Каримов К. А. Кириш диссертaция мaвзусининг долзaрблиги вa зaрурaти
Масофавий таълим педагог кадрлар малакасини оширишнинг ташкилий дидактик шакли сифатида
Download 455 Kb.
|
Каримов К.А. диссертация МО
1.2. Масофавий таълим педагог кадрлар малакасини оширишнинг ташкилий дидактик шакли сифатида
Педагог кадрлар малакасини оширишни ташкил қилишнинг 1.1 параграфда кўрсатилган талабларига узлуксиз таълимнинг махсус тамойилларини ва ўқитишнинг андрагогик моделини ўз ичига олиши лозим бўлган янги шакл сифатида қурилган ташкилий-дидактик тизим жавоб бериши мумкин. Бизнинг фикримизча, таълим жараёнига масофавий талимнинг (МТ) концептуал ғоялари билан қўшиб олиб борилган андрагогик ва шахсий-фаолиятли ёндашувлар синтези узлуксиз педагогик таълимнинг янги сифатини таъминлайди. Илмий категория сифатида ёндашув нафақат назарияни, балки амалиётни шакллантиришни ҳам кўзда тутади: айнан ёндашув таълимнинг тамойиллари ва методларини асослашга имкон берувчи негиз бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, андрагогик ёндашув катталар таълимининг назарияси ва амалиёти ўртасида боғловчи звенодир. Адабиётларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, андрагогик ёндашувни бир бутун ҳолда тушуниш учун унинг бир қатор категориялар ва тушунчалар билан алоқасини аниқлаштириш лозим. Ҳар қандай ёндашувнинг зарурий ва мажбурий компоненти бўлиб, педагогик фаолиятни амалга оширишнинг дастлабки ёки бош қоидалари сифатидаги тамойиллар ётади. Андрагогик тамойиллар катта ёшдаги таълим олувчиларнинг хусусиятларини ҳисобга олиш асосида қурилади [12,14,35,42,43,86,119]. Андрагогик тамойилнинг зарурий компоненти метод ҳисобланади. Е.В.Бондаревская методни, бир томондан, методологик категория ёки таълим парадигмасининг ядроси бўлган билиш методи сифатида, бошқа томондан эса, ўқитиш методикасида акс эттирилиши мумкин бўлган фаолият усули сифатида талқин этган [16]. Таълимда тажрибанинг мавжудлиги ва унинг таълимда қўлланилиши – бу таълимнинг анъанавий ва андрагогик методларини фарқлайдиган омил ҳисобланади. Тажрибада инсоннинг катта ёшдалиги ва етуклиги тушунилади. Шунинг учун бугунги кунда, тажрибани таҳлил қилиш методини ҳаққоний равишда, катталарни ўқитиш методларини танлашни аниқловчи андрагогик ёндашувнинг амалий методи сифатида кўрсатиб ўтиш мумкин. Юқорида келтирилган ғоялар тажрибани таҳлил қилиш методига –катта ёшдаги таълим олувчиларга, ўқув ишларини ташкил қилишнинг махсус усуллари ва услублари тизими ёрдамида, таълим олувчиларнинг шахсий тажрибаларини самарали жалб қилиш орқали, уларни андрагог-ўқитувчи томонидан фаолллаштириш жараёнида янги таълимий тажриба сифатида янги билимлар ёки янги таълим мазмунини эгаллашга имкон берадиган шароитларини яратишни таъминлайдиган таълим тизими, деб таъриф беришга имкон яратади. Шундай қилиб, андрагогик ёндашув ўз ичига таълимнинг ташкилий-фаолиятли ва интерфаол методларини олган, катталар таълими методлари мажмуасидан ташкил топган бўлиб, асосан, амалий бўлган ёндашув методи сифатидаги тажрибани таҳлил қилиш методи асосида амалга оширилади. Андрагогик ёндашувнинг кўриб чиқилган категориялари ва тушунчалари, уларнинг алоқалари ва муносабатларини схема кўринишида акс эттириш мумкин (1-расм). С.И. Змеевнинг таъкидлашича катталарни ўқитиш модели таълимни амалга оширишда таълим олувчи ва таълим берувчи фаолиятининг асосий қонуниятларининг тизимлаштирилган мажмуасидан иборат, яъни ўзида тизимни акс эттиради. Бунда тизим, агар унинг элементлари ўзгарса, ўз хусусиятларини ўзгартиради [42]. Ўқитиш моделида аниқланган қонуниятлар, андрагогик ёндашув нуқтаи назардан шаклланадиган таълим жараёни тўғрисидаги идеал тасаввурларни тавсифлайди. Малака ошириш узлуксиз таълимнинг таркибий қисми тегишли равишда катталар таълими жараёни ҳисобланар экан, унинг мақсади илгари эгалланган касбий билимларни янгилаш ва чуқурлаштириш, касбий фаолият билан боғлиқ бўлган таълимий эҳтиёжларни қондиришдан иборат. Бунда ўқитиш моделида аниқланган қонуниятлар, андрагогик ёндашув нуқтаи назардан шаклланадиган таълим жараёни тўғрисидаги идеал тасаввурларни тавсифлайди. 1-расм. Андрагогик ёндашувнинг концептуал схемаси Малака ошириш узлуксиз таълимнинг таркибий қисми тегишли равишда катталар таълими жараёни ҳисобланар экан, унинг мақсади илгари эгалланган касбий билимларни янгилаш ва чуқурлаштириш, касбий фаолият билан боғлиқ бўлган таълимий эҳтиёжларни қондиришдан иборат. Бунда педагог кадрлар малакасини ошириш тизимининг таълимнинг андрагогик моделига ўтиши, яъни “ўқитишда айнан андрагогик ёндашувни босқичма-босқич янада кўпроқ қўллаш, таълимнинг андрагогик тамойилларига мосликни таъминлаш” муаммоси мавжуд. Илгари қайд этилганидек, андрагогик моделнинг ажралиб турадиган аҳамиятли хусусияти, таълим мазмунининг манбаи сифатида фойдаланиладиган таълим олувчилар тажрибасининг мавжудлигидир. Андрагогик моделдаги таълимнинг мақсади билимлар, кўникмалар, малакалар ва тажрибаларнинг шаклланган тизимини қайтадан фикрлашга йўналтирилган. Бундай ҳолда, малака оширишнинг самараси – таълим олувчи учун янги бўлган тажриба билан ўзаро муносабатга киришиш натижаси сифатида – янги шахсий кўрсатмалар, позициялар, фикрлаш стратегиялари, муносабатлар, ҳаёт фаолиятини олиб боришнинг янги сифатлари ва бошқалар кўринишида намоён бўлади. Таълим доимо таълим олувчининг ўтган даврдаги тажрибасини янги ҳолатда фаоллаштиришдан бошланади. Рефлексив кузатиш ва фаол тажриба-синов ўтказиш таълим олувчиларнинг вазиятли масалаларнинг шартлари билан қилинган альтернатив (субъектив тажриба муносабати бўйича хулоса чиқариш ва фикрлаш ёки вазиятлии масалани ечиш учун тайёр билимдан фойдаланиш) ҳаракатларини белгилайди. Таълимнинг циклик жараёнини амалга оширишнинг негизи бўлиб, рефлексив кузатиш учун материал берувчи аниқ тажрибани тадқиқ қилиш ҳисобланади. Янги маълумотларни умумлаштириб ва мавжуд билимлар тизимига уларни интеграциялаштириб, таълим олувчи абстракт тасаввурлар ва тушунчаларга (тажрибани концептуаллаштириш) эга бўлади. Бу янги билимлар-концептлар ўзида гипотезаларни акс эттиради, улар эса, янги ҳолатларда фаол тажриба-синовлар олиб бориш давомида текширилади. Шундай қилиб, тўлиқ циклдан ўтиш учун педагог ҳар бир босқич ичидан қандайдир фаолият турини танлаши ва кетма-кетликни сақлаган ҳолда уларни таълим олувчилар билан ўтказиши лозим. Таълимнинг замонавий андрагогик модели С.И. Змеёвнинг ишларида тўла-тўкис ёритилган (1-жадвал). Такомиллаштирилган циклли модел, негизли моделнинг аниқлаштирилиши ва педагогик технологияларни танлаш ва уларни оптимал бирлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Мисол учун, таълим циклининг биринчи босқичида энг асосийлар сифатида, маълумотларни тўплаш ва таълим олувчиларнинг тажрибасини қайд қилишни таъминлаш учун, кейс технологиялари, муаммоли-изланишли ўқитиш технологияларини қўллаш мақсадга мувофиқдир. Иккинчи босқичда диалог технологиясини қўллаш мақсадга мувофиқ. Учинчи босқич тушунтириш-иллюстратив ва лойиҳали ўқитиш технологияларини жалб қилиш билан биргаликда олиб борилади. МТ ғоясини назарий англаш тўғрисидаги ишларнинг хусусияти шундан иборатки, МТ назариясига бағишланган кўпчилик ишлар педагогик, ташкилий, иқтисодий ва бошқа ёндашувларнинг синтези бўлиб ҳисобланади. Бунда кўпгина муаллифлар мавжуд бўлган илмий тушунчалар аппаратининг чекланганлиги тўғрисида хулосага келадилар ва МТ ни мос равишда ёритиш мақсадида назарий аппаратни ривожлантиришда ўзларининг таклифларини беришга ҳаракат қиладилар. 1-жадвал Таълимнинг андрагогик модели [104]
Сўнги йилларда “Масофавий таълим” деб умумий ном билан бирлашган бутун бир таълим хизматлари индустрияси пайдо бўлди ва тезкор ривожланмоқда, у таълим олувчиларнинг жуда кўпчилик сонини қамраб олади ва ўзининг ўлчамлари ва инфратузилмасининг мураккаблиги билан лол қолдиради [7,31,113,122,131,132,133,156,161,165]. Масалан, Халқаро МТ Маркази (International Centre for Distance Learning, ICDL) ахборотлар базаси барча минтақаларда жойлашган ва касбий таълимнинг турли дастурлари бўйича тахминан 12 миллион киши (дунё бўйича ўқиётганларнинг қарийб 13-14%) таълим олаётган 850 дан ортиқ МТ марказлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади [122]. Лекин, МТ нинг педагогик ҳодиса сифатидаги кўпқирралилиги ва кенг қамровлилиги, уни ташкил қилиш шаклларининг турли туманлиги сабабли МТ нинг умумий қоидаси мавжуд эмас. Баъзи муаллифлар МТ – бу таълимнинг шакли эмас, фақатгина алоҳида “таълим технологиялари” ёки “ахборотли-таълим муҳити” деб [122], бошқалари эса МТ таълимнинг сиртқи шаклини белгилаб беради [132], учинчилари таълимнинг бу шакли учун бундан ҳам умумийроқ бўлган очиқ таълим -деган атамани таклиф қиладилар [133]. Бизнинг тадқиқотимиз доирасида МТ нима, халқ таълими ходимларини малакасини ошириш ҳудудий марказлари педагог кадрлар малакасини ошириш тизимида МТ ни ривожлантиришга бўлган эҳтиёжлар нимани англатади, деган саволларга аниқроқ ва равшанроқ жавоб берувчи муҳим кўрсаткичларни аниқлаш муҳим ҳисобланади. Бунинг учун эса биз “МТ” тушунчасига таъриф беришда А.В.Густырь таклиф этган таҳлил методидан фойдаланамиз. Агар МТ нинг асосий белгиси – масофадан ўқитиш, яъни таълим жараёнида таълим олувчи ва таълим берувчи бир аудиторияда эмаслиги ҳолатида юз берса, унда улар орасидаги муносабат билвосита характерга эга бўлади ва ахборот-коммуникацион воситаларга муҳтож бўлади. Бошқача қилиб айтганда МТ таълим олувчининг таълим берувчи (умумий ҳолда предметли ва методик билимлар манбаи) билан тескари алоқаси бўлишини ёки интерфаолликни кўзда тутади [55,57,59,75]. Фикримизча, МТ тушунчасининг ажратилган белгиларини МТ нинг “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси (МСКО 1997)” да мавжуд бўлган қуйидаги муҳим белгиси билан тўлдирилиши лозим: МТ – таълим олувчи ва таълим берувчи ўртасидаги коммуникация билвосита масофадан туриб турли воситаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган ташкилий шаклдир [122]. Шундай қилиб, МТ нинг таълимнинг бошқа турларидан фарқи, билвосита интерфаол коммуникация орқали таълим олиш усулидир, бунда коммуникациянинг муайян воситалари ва технологиялари МТ нинг муҳим белгисини эгалламайди. Бизнинг тадқиқотимиз режаси доирасида МТ тушунчасини тингловчиларнинг мустақил таълим олиш фаолияти орқали аниқлаш муҳимроқдир. Шунга ўхшаган таърифни Г.В.Майерда ҳам кўрамиз; “масофадан ўқитиш- таълимий ресурсларга киришнинг очиқлиги билан фарқ қилувчи, ....ахборот технологиялари ва телекоммуникация воситалари билан таъминланган мустақил билиш фаолиятидир” [111]. Юқорида келтирилган таърифларда нафақат таълим субъектларининг АКТ лари ва техник воситалар ёрдамидаги ўзаро ҳаракати, таълим субъектларининг катта масофалар ва иш вақти билан ажратилганлиги, балки таълим технологияларининг интеграцияси, таълим олувчиларнинг шахсий талаблари, энг муҳими, ўз-ўзини ўқитиш фаолиятига асосланган МТ нинг алоҳида тавсифлари акс этади. “МТ” тушунчасини кенгайтириш мақсадида масофадан ўқитишнинг амалдаги турларини солиштириш методидан фойдаланиш мумкин, у биринчидан, МТ назарияси ва амалиётини ривожлантиришдаги тенденцияларни аниқлаш, иккинчидан, МТ турлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш, учинчидан, МТ методологиясини, унинг ҳар хил турларига асосланган дидактик тамойилларни аниқлаш имконини беради. МТ назарияси ва амалиётининг ривожланишини таҳлил қилишда икки турдаги таълим тизими аниқ ажралиб чиқади, уларни фарқлаш, “МТ” тушунчасини етарли даражада аниқлашга уринишда юзага келадиган зиддиятлар моҳиятини тушунишга олиб келади. “Тармоқли таълим” деб ном олган таълим тизими, тарихан МТ нинг бошқа турларидан олдин пайдо бўлган. Таълимнинг бу тури асосида масофавий почта жўнатмалари воситасидаги таълим коммуникацияси ётади. Иккинчи турдаги таълим тизими ахборот-коммуникация воситалари ривожланишидан пайдо бўлган, у аудитория машғулотларини узоқ масофалардаги аудиторияларга узатиб бериш имконини яратган ва аудио- видео-трансляциялар воситаси билан МТ коммуникациясини таъминлаган [29,47,48,135,136,150,191,202]. Тармоқли таълим тизими МТ ғоясини таълим жараёнининг анъанавий (синф-дарс ва маъруза-семинар) ташкилий шаклларидан бутунлай фарқ қиладиган таълим шакли сифатида амалга оширади. “Трансляцияли” турдаги таълим тизими МТ ғоясини анъанавий таълим жараёнини масофадан туриб такрорлашнинг таълим технологияси сифатида амалга оширади. Бу икки таълим тизимини параллел равишда ривожлантириш МТ тушунчасини турлича (дидактик маъно даражасида) талқин қилишга олиб келди. МТ нинг турлича ички ташкилий тузилмага эга бўлган бу икки тури турли хил методологик таъминотни талаб қилади. Тамойилиал турли хилдаги дидактик маънодан келиб чиққан ҳолда тегишли МТ тизимларни алоҳида кўриб чиқиш лозим. Агар МТ нинг тармоқли тури таълимнинг шакли сифатида ўзининг алоҳида дидактикасини ишлаб чиқишни талаб этса, унинг трансляцияли тури трансляцияни (дарс, маъруза ва бошқаларларни масофадан қайта кўрсатиш) ташкил этиш технологиясини таъминлашнинг методологик таъминотини ишлаб чиқишни тақозо этади. МТ нинг “тармоқли” таълим тизимининг дидактик тамойиллари ушбу таълим шаклида ўқиётганларнинг психологик хусусиятлари ва таълимий эҳтиёжларини амалга оширади. Умумий дидактик тамойиллар сирасига қуйидагилар киради: 1. “Тармоқли ўқитиш” ўқитиш шакли сифатида, таълим олувчилар учун махсус ўқув-методик ва аттестацион материалларни яратишни талаб қиладиган мустақил таълим фаолиятига асосланган; 2. Таълим олувчининг таълимнинг мазмуни ва муддатларини танлашдаги мустақиллигини тан олиш, оралиқ ва якуний аттестацияга ва баҳолашга таълимнинг мақсади ва якуний натижаси сифатида эмас, балки мотивация ва ўз-ўзини назорат қилиш сифатидаги прагматик муносабатда бўлиш; 3. Таълим субъектларини мустақил таълим фаолиятига йўналтирувчи консультант (устоз, тьютор) нинг ролларини дидактик ўзаро ҳаракат (диалог) асосида ажратиш; 4. Таълимнинг вариативлигини янада юқорироқ даражасини таъминловчи ва тармоқли коммуникацияни енгиллаштирувчи модуллар асосида ташкил этилиши; 5. Таълим муддатларининг ўзгарувчанлиги ва уларга мос равишда таълим жараёнининг суръати; 6. Кундузги машғулотлар (сессиялар) нинг минимал даражада камайтирилиши, уларнинг мақсадга мувофиқлигини таъминлайдиган махсус шаклларини ишлаб чиқиш. МТ нинг “тармоқли” дидактик моделига кўра, анъанавий аудитория машғулотлари (маъруза, амалий, лаборатори ва семинарлар) бошқа шакллар билан алмаштирилади: махсус ўқув-методик материаллар мажмуаси ишлаб чиқилиб оддий семинарга ўхшайдиган ва маърузадан чуқур фарқ қиладиган фаол амалий гуруҳли машғулотлар – тьюториаллар билан алмаштирилади. Телекоммуникация воситалари ва каналлари тьютор ва тингловчининг ўқув-методик материалларни етказиш ва индивидуал маслаҳатлар бериш жараёнида, гуруҳнинг ўзаро ички ҳаракатларида мулоқот қилиш ва интерфаолликни таъминлаш воситаси сифатида фойдаланилади. Тингловчининг ўз-ўзини ўқитиш фаолиятини таъминловчи ўқув-методик материаллар мажмуасига фақат жиҳозлар ёрдамидагина фойдаланиш мумкин бўлган, тингловчиларнинг кўпчилик қисми осонлик билан ишлата оладиган материалларгина киради. Ўқув жараёнини ташкил этишнинг ушбу схемасида тингловчи ўқув материалларини олади. Унга маслаҳат берувчи ва назорат ишларини текширувчи ўқитувчи бириктирилади. Тингловчи ва ўқитувчининг юзма-юз учрашишлари кўзда тутилмайди. Ахборот алмашинуви асосан анъанавий почта орқали амалга оширилади. Модел, умуман олганда, тингловчининг ўқиш жойида коммуникация воситалари мавжуд бўлмаган ҳолатлар учун мўлжалланган. Вақтинчалик ўқув жадвали ўзгариши мумкин ва ўқув муассасаси билан келишилади. Якуний аттестация тингловчи иштироки билан ёки унинг бевосита иштирокисиз ўтказилиши мумкин. Кўриб чиқилаётган модел Европа тармоқлик таълим мактабида қўлланилади. Бугунги кунда мухбирли таълим модели долзарб модел ҳисобланмайди, уни МТ ривожланишининг бир босқичи сифатидагина қараш мумкин. Масофадан ўқитишнинг “тармоқли” дидактик моделини амалга ошириш ўқитувчи (тьютор) дан нафақат маслаҳатлар, балки психологик қўллаб-қуввватлашни ҳам ўз ичига олган махсус малака ва кўникмаларни талаб қилади. Унинг учун тьютор бир неча ўқув курслари материалларини эркин билиши билан бирга гуруҳли ишларни ҳам ташкил қила олиши лозим. Юқорида айтилганидек, МТ нинг “трансляцияли” модели педагог ва тингловчининг таълим жараёни доирасидаги муносабатлари туридан фарқ қилмайдиган, демакки, классик дидактика ва таълим жараёнининг анъанавий шаклларига асосланган масофавий ва кундузги таълимнинг тамойилиал бирлиги ғоясига асосланади. МТ нинг ушбу моделига кўра, анъанавий маъруза машғулотларнинг телекоммуникация воситалари ёрдамида маълум масофага узатилиши таъминланади, бу эса виртуал аудиторияда ўқиётганлар сонини бир қанча кўпайтириш имконини беради. Шу билан бирга, замонавий таълим жараёнининг бошқа ташкил этувчи қисмлари (амалий ва семинарлар, мустақил иш, маслаҳатлар, баҳолаш ва бошқалар) масофадан ташкил этила олмайди, бу эса МТ нинг устунлигини камайтиради. Бундан ташқари, сўз маърузаларни фақат трансляция қилиш устида кетар экан, бу турдаги ўқув фаолияти ўз устунлиги бўйича пассив характерга эга, у тингловчилар сонининг кўпайиши билан фақат чуқурлашади. Шундай қилиб, ўзининг моҳиятига кўра, анъанавий ва аудитория машғулотларини етказиб бериш ғоясидан ва уни замонавий ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида таъминлашдан иборат бўлган МТ нинг трансляцияли модели ўзига маълум тамойилиал чекловларни олади. МТ га бўлган икки ёндашувнинг бир-биридан тамойилиал фарқи Д.С.Дэниел томонидан шакллантирилган: “...МТ га икки хил ёндашув мавжуд. Биринчи ёндашув гуруҳли ўқитишга қаратилган; иккинчиси – ўз-ўзини ўқитишга йўналтирилган; асосий фарқ шундаки, гуруҳли ўқитишга йўналтирилган ёндашув синхрон алоқага асосланган. Таълим субъектлари бир-бирлари билан реал вақт тартибида алоқа қилишлари лозим. Ўз-ўзини ўқитишга йўналтирилган ёндашув асинхрон алоқага асосланган; учинчидан, яна бир муҳим натижа қуйидагилардан иборат. Гуруҳли ўқитишда ўқитувчи тингловчилар билан тармоқда реал вақт тартибида алоқа қилади. Шундай қилиб, бу ўқитувчи марказда жойлашган ҳолдаги таълим шаклидир. Ўз-ўзини ўқитишга йўналтирилган ёндашув минглаб жойлардаги таълимни, тингловчи унинг марказида бўлиб қолганидек қайта тиклайди. Бу ерда ушбу тингловчи учун индивидуал таълим муҳити нималардан иборат эканлигини таҳлил қилиш лозим” [191]. МТ нинг турларини солиштиришни якунлар эканмиз, унинг “тармоқли” турининг дидактик модели белгилар мажмуи бўйича энг аввало катталар таълимига йўналтирилган бўлиб, педагог кадрлар малакасини ошириш тизимида МТ ни жорий этишда қўл келади. Шу нуқтаи назардан, МТ нинг, ўқитишнинг масофавий ташкилий шаклининг афзалликларини амалга оширадиган таълим технологияларининг муайян тизимини яратишни кўзда тутувчи назарий концепцияларини кўриб чиқамиз. Ҳар қандай технологиянинг маъноси ва қўлланиш мақсади – жараённи оптималлаштириш, ундан натижа учун зарур бўлмаган фаолият ва операцияларни чиқариб ташлашдир. Бунда ўқитиш технологиясининг ҳар бир элементига бир бутун таълим жараёнида ўзининг мақсадга мувофиқ жойи мос келади, ҳар бир технологик амал, ҳар бир технологик ҳаракат уни оптималлаштириш масаласини ҳал қилишда ўзининг аниқ ўрнига эга. Шундай қилиб, таълим технологияси – таълим жараёнини лойиҳалашнинг, агар бажарилса, режалаштирилган натижага эришишни кафолатлайдиган технологик амалларининг тартибланган тизимидир. МТ да қўлланиладиган АКТ ларга келсак, уларнинг мазмуни педагогиканинг махсус мақсадларидан узоқдир. Қўлланиш соҳаларидан қатъи назар, улар ахборотни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатиш, акс эттириш ва фойдаланишнинг универсал технологиясидир. Таълимга улар фақатгина педагогик мақсадларга эришишни таъминлаш учун, таълим жараёнида қўлланилиши лозимлиги сабабли алоқадордир. Бундан таълим мазмунини стандартлаштиришдан фарқли ўлароқ таълим технологияларига қаратилган МТ соҳасида стандартлаштириш муаммоси пайдо бўлади. Биринчи навбатда, бу МТ да ишлаб чиқиладиган ва қўлланиладиган ўқув материаллари алмашинувини стандартлаштиришга тааллуқлидир. Стандарлаштиришнинг бу йўналишини ривожлантиришга ёрдам берадиган ҳал қилувчи мезонлар қуйидагилар: қайси техник воситалар ёрдамида ишлаб чиқилган бўлишидан қатъи назар МТ нинг мавжуд ўқув-методик кутубхоналаридан фойдаланишга эҳтиёж; МТ ни ташкил этиш жараёнларига АКТ лари воситаларни киритишга эҳтиёж; ҳозирги кунда МТ соҳасида стандартлаштиришнинг қуйидаги йўналишлари энг кўп ривожланган : Vocabularies and Taxonomies (луғат ва таксономиялар) – тушунчаларни бир хил тарзда қўллаш учун ўқув ресурсларини ҳам компьютерда, ҳам қўлда қайта ишлаш даврида қўлланиладиган атамаларга қўйилган стандарт; Architectures (архитектура) – жараённи бошқариш тизимини турли (коммуникация, бошқа тизимлар билан ўзаро муносабат ва ўқитиш жараёнини бошқариш тизими архитектураси) нуқтаи назардан ёритувчи стандартлаштирилган моделлар йиғмаси; Learner Information (фойдаланувчилар тўғрисида ахборот) – фойдаланувчилар профиллари алмашинувини амалга ошириш, ўқитиш жараёнини акс эттирувчи ахборотлар, идентификацион ахборотлар ва бошқалар учун зарур бўлган маълумотларнинг стандартлаштирилган тузилмасининг йиғмаси; Learning Content (ўқув ресурслари) – курсни тақдим этиш даражасини формаллаштириш, уни локаллаштириш, бошқарув маълумотлари ва курслар контентларини алмашиш; Management Systems (бошқарув тизимлари) – ўқитишни ва ўқув курсларини бошқариш тизимларининг ўзаро ҳаракатларини таъминловчи алгоритмлар, услублар, маълумотлар моделларини стандартлаштириш; Assessment (баҳолаш) – тестдан ўтказиш ёки сертификатлаш натижаларини тақдим этишни, тест вазифаларини алмашишни, ҳамда баҳолаш жараёнининг ўзини ташкил этишни (балларни ҳисоблаш алгоритмлари, мослашув тестлари ўтказишнинг алгоритмлари ва бошқалар.) формаллаштириш. Юқорида келтирилганлар орасида энг мукаммал ишлаб чиқилганлари ўқув курслари ва таълимни бошқариш тизимларини таърифловчи стандартлар гуруҳларидир. Бу соҳалардаги ягона стандарт ҳозирча ишлаб чиқиш ва келишиш босқичида, лекин бир неча стандартлар амалиётда қўлланилмоқда. Бу стандартлар қуйидаги ташкилотлар томонидан юритилади: ADL тармоқни стандартлаштирувчи ташкилот (SCORM стандарти); AICC тармоқни стандартлаштирувчи ташкилот; IMS/GLC саноат консорциуми. 1. ADL (Advanced Distributed Learning) АҚШ Мудофаа вазирлиги ва АҚШ Президенти Администрациясининг фан ва технологиялар соҳасидаги сиёсат Департаменти томонидан МТ соҳасидаги стандартларни ривожлантириш мақсадида яратилган. Ривожлантиришнинг бош йўналишларидан бири компьютерли ва web-ўқитиш учун техник асосни яратишдир. 2. SCORM (Sharable Content Object Reference Model) стандартини яратиш ADL концепциясини ривожлантириш йўлидаги биринчи қадамдир, сабаби, бу стандарт ўқув материаллари тузилмасини ва ахборот-таълим муҳити интерфейсини аниқлайди. Бунинг ҳисобига ўқув объектларидан МТ нинг SCO (Sharable Content Objects) объектлари билан ишлаш имкониятига эга бўлган турли тизимларида фойдаланиш мумкин. Стандартнинг асосий мазмуни қуйидагиларни ёритади: Content Aggregation Model – ўқув материали тузилмасини, метамаълумотларни, курслар пакетларини шакллантириш учун маълумотлар тузилмасини; Run Time Environment – стандартли интерфейс ва маълумотлар модели асосида ахборот-коммуникацион муҳитда ўқув материалларининг ўзаро ҳаракати, уларни тақдим қилиш ва ишга тушириш механизмларини. Ҳозирги кунда кўпчилик тизимлар томонидан қўллаб-қувватланадиган SCORM 1.2 стандартининг версияси кенг фойдаланиладиган бўлиб ҳисобланади. 3. AICC (Aviation Industry CBT Committee) халқаро авиация саноати ассоциациясининг, авиация саноатида компьютерли ўқитиш жараёнига жалб қилинган курсларни ишлаб чиқиш, етказиб бериш ва баҳолаш учун ташкил қилинган компьютерли ўқитиш қўмитаси. CMI Guidelines for Interoperability (CMI001) спецификацияси МТ ва ўқув ресурсларининг ўзаро ҳаракатини стандартлаштиришга тааллуқли бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади: МТ тизими ва ўқув ресурси ўртасидаги ўзаро ҳаракат; МТнинг турли тизимлари ўртасида курсларнинг импорт/экспорти; фойдаланувчилар томонидан курсларни ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларни сақлаш. 4. IMS/GLC (Instructional Management System Global Learning Consortium) – халқаро ташкилот бўлиб, унинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат: МТ жараёнида иштирок этувчи иловалар ва сервисларнинг ўзаро ҳаракатини ташкил этиш учун техник спецификацияларни аниқлаш; барча дастурий маҳсулотлар ва сервисларни яратиш жараёнига спецификацияларни киритишни қўллаб-қувватлаш Ҳозирги вақтда қуйидаги 4 спецификация энг кўп тарқалган: IMS Question & Test Interoperability Specification (2.0 охирги версия) – тингловчиларнинг ўзлаштириши натижаларини баҳолаш учун мўлжалланган ўқув материалини алмашиш учун фойдаланиладиган маълумотлар тузилмасини тавсифлаб беради. IMS Learning Resource Meta-data Specification (1.3 охирги версия) – ўқитиш жараёнида ишлатиладиган ресурсларнинг метамаълумотларини формаллаштириш. Бу спецификация ҳам ADL SCORM стандартида фойдаланилади. Download 455 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling