Ажримларга, шунингдек, иккинчи инстанция судларининг барча қарорлари ҳамда юқори поғона (судлар раёсатидан ташқари) судлар томонидан қонуний кучга кирмаган (апелляция инстанциясида иш кўришда) ёхуд қонуний кучга кирган (кассация, назорат ёки янгидан очилган ҳолатлар муносабати билан айтиб ўтилган суд ҳужжатларини қайта кўриш) ҳукм, ажрим ва қарорларни қайта кўриш пайтида қабул қилинган қарорлар киради.
7. Қарор – бу қонуний кучга кирган суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорларини қайта кўриб чиқиш натижасида суд раёсатининг қабул қилган қарори ҳамда суд ҳукмидан ташқари судьянинг якка тартибда қабул қилган ҳар қандай қарори (масалан, иш юритишни тўхтатиш тўғрисидаги қарор). Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарлик масаласи юзасидан қабул қилинган суд қарори ҳам қарорлар тоифасига киради.
8. Жиноят объектив томонининг зарурий белгиси – ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорнинг (суд ҳужжатининг) адолатсизлиги.
Адолатсиз деб, ишнинг аниқланган ҳолатларига зид равишда ёки моддий ёхуд процессуал қонунни жиддий бузган ҳолда қабул қилинган суд ҳужжати тушунилади. Адолатсиз суд ҳужжати жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал ҳамда хўжалик-процессуал қонунга асосан бекор қилиниши лозим.
9. Жиноят ишлари бўйича қабул қилинган адолатсиз ҳукмларнинг энг кўп учрайдиган турларига қуйидагилар киради: айбловнинг исбот этилмаганлиги (айбсиз шахснинг судланганлиги); айбдорнинг айби исбот этилганда уни оқлаб чиқариш; жиноятни оғирлаштириш ёки енгиллаштириш тарафига олдиндан нотўғри квалификация қилиш; жиноятни нотўғри квалификация қилиш оқибатида ёки мустақил тарзда асоссиз жуда оғир ёки жуда енгил жазо тайинлаш ва ҳоказо.
Санаб ўтилган адолатсиз ҳукм турлари моддий қонуннинг жиддий бузилиши билан тавсифланади.
Шунингдек, жиноят-процессуал қонун-қоидаларининг жиддий бузилиши (судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқининг бузилиши, ҳимоячи билан таъминламаслик, охирги сўз берилмаслиги ва бошқа ҳолатлар) оқибатида ҳам ҳукм адолатсиз ҳисобланади.
10. Фуқаролик иши ёки хўжалик низоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори даъво асоссиз қаноатлантирганда, фуқаролик ёхуд хўжалик иши бошқача тарзда нотўғри ҳал этилганда, шунингдек, фуқаролик-процессуал қонунчилик жиддий равишда бузилганда (масалан, томонларнинг тенг ҳуқуқлилик принципи бузилганда) адолатсиз деб топилади.
11. Иш кўриш жараёнида юзага келувчи турли хил масалалар бўйича биринчи инстанция судининг ажрими ҳам адолатсиз бўлиши мумкин, масалан, эҳтиёт чорасини ўзгартириш, ишни тўхтатиш, квалификацияни ўзгартириш, далилларни таъминлаш чораларини ўзгартириш ҳақида ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |