Махсус қисм б и р и н ч и б ў л и м шахсга қарши жиноятлар I боб. ҲАётга қарши жиноятлар 97 м о д д а. Қасддан одам ўлдириш


Download 1.53 Mb.
bet23/277
Sana13.11.2023
Hajmi1.53 Mb.
#1771718
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   277
Bog'liq
jinoyat kodeksiga sharx maxsus qism qo`l bola

Мажбур этиш – бу аёлни ёмон ҳолатга туширишга қаратил­ган ҳаракатлар, масалан, ишдан бўшатиш, кам ҳақ тўланадиган лавозимга кўчириш, мукофотдан маҳрум этиш, агар  талаба бўлса унга ёмон баҳо қўйиш, кредит беришни рад этиш билан қўрқитиш ва ҳока­золар.
4. Муайян енгилликлар бериш, иш учун яхши шароит ва имтиёзлар яратиш, совғалар тақдим этиш, қонуний ва ноқону­ний тарзда жинсий муносабат билан боғлиқ бўлмаган муайян хизматлар кўрсатиш мажбур этиш деб топилмайди. Жинсий алоқа қилишни аёлга таклиф этишнинг ўзи мазкур жиноят таркибини ҳосил қилмайди.
5. Мажбур этиш аёлни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳ­тиёжни ғайритабиий усулда қондиришга кўндириш мақсадида содир этиладиган руҳий тазйиқнинг махсус шаклидир.
Номусга тегишдаги руҳий тазйиқ ўтказишдан фарқли ра­вишда, мажбурлашнинг бундай шакли қўрқитишнинг дарҳол амалга оширилмаслигида ифодаланади. Айни вақтда қўрқитиш орқали етказиладиган зарар жабрланувчи шахсига тегишли бўлмай, балки унинг мулкий ва бошқа шахсий ҳуқуқларига таал­луқлидир. Бундан ташқари, зарарнинг хусусиятига кўра, уни фақат жабрланувчи моддий, хизмат ёки бошқа жиҳатлардан қарам бўлган шахслар етказа олиши мумкин, бунда аёлнинг ўзига боғ­лиқ бўлган вариантни танлаш имконияти бор.
6. Агар аёл хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан қарам бўлган шахс, номусга тегишга хос руҳий тазйиқ ўтказиб, аёл би­лан жинсий алоқа қилмоқчи ёки жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирмоқчи бўлса, унинг ҳаракатини ЖК 118 ёки 119-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиш керак.
7. Хизмат жиҳатидан қарамлик деганда, аёлнинг мажбур­ловчи шахсга хизмат бўйича бевосита тобелиги тушунилади.
Бошқа жиҳатдан қарамлик деганда, аёлнинг бўйсуниши би­лан боғлиқ бўлмаган бошқа вазифалар туфайли айбдор шахсга тобелиги, масалан, аспирантнинг илмий раҳбарга, гумондор аёл­нинг терговчига, бирон-бир нарса ҳақида илтимос қилган аёлнинг ушбу илтимосни қондириши мумкин бўлган шахсга ва ҳоказолар тушунилади.
Моддий қарамлик деганда, аёлнинг жинсий эркига тажовуз қиладиган шахснинг тўла қарамоғида бўлиши ёки унинг яшаши учун асосий маблағларни ундан олиб туришини тушуниш зарур.
8. Номусга тегишдан фарқли ўлароқ, айбдорнинг аёлни жин­сий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этиши пировард натижага эришилмаганда ҳам тугалланган жиноят деб топилиши ва ЖК 121-моддасининг 1-қисми бўйича квалификация қилиниши лозим.
Айбдор ўз мақсадига эришган ва аёлни ўзи билан жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган ҳолларда қилмишни ЖК 121-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилиш керак.
9. Шахс аёл билан жинсий алоқага киришар экан ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирар экан, унинг иродаси бошқа шахс томонидан синдирилганлигини билса, айбдор шахс­нинг ҳаракатини ЖК 121-моддасининг тегишли қисмлари бўйича квалификация қилиб бўлмайди. Айрим ҳолатларда бундай шахс жинсий алоқа қилишга мажбур этиш ташкилотчиси ёки далолат­чиси сифатида ЖК 28 ва 121-моддаларининг тегишли қисмларига кўра жавобгарликка тортилиши мумкин.
10. Субъектив томондан жиноят фақат тўғри қасддан содир этилади.
11. Жиноятнинг субъекти – ўн олти ёшга тўлган ҳам эркак, ҳам аёл жинсидаги