотиб олишга йўналтирган капитал инвестицияларини ҳисобга олишга мўлжалланган. Ушбу счётнинг дебетида таъминотчидан қабул қилинган асосий воситанинг қиймати, шунингдек уни ташиб келтириш, ўрнатиш, монтаж қилиш ва бошқа харажатлари акс эттирилади, кредитида эса счётнинг дебетида тўпланган суммани асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилиши кўрсатилади. Дебет ва кредит оборотлари суммалари тенг бўлганлиги учун бу счёт сальдога эга бўлмайди.
0840 «Асосий подани шакллантириш» счёти ишчи ва маҳсулдор ҳайвонлари мавжуд хўжаликларда ишлатилади. Ушбу счётнинг дебетида ўстиришдаги ва боқувдаги ҳайвонларни асосий ишчи ва наслдор ҳайвонларга ўтказишга кетган капитал инвестициялар, шунингдек ишчи ва маҳсулдор ҳайвонларни сотиб олишга доир капитал инвестициялар, бепул олинган ишчи ва наслдор ҳайвонларни ташиб келтириш харажатлари жамланади. Ёш ўстиришдаги ва боқувдаги ҳайвонларни асосий подага ўтказиш билан бу турдаги капитал инвестициялар ишчи ва маҳсулдор ҳайвонларнинг (счет № 0170) бошланғич қийматига киритилади.
0890 «Бошқа капитал қўйилмалар» счётида юқоридаги счётларга киритилмаган капитал инвестициялар, жумладан асосий воситаларни кенгайтиришга, реконструкция ва модернизациясига сарфланган капитал қўйилмалар ҳисобга олинади. Бу характердаги қўйилмаларнинг суммалари кенгайтириш, реконструкция ва модернизация қилиш далолатномалари асосида ҳаракатда бўлиб келган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |