Маданиятшунослик фанидан маърузалар матни биринчи боб маданият назарияси


Иккинчи боб ЖАҲОН МАДАНИЯТИ МАСАЛАЛАРИ


Download 423 Kb.
bet20/85
Sana07.02.2023
Hajmi423 Kb.
#1175217
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   85
Bog'liq
маданиятшунослик1

Иккинчи боб
ЖАҲОН МАДАНИЯТИ МАСАЛАЛАРИ


3 - Мавзу
Жаҳон маданияти босқичлари. Ибтидоий давр маданияти. Қадимги давр маданияти


Режа

  1. Жаҳон маданияти ривожи тарихи тарихидан.

  2. Архаик давр маданияти: тош даври, мис ва боронза даври ва темир даври маданияти.

  3. Қадимги Шарқ халқлари маданияти: Қадимги Миср, Бобил, Қадимги Ҳиндистон, Қадимги Хитой маданиятлари.

  4. Антик давр маданияти: Рим, Греция ва Византия маданияти.

  5. Архаика даври, гомер даври, классика даври ва эллинизм даври маданияти.

Маданият ҳамма даврда инсоният жамиятининг моддий ва маънавий тараққиёти даражасини, инсоният яратган билимларни, ишонч-эътиқодларни, санъатни, ахлоқни, қонунлар ва одатларни, шунингдек, инсон ўзлаштирган лаёқат ва кўникмаларнинг йиғиндисини ифодалаган. «Маданий жараён» тушунчаси тарихий категорияга мансуб бўлиб, маълум бир халқ ёки ҳудуд билан чегараланмаган. Шунинг учун мазкур жараён ҳамма даврларга ва халқларга тегишлидир.


Маданий тараққиётнинг маълум бир даврда пайдо бўлган ўзига хос хусусияти ва ноёб, такрорланмас жиҳатлари ҳам борки, бу хусусиятлар маълум ҳудудда маданий босқичларни юзага келтиради. Масалан, ибтидоий маданият, антик маданият, Уйғониш даври маданияти, ислом маданияти ва бошқалар. Маданий босқичлар маълум даражада регионал-минтақавий хусусиятни ўз ичига қамраб олади.
Аммо маданият универсаллиги тушунчаси бутун инсониятга мансуб бўлган маданий меросни ифодалаб, маданиятнинг регионал хусусиятига зид келмайди, аксинча, уни тўлдиради. Умуман, маданиятнинг универсаллиги, географик ўрнидан қатъий назар, ҳамма маданиятга мансуб қадриятлар, қоида, анъана ва ўзига хос хусусиятлар, мезон, жамиятнинг тарихий даври ва ижтимоий қурилишидир. 1959 йили Жорж Мердок жамики маданиятга мансуб 70 дан ортиқ универсал маданий категорияларни аниқлади1. Булар - спорт, календарь, тозаликка риоя қилиш, фолбинлик, декоратив санъат, тушни таъбирлаш, меҳнат тақсимоти, таълим, ғаройиб равишда шифолашга ишонч, оила, байрамлар, дафн расм-русумлари, ўйинлар, табриклар, тил, қонун, меросхўрлик ҳуқуқи, ҳазил-мутойиба, тиббиёт, мотам, мусиқа, мифология, рақам, ҳомиладорларга муносабат, хусусий мулкка эгалик ҳуқуқи, диний расм-русумлар, болани кўкракдан ажратиш, об-ҳавони кузатиш ва б. категориялардир. Биз ҳам маданиятнинг мазкур таркибий қисмларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, кўпроқ моддий маданият ва маънавий маданиятга, жумладан, амалий ва тасвирий санъат асарларига, илм-фанга, диний таълимотларга, этнографияга, мифология, ёзув ва бошқа баъзи жиҳатларига эътибор қаратамиз.
Маданиятнинг универсаллиги шунинг учун пайдо бўладики, ҳамма одамлар, дунёнинг қайси қитъасида яшамасин, жисмоний жиҳатдан бир хил тузилган, ҳаммасида ҳам бир хил биологик эҳтиёж бор, бир хил муаммоларга дуч келадилар. Одамлар туғиладилар, яшайдилар, вафот этадилар, шунинг учун ҳамма халқларда туғилиш ва вафот этиш билан боғлиқ одатлар, удумлар бор ва ҳ. Маданият универсаллигининг пайдо бўлиши тўғрисида сўз кетганда, албатта, гап маданиятнинг ибтидоий кўринишларига бориб тақалади.
Бугунги Ўзбекистон ҳудудида энг қадимги даврлардан бошлаб инсоният истиқомат қилган. Ўлканинг табиий шароити инсоният истиқомат қилиши учун шарт-шароит яратган. Археологлар бу борада бизга ёрдам беради. Бугунги Ўзбекистон ҳудуди Марказий Осиёдаги энг қадимий инсоният масканларидан бири эканини археология фани исботламоқда.
Дунё археология фани турли даврларда инсониятнинг яшаш тарзи, яшаш омиллари асосида маданий босқичларни ишлаб чиққан. Дунёнинг турли жойларидаги маданий босқичлар турлича. Жумладан, Африкадаги Мустъер маданий босқичи энг қадимги деб эътироф этилган. Марказий Осиёдаги энг қадимий маданият босқичларидан бири Селенгур маданияти деб ном олган. Бу маданий босқич Марказий Осиёдаги энг қадимий инсоннинг ҳаёт тарзини кўрсатади. Селенгур маданияти деб ном олган объект Фарғона водийсининг Сўх туманида. Мазкур маданий объект инсоният ҳаётига оид кўплаб маълумотларни йиғишга ва ўзгартиришга ёрдам берди. Ўлкамизда инсоният ҳаёти бир миллион йил нарида экани исботланди. Қолаверса, Марказий Осиё маданиятига оид мавжуд анъанавий тасаввурларни ўзгартиришга ҳам Селенгур маданияти туртки берди.
Тош даврига оид мазкур обида Ўзбекистон ҳудудида тасодиф эмас эди. Бу топилма Марказий Осиё маданияти тарихида кейинги даврларда ҳам давом этди ва кенг ёйилди. Селенгур маданиятига оид ашёлар орасида қушнинг тумшуғига ўхшаш болта, уй-рўзғор буюмлари шулардан намуна бўлиб, кейинчалик Марказий Осиёда кенг ёйилган, мустаҳкам ўрнашган ҳайвонот услубининг илк намунаси эди.
Мазкур маданий босқичга оид намуналар Ўзбекистоннинг қадимий тупроғидан кўплаб топилди. Қуйидаги далилга мурожаат этайлик.
1932 йили академик А.П.Окладников бошчилигидаги Термиз экспедицияси Бойсун тоғидаги Тешиктош ғоридан Мустъер маданиятига2 оид ашёларни топдилар. Топилмалар орасида одамнинг боши, тана аъзолари, суяклари диққатга сазовор эди. Суяклар жой-жойига қўйиб тикланди. Натижада 9-10 ёшли боланинг скелети ҳосил бўлди. Бу скелет Европа, Осиё ва Африкадаги Мустъер даврига оид неандертал одам тоифасига мансублиги маълум бўлди.
Илк инсоннинг юртимизда яшагани тўғрисидаги маълумотлар албатта катта янгилик эди. Яна бир диққатга сазовор томони шу бўлдики, қабр устига тоғ эчкисининг шохлари қўйилган экан. Эчки шохлари қабрга безак учун қўйилган эмас, балки ўша даврга оид одамнинг дунёқараши, фикрлаши тарзини кўрсатарди. Тотемистик фикрлаш айни шу даврдан бошланганини мазкур ёдгорлик далиллайди. Чунки инсоният пайдо бўлгандан бошлаб атроф-муҳитга, табиий ҳодисаларга ўз муносабатини билдирган. Бу жараённи ибтидоий фикрлаш тарзи билан боғлаш лозим: инсон табиат билан ўзи ўртасига чегара қўймаган даврнинг маҳсули сифатида юзага келган.
Ўзбекистон тупроғидан топилган мазкур икки қадимий обида юртимизда инсоният ҳаёти, уларнинг яшаш тарзи тўғрисида тўлақонли тасаввур ҳосил қилади. Дунёнинг ҳамма қитъасида ҳам бир хилдаги маданий ёдгорлик учрайвермайди.
Мустъер маданиятига оид мазкур босқич Селенгур маданиятидан бир оз кейинроқ - тош даврининг 800 - 700 минг йилликларига оиддир.
Мустъер маданияти кенгроқ тарқалган бўлиб, дунёнинг бошқа жойларида ҳам учрайди. Жумладан, 1952 йили Қримда Боғчасарой ёнида 1,5-2 ёшли боланинг бош суяги топилди. Мана шу топилмадан бошлаб Мустъер маданияти деган термин маданий тушунча сифатида кириб келди.
Ўрта Осиё минтақаси ҳамма даврда ҳам маданий обидаларга бойлиги жиҳатидан дунё маданияти тарихида алоҳида ажралиб туради. Маданий қатламлардаги узлуксизлик Ўрта Осиё маданиятида янги, такрорланмас обидаларни яратишга сабаб бўлди. Инсониятнинг бадиий тафаккури чексиз имкониятларга эгалигини ҳам айнан Ўрта Осиёдан топилган маданий обидаларда кўрамиз. Тешиктошдаги эчки шохи бадиий тафаккўрнинг илк намунасидир. Кейинчалик инсоният тош ва қояларга суратлар ўйиш орқали ўз қобилиятини намоён қилди. Бу суратлар орқали ибтидоий инсон кундалик воқеаларни ифодалаб қолмаган, балки оламни кенг қамровли, мифология орқали англашни намоён қилган. Тош ва қояларга ўйилган суратларда турли жонзотлар, қушлар, афсонавий махлуқлар асосий ўрин эгаллайди.
Ўзбекистоннинг жанубида - Кўҳитанг тоғларида ҳозирда ҳам инсон оёғи кам етиб борган жойлар мавжуд. Мана шундай жойлардан бири тоғдаги Зариўтсой бўйидаги ғорлардир. Сойнинг қирғоқларида жойлашган ғорларда инсонларнинг суратлари ҳам бор. Бу суратларнинг қачон яратилгани маълум эмас. Аммо инсониятнинг илк маданий босқичларида яратилган деб хулоса чиқариш мумкин. Афсонавий махлуқлар, бошқа баъзи тасвирлар шундан далолат беради.)
Зариўтсой - Олтин ўт дараси деганидир. Сойнинг ўрта қисмида катта «айвон» бўлиб, бу жой Зариўт камар деб айтилади. Бу қисмда диққатга сазовор суратлар бор. Айниқса, қушлар ва ҳайвонларнинг тасвирига кўпроқ эътибор қаратилган. Ҳамма халқларнинг илк маданий босқичида қушлар ва ҳайвонлар тасвири асосий ўрин эгаллайди. Шарқдаги аксарият ибтидоий маданиятда шу жараённи кўриш мумкин. Санъатнинг бу тури ҳайвонот услуби деб номланади. Милоддан олдинги биринчи минг йилликларга оид асарларга нисбатан эса скиф-ҳайвонот услуби деган ном ҳам қўлланади. Санъатнинг бу тури дунёнинг кўп ҳудудларида қадимий санъат тури - амалий ва тасвирий санъатга нисбатан қўлланади.

Download 423 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   16   17   18   19   20   21   22   23   ...   85




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling