Ионлаштирувчи нурланиш манбаи – ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи ёки чиқаришга қодир бўлган қурилма ва радиоактив модда.
Тузилма сифатида ионлаштирувчи нурланиш манбаи ўзида ядро қурилмалари билан боғлиқ бўлмаган, таркиби радиоактив моддалар ёки ионлаштирувчи нурланиш генерациясидан иборат бўлган мажмуалар, қурилмалар, аппаратлар, жиҳозлар ва маҳсулотларда ифодаланади.
Ионлаштирувчи нурланиш манбаи сифатида радиоактив моддалар ядровий материаллар жумласига кирмайдиган, ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи моддалар (радий, уран, плутоний, кобальт 60, стронций) ҳисобланади.
Ядровий материаллар – таркибида парчаланадиган ядровий моддалар (масалан, йод 131, цезий 137, нурланишга учраган ускуналар ва бошқалар) бўлган ёки уларни чиқаришга қодир бўлган материаллар.
Ядровий материаллардан ва радиоактив моддалардан олинган кейинчалик фойдаланиш кўзда тутилмаган радиоактив чиқиндилар ҳам жиноят предмети ҳисобланиши мумкин.
3. Объектив томондан ЖК 252-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш билан тафсифланади.
Эгаллаш деганда, радиоактив материалларни қўлга киритишнинг ҳар қандай усулини тушуниш зарур.
Радиоактив материаллар мустақил жиноятларни (босқинчилик, товламачилик) содир этиш орқали эгалланган ҳолларда, айбдор шахс ҳаракатлари оғирроқ жазо назарда тутилган модда бўйича квалификация қилиниши лозим.
4. Жиноят радиоактив материаллар амалда қандай йўл билан эгалланганидан қатъи назар, уларга эгалик қилиш вақтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
5. Жиноятнинг субъектив томони айбнинг тўғри қасд шакли билан тавсифланади. Айбдор радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаши ижтимоий хавфлигини англайди ва уларни содир этишни хоҳлайди.
Жиноят содир этиш мотиви ва мақсади қилмишни квалификация қилишда аҳамият касб этмайди.
6. Ўн тўрт ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
7. ЖК 252-моддасининг 2-қисмида:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда радиоактив моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш учун жавобгарлик назарда тутилган.
8. (Такрорийликни квалификация қилиш белгилари тўғрисида ЖК 29, 34, 32, 205-моддалари шарҳига қаранг.)
9. ЖК 252-моддасининг 3-қисмида:
а) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан радиоактив моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ҳаракатларининг содир этилиши учун жавобгарлик назарда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |