Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ўзбекистон давлат санъат институти
Download 5.01 Kb. Pdf ko'rish
|
Баяндиев Т , Исломов Т Жаҳон театр тарихи
«РЕВИЗОР»
«Ревизор» Россияда рўй бераётган барча ножўя ҳаракатлар устидан бир йўла кулишга мўлжалланган ижтимоий комедия. Асарда Россиянинг «Н» шаҳридаги ҳокимият, ҳалқ маорифи, соғлиқни сақлаш, полиция бўлимларидаги бемаъниликлар орқали давлат апаратидаги чиновниклар зўравонлиги, сотқинлик, шафқатсизлик ва нодонлар фош қилинади. Комедия қаҳрамонларини ҳаракатга келтирувчи тугун – шаҳарга ревизор келганлиги хақидаги бекорчи, нотўғри хабарнинг дворянлар Бобчинский билан Добчинскийлар томонидан шаҳар ҳокимига етказилиши. Бу хабардан чиновниклар ваҳимага тушадилар. Қўрқув ҳиссиёти Хлестаков ва барча персонажларга хос хатти-ҳаракатларни белгиловчи бош белгидир. Хлестаковчилик (Қуруқ мақтанчоқлик) ва қўрқув Николай I давридаги Россиянинг ижтимоий ва шахсий ҳаётини белгиловчи хусусият сифатида кўрсатилади. Воқеалар давомида персонажлар характери, уларнинг кирдикорлари ҳажвий шаклда тасвирланади. Хлестаков – комедиянинг марказий образи. Гогол Хлестаков ҳақида шундай ёзган эди: «Ҳар бир одам ўз ҳаётида бир неча эмас, бир дақиқагина бўлса ҳам Хлестаков бўлади ёки унга айланиб қолади... Эпчил гвардиячи офицер ҳам баъзан Хлестаков бўлиб чиқади, баъзан давлат хизматчиси ҳам Хлестаковдан фарқ қилмайди, баъзан, яшириб нима қиламиз, ўзимизнинг биродаримиз, бечора адабиётчи ҳам Хлестаковга айланиб кетади». «Хлестаковчилик»нинг ижтимоий-психологик моҳияти унинг давлат ва шахсий ҳаётдаги барча тармоқларга тарқалганлигида бўлган, шу жиҳатдан Хлестаковнинг «Мен ҳамма жойда ҳазиру-нозирман» дейиши бор ҳақиқат. Судья, диний назорат нозири, вилоят гимназиялари назоратчиси, почтмейстер ва бошқалар бамисоли уезд «вазирлари» сифатида намоён бўладилар. Гоголнинг «Ревизор» воқеалари «Н» шаҳрида ўтади деб ёзганлиги, ундаги воқеаларнинг Россиянинг исталган вилоятида бўлиши мумкин деган фикрни билдиради ва умумрус воқелиги учун типиклигини кўрсатади. Асарда хокимиятнинг бутун кирдикорлари, амалдорларнинг барчаси порахўр эканлиги, 73 юлғичлиги, зўравонлиги каби иллатлар кенг намойиш этилган. Фақат шаҳар хокимининг фаолиятигина эмас, балки, маҳкама, полиция, маориф, хуллас чор хукумати барча бошқарув органлари фаолияти аёвсиз фош этилади. Натижада, Белинский тарифлаганидек, «ҳатто полиция тартиблари бўлмаган, расмий ўғрилар ва талончиларнинг улкан корпорациялари мавжуд» бўлган манзара гавдаланади. Сиртдан қараганда бўлиши мумкин эмасдек, латифанамо кўринган воқеа асосида Гогол бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисалар Россияда давлат тартиблари учун қонуний хол эканлигини кўрсатади. Комедиядаги образларнинг барчаси хажвий тасвирланган холда, умумлашма хусусиятга эга. Асар марказий қаҳрамони Иван Александрович Хлестаков Петербургдаги кичик мансабли бир амалдор Хлестаков образида барча кичик амалдорларга хос хусусият – ўзини «катта» ҳис қилиш, атрофидагиларга «салобатли» кўринишга интилиш, ички «манманлик» масаласи имкон туғилди дегунча кўринади – қўяди. «Ревизор»да Хлестаковга ана шундай имконият табиий тарзда туғилиб қолади. Уни «маҳфий ревизор» деб ўйлашади ва бунинг натижасида юзага келадиган шарт-шароитлар Хлестаковнинг ички ва ташқи борлиғини бутунлигича намоён бўлишига олиб келадики, у «ёлғон гапираётганини» унутиб, ўз тўқималарига ўзи ҳам ишониб кетади. Хлестаковнинг завқ – шавқ билан аравани қуруқ олиб қочиши, мақтанчоқлиги пойтахт амалдорлари ҳаёт тарзининг кулгили, сатирик ойнаси сифатида қабул қилинади. Шаҳар хокими Антон Антонович Сквозник – Дмуханоский – чор самодержавияси бюрократик режимининг типик вакили тарзида ифодаланган образ. У шаҳарнинг ягона ва