Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Download 1.53 Mb.
bet156/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   152   153   154   155   156   157   158   159   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Ихтиёрий хабар бериш – бу пора берувчининг пора берганлиги ҳақидаги ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилган ҳар қандай шаклдаги арзидир. Бунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган жиноят ҳақида хабар топмаган бўлиши керак. Ихтиёрий хабар бериш мотиви ва пора бергандан кейин ўтган вақт аҳамиятга эга эмас. Пора берганлиги ҳақида ихтиёрий арз қилиш – милиция, прокуратура, судга оғзаки ёки ёзма арз қилишни назарда тутади. Пора берувчи томонидан арз қилиниши, бу ҳақда ҳокимият органларига маълум бўлмаса, ихтиёрий деб топилади.
Қонуннинг мазмунига кўра, жиноят ҳақида ихтиёрий арз қилган пора бериш иштирокчилари ҳам ЖК 211-моддаси 4-қисмига асосан жавобгарликдан озод этилади. Агар хабар бериш иштирокчилар билан келишув асосида уларнинг барчаси номидан қилинмаган бўлса, арз берган пора берувчидан ташқари бошқа иштирокчилар (ташкилотчи, бажарувчи, далолатчи, ёрдамчилар) жавобгарликдан озод этилмайди.
Товламачилик мотивлари билан пора сўралганлиги ёки пора берилганлиги ҳақида ихтиёрий арз қилиш асосида пора берувчининг жиноий жавобгарликдан озод қилиниши, бу шахсларнинг ҳаракатида жиноят таркибининг йўқлигини англатмайди. Шунинг учун улар жабрланувчилар сифатида эътироф этилмайди ва пора берган қимматликларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга эмас.
12. Пора берганлиги ҳақида ихтиёрий арз қилиш айни вақтда мансабдор шахс томонидан пора олинганлиги ҳақида арз қилиш ҳисобланганлиги боис судлар ЖК 237-моддасида назарда тутилган ёлғон хабар берганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкинлиги арз қилувчига тушунтирилган ёки тушунтирилмаганлигини аниқлаши керак. Агар ёлғон хабар берган бўлса, суд арз қилувчини (хабар берувчини) жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриши керак[274].
212 - м о д д а. Пора олиш-беришда воситачилик қилиш
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек, манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран, хавфли рецедивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210, 211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда содир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш:
а) ҳақ эвазига;
б) жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш билан;
в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
г) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.
1. “Воситачилик” сўзи томонлар ўртасида келишувга эришиш, алоқа ўрнатишга кўмаклашиш маъносида ишлатилади. Ўз-ўзидан воситачи бу томонлар ўртасидаги воситачилик фаолиятини амалга оширадиган шахсдир[275].
Пора олувчи ва берувчидан фарқли равишда, воситачи моддий қимматликлар ва бошқалар эвазига ўз манфаатлари йўлида мансабдор шахс билан бир ҳаракатни бажариш ёки бажармаслик учун ҳаракат қилмайди, балки фақатгина пора олувчи кўрсатмаси билан пора предметини бевосита беради. Бунда воситачи ҳаракатларини 212-модда билан квалификация қилишда, воситачилик учун пора берувчи ёки олувчидан рағбатлантириш олган ёки олмаганининг аҳамияти йўқ. Шу билан бирга, пора олиш-беришни ташкил этувчи шахс, далолатчилик ёки ёрдамчилик қилиб, бир вақтнинг ўзида воситачилик қилса, пора берган ёки олганликда иштирокчилик қилганлиги учун жавобгарликка тортилади. Бундай иштирокчи ҳаракатларини квалификация қилиш тўғрисидаги масала, унинг қасди йўналиши, кимнинг манфаатини кўзлаганлиги, кимнинг – пора олувчининг ёки пора берувчининг ташаббуси билан ҳаракат қилишини назарда тутиб ҳал этилади. Бу ҳолатда ЖК 212-моддаси бўйича қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди[276].
2. Жиноят объекти давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолият юритишининг белгиланган тартибига тажовуз қилиш объектига мос келади (ЖК 205-моддаси шарҳига қаранг).
3. Жиноятнинг объектив томони манфаатдор шахснинг пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган топшириғига биноан бевосита порани беришда ифодаланади.
Шундай қилиб, воситачилик икки шаклда намоён бўлади:
¨ пора олиш-бериш тўғрисидаги келишувга эришиш;
¨ пора предметини бевосита бериш.
4. Пора олиш-бериш ҳақидаги келишувга эришиш деганда, воситачининг пора бериши ёки унинг мансабдор шахс томонидан олинишига хизмат қилувчи ҳар қандай хатти-ҳаракати тушунилади.
5. Пора олиш-беришда воситачилик қилишнинг бошқа шакли манфаатдор шахс топшириғи билан пора предметини бевосита беришда ифодаланади.
6. Корхона, муассаса, ташкилот ёки уларнинг бўлимлари раҳбар кўрсатмаси билан била туриб унга хизмат жиҳатидан бўйсунган шахснинг воситачилик қилиши ЖК 212-моддаси билан квалификация қилиш учун асосдир.
7. Воситачилик пора предметининг ҳеч бўлмаганда бир қисми пора олувчи томонидан олинган пайтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланади. Тахмин қилинаётган пора олинмаса, воситачининг ҳаракатлари пора олиш-беришда воситачилик қилишга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилинади.
8. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор унинг ҳаракатлари пора олиш-бериш ҳақидаги келишувга эришиш ҳамда пора олувчи ва берувчининг топшириғи билан пора беришга йўналтирилганлигини билади ҳамда буни хоҳлайди.
9. Жиноят субъекти – ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс ҳисобланади.
10. ЖК 212-моддаси 2-қисмида воситачилик:
а) такроран, хавфли рецедивист томонидан ёки илгари ЖК 210 ёки 211-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда содир этилганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
11. Пора олиш-беришда такроран воситачилик қилиш (ЖК 212-моддасининг 2 қисми “а” банди) деганда, шахс томонидан камида икки марта ушбу жиноятни содир этиб, уларнинг бирортаси учун ҳам жавобгарликка тортилмаганлик ва жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетмаганлиги назарда тутилади.
Бир неча ҳаракатлар билан порани беришда воситачилик қилиш такроран воситачиликка кирмайди.
Бир вақтнинг ўзида иккита пора берувчи шахснинг манфаатини кўзлаб, уларнинг ҳар бири учун ҳаракат бажариш мақсадида бир мансабдор шахсга пора беришда воситачилик қилиш, такроран воситачилик сифатида квалификация қилиниши лозим.
12. ЖК 212-моддасининг 2-қисми такроран, хавфли рецедивист томонидан ёки илгари ЖК 210 ёки 211-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан (“а” банди) ҳамда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида (“б” банди) содир этилган воситачилик учун жавобгарликни назарда тутади. Мазкур квалификация белгилари ўз мазмунига кўра пора олиш ёки пора беришдаги шундай белгилар билан мос тушади (ЖК 210, 211-моддалари шарҳига қаранг).
13. Бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда пора олиш-беришда воситачилик қилиш ЖК 212-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича квалификация қилинади.
Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён эканлиги деганда, айбдор пора берувчининг топшириғи билан пора предметини айнан олдиндан тил бириктирган мансабдор шахслар гуруҳига бераётганлигини билади. Ушбу ҳолат бўлмаса, қилмиш шарҳланаётган модданинг ушбу банди билан квалификация қилинмайди.
14. ЖК 212-моддаси 3-қисмида пора олиш-беришда воситачилик қилиш:
а) ҳақ эвазига;
б) жуда кўп миқдорда пора олиш ёки беришда;
в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
г) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
15. Хизмати эвазига ҳақ олиш тарзидаги жиноят субъектив томонининг факуьтатив белгиси ҳисобланувчи ғаразли манфаат мавжудлиги, қилмишни ЖК 212-модда 3-қисми “а” банди бўйича квалификация қилишни тақозо этади. Бунда ҳақ воситачилик ҳаракатлари амалга оширилишидан олдин ёки кейин олинганлиги аҳамиятга эга эмас. Олинган ҳақ суммаси квалификацияга таъсир этмайди.
16. Жуда кўп миқдорда пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз баравари ва ундан кўп бўлган миқдорда воситачилик қилиш ЖК 212-моддаси 3-қисми “б” банди бўйича квалификация қилинади (Жиноят кодексининг Махсус қисми VIII бўлимига қаранг).
17. Уюшган гуруҳ манфаатини кўзлаб пора олиш-беришда воситачилик қилинганда, айбдорнинг ҳаракати ЖК 212-моддаси 3-қисми “в” банди бўйича квалификация қилинади. Бунда воситачи унинг ҳаракати уюшган гуруҳ манфаатлари йўлида пора олиш-беришга келишувга эришишга қаратилганини ва бевосита уюшган гуруҳ топшириғи билан пора бераётганлигини билади (ЖК 29 ва 205-моддалари шарҳига қаранг).
18. Воситачиликнинг масъул мансабдор шахс томонидан амалга оширилиши деганда, воситачилик ҳаракатининг мансабдор шахс томонидан ўз хизмат ва мансаб ваколатидан фойдаланиб амалга оширилиши тушунилади. (Масъул мансабдор шахс тушунчаси ва белгилари ҳақида ЖК 205-моддаси шарҳи ва Жиноят кодексининг Махсус қисмининг VIII бўлимига қаранг.)
19. ЖК 212-моддаси 4-қисмида пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод этиш шартлари кўрсатилган. Пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. Бу шартлар пора бериш (ЖК 211-моддаси) ҳақида ихтиёрий арз қилганлик учун жиноий жавобгарликдан озод этиш шартлари билан бир хилдир.
213 - м о д д а. Хизматчини пора эвазига оғдириш
Хизматчини пора эвазига оғдириш, яъни давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаган хизматчисига ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, анча миқдорда моддий ҳақ бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаган хизматчисининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни ўзига оғдираётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, анча миқдорда моддий ҳақ олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210-212-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган модда жиноят субъекти ва муҳофаза қилинадиган қадриятлар доираси бўйича янги ҳисобланади. У пора олиш ва бериш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаларга ўхшаш. Бироқ қонун чиқарувчи хизматчини ҳақ эвазига оғдириш ва порахўрлик ўртасидаги яққол фарқни белгилаб берди. Бу фарқлар: пора олувчи оммавий ҳуқуқ субъекти сифатида намоён бўлиб, давлат номидан иш кўради. Оғдириб олиш амалга ошириладиган субъект – хизматчи эса давлат органи, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ёки муассасанинг, жамоат бирлашмаси, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахси бўлмаган субъектдир. Бошқача айтганда, хизматчи ташкилий-фармойишли ва маъмурий-хўжалик ваколатларига эга эмас.
Шарҳланаётган модданинг мақсади давлат органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар фаолият тартиби, шунингдек, фуқаролар, юридик шахслар, давлат манфаатларининг жиноят-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдир.
Шарҳланаётган модда иккита мустақил жиноят таркибига эга. Биринчи қисмида хизматчини ҳақ эвазига оғдирганлик учун жавобгарлик, иккинчи қисмида хизматчи томонидан қонунга хилоф эканлигини била туриб моддий ҳақ олиниши ёки мулкий манфаатдор бўлиниши учун жавобгарлик назарда тутилган.
2. Жиноят объекти – бошқарув органлари, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилотнинг, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг нуфузи ҳамда нормал фаолият юритиши, шунингдек, фуқаролар манфаатларидир.
3. Жиноят предмети порахўрлик жинояти предмети билан бир хил. Предмет сифатида моддий қимматликлар (пул, хорижий валюта, қимматли қоғозлар, қимматбаҳо буюмлар, саноат маҳсулотлари) шунингдек, хизматчига текинга ёки қуйи нархларда кўрсатиладиган турли хилдаги хизматлар бўлиши мумкин.Улар жумласига санаторияга йўлланма ёки туристик йўлланмаларни тақдим этиш, таъмирлаш ёки қурилиш ишларини амалга ошириш ва бошқалар киради.
4. ЖК 213-моддаси 1-қисми объектив томондан хизматчини пора эвазига оғдириш, яъни давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлмаган хизматчисига ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, анча миқдорда моддий ҳақ бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишда ифодаланади. Мазмунан ЖК 213-моддаси 1-қисмидаги ҳаракатлар ЖК 212-моддаси (пора бериш)даги ҳаракатларга мос тушади, улар ўртасида ягона фарқ шундан иборатки, бу ерда ҳақ мансабдор шахсга эмас, балки хизматчига (уни ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатини кўзлаб) берилади.
5. Моддий ҳақ бериш ёки мулкий манфаатдор этиш деганда, хизматчига уни ўзига оғдираётган шахс манфаатини кўзлаб хизмат вазифасига кирадиган ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслиги учун унга мулкий характердаги қимматликлар ёки қонуний мулкий баҳода бериладиган фойдани бериш тушунилади.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   152   153   154   155   156   157   158   159   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling