5-МАВЗУ
МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚЛАРИНИНГ IХ-XIII АСРЛАРДАГИ ИЖТИМОИЙ-МАДАНИЙ ҲАЁТИ
РЕЖА
1. Марказий Осиё маданиятининг ўзига хослиги.
2. Шарқ Уйғониш даври маданияти.
3. Уйғониш даври достонларида ижтимоий-маданий ҳаёт.
4. IХ -XIII асрларда маънавий маданият ривожи.
Марказий Осиё маданиятининг ўзига хослиги. Марказий Осиёнинг ғарбий ўлкаларидаги туркий қавмларнинг маданий ҳаёти Шарқий ҳудуддаги ўлкалар ҳаёт тарзидан баъзи ўзгачаликларга эга эди. Ўрта Осиёдаги этник жараёнларнинг мураккаблиги маданий жараёнга ҳам таъсир этмай қолмади. Шунинг учун бу ҳудуддаги маданий жараёнда бошқа этник гуруҳларнинг маданий жараёни изларини ҳам кўрамиз. Фарғона водийси бу жиҳатдан алоҳида ўлка ҳисобланади.
М.ав. III-II асрларда Тангри тоғидан Фарғонага кўчиш бўлди. Кўчиб келган қавмларнинг катта қисми юэчжилар ва усунлар эди. Юэчжилар икки қисмга бўлинган: катта юэчжилар ва кичик юэчжилар. Ботир тангриқут (Ўғузхон) тор-мор қилган ва Довонга келиб, дахларнинг ерларини босиб олган қавмлар катта юэчжи деб юритилган. Заифлашиб, кичик тўп-тўп бўлиб кетган, жанубий тоғларда ўрнашган қавмларни тангутлар кичик юэчжи деб атаганлар4 .
Усун давлати тўғрисида Хитой йилномаларидаги маълумотлар шуни кўрсатадики, Шарқда уларнинг ерлари хунларнинг ерларига туташ бўлган, шимоли-ғарбда Қангли давлати билан, ғарбда Довон давлати билан чегараланган.
Шунингдек, бошқа қабилалар Ўрта Осиёга кўчиши натижасида турли қавмлар маданиятининг бир-бирига қоришганини кўрамиз. Фарғона водийсидаги Исфара, Ширинчой, Тошкент яқинидаги Қовунчи маданияти шундан далолат беради. Тангри тоғларида илгаридан мавжуд бўлган маданият Фарғонада янги маданиятнинг юзага келишига сабаб бўлди, жумладан, ордамларнинг яшаш тарзида, деҳқончилик маданиятида, ишлаб чиқаришда ва ҳ.ларда ўзига хосликлар кузатилади. Одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, ясаган буюмлари шундан далолат беради.
Кўк турк давлати ташкил топиши арафасида Фарғона атрофларида кўплаб отлиқ кўчманчилар яшарди. Бу кўчманчилар аста-секин ўтроқлашиб, деҳқончилик қила бошладилар. Чиғирчиқ, Ғулжадан топилган ашёлар деҳқончилик маданияти тўғрисида тасаввур уйғотади.
Кўк турк хоқонлиги давридан бугунгача етиб келган энг энг ноёб маданий ёдгорлик ёзув маданиятидир. Исфара, Андижон, Поп, Бухоро, Қува ва бошқа қатор ҳудудлардан топилган ёзув ёдгорликлари қадим Ўзбекистон халқининг азалдан салоҳиятли бўлганини кўрсатадиган аломатлардир5 .
Do'stlaringiz bilan baham: |