мутлақ, мартабали эгаси. Ўзига пишиқ, эпчил ва ишбилармон рахбар. Ўзининг иборасича қанчадан-қанча ревизорларни кўрган, ҳаммасини пора билан тинчитган. Пора унинг асосий иш услуби – пора олади, шароит тақозо этса беришни ҳам унутмайди. Ҳоким – порахўрликни «табиий ҳол» деб чиндан ишонади. Чунки аторфидагиларнинг барчаси шу усул билан ишлаши ва яшашини яхши билади. У пора олишга ҳамма ҳақли, фақат кимдан ва қанча олишни «лавозимига» қараб юлишини 74 билиш керак дейди. Савдогарларнинг Хлестаковга ҳоким устидан шикоят қилганларида унинг порахўрлигидан эмас, балки ҳаддан ташқари кўп олишидан, лавозими даражасидан ошириб юборишидан нолишлари эътиборлидир. Қолган барча амалдорлар – судья Ляпкин-Тяпкиндан тортиб «Держиморда» («Тумшуқтутар») деб аталган номининг ўзиёқ кимлигига ишора қилувчи полиция бошлиғигача –турли лавозим эгалари юлғичлар бўлиб, хоким амал қиладиган услубда яшайдилар. Уларнинг бари бетамиз одамлар. Уларнинг бари ўз лавозимларида қилган қилмишларини очилиб қолишидан қўрқиб ҳадик ичида яшайдилар. Шу билан бирга уларнинг ҳар бири ўз индивидуал характери, қиёфасига эга. Жумладан, худойихоналар мутаваллиси Земляника «бақалоқ, бесунақай, қўпол», «суллоҳ ва фирибгар, ғаламис ва чақимчи» деб тавсифланади. Судья Ляпкин-Тяпкин ўта безбет ва қўпол бўла туриб ўзини ҳалол одам деб билади, чунки порани «Тоза зотли кучукчалар» шаклида олади. Почта бошлиғи Шпейкин кўринишидан содда ва гўл бўлса-да, у ҳам қонунни безбетларча бузаверади, истаган хатини очиб ўқийверади. Хлестаковнинг хизматкори Осип пьесада ўзига хос, алоҳида аҳамиятга эга. Осип эсли-хушли муғомбир одам. У Хлестаковга риояли, шу билан беписанд муносабатда бўлади. Хлестаковни қандайдир бошқа кимса деб қабул қилаётганларини Осип биринчи бўлиб пайқайди. Бироқ, бу англашилмовчиликдан ўзи ҳам усталик билан фойдаланиб қолишга тайёр, чунки Осип ҳам хўжайини каби мавжуд кун кўриш шарт-шароитлари билан бузилиб бўлган. Пьесанинг конфликти шаҳар ҳокими ва унинг амалдорлари орасида гумон қилинган ревизор атрофида ўз турмушлари, вазиятлар, лавозимлар ва имкониятларини сақлаб қолиш учун курашувларида кўринади. Бу курашда уларнинг виждонсизлиги, фош бўлишдан қўрқувлари, ҳадиксирашлари яққол очилади. Гогол пьесадаги воқеаларни ғояни, мақсадни аниқ очадиган қилиб жойлаштиради. Хлестаков саҳнада ҳеч кимни алдамайди, ҳеч кимга ўзини ревизор қилиб кўрсатмайди. Ҳали саҳнага чиқмасдан туриб, унинг кимлиги томошабинга яхши маълум бўлади. Фақат амалдорларнинг барчасини ич-ичидан 75 ўраб олган ҳадик, қўрқув хисси мана шу «сафсатабоз», «лапашанг», «латтачайнар» кимсани ҳурматли кимсага, ревизорга айлантиради. Қўрқув пьесадаги бутун воқеаларни келтириб чиқарувчи ва ҳаракатга келтирувчи кучга айланган. Ҳокимнинг Хлестаков билан биринчи учрашуви, Хлестаковнинг ҳокимнинг уйидаги учрашувлари ва бошқа кўринишларида юзага келадиган ўта ҳажвий, водевиль даражасига етиб борадиган манзаралар замирида қўрқув ётади. Асар гўё ёмонликнинг жазоланиши билан тугайди. Чунки ҳақиқий ревизор келганлиги ҳақидаги финалдаги хабар ҳаммани тош қотган сувратга айлантириб қўяди. «Ревизор» комедиясида тасвирланган жамият ва унинг турмуш тарзига беаёв ҳукм чиқарувчи «иштирок этувчи» бор. Бу хақида Гоголнинг ўзи «Театральный разъезд после представления новой комедии» мақоласида аниқ айтиб қўйган. Бу «Иштирок этувчи» – иллатларни фош этувчи сатирик кулгудир. Гоголнинг замондошлари бу кулгининг дахшатли кучини ҳис этган эдилар. Пьесанинг 1836 йил 19 апрель куни Александринск театридаги премьерасида ҳозир бўлган подшо Николай I спектаклдан сўнг ёнидагиларга қараб «Ҳаммага калтак тегди. Менга айниқса кўпроқ тегди» деганлиги тарихда битилган. Download 5.01 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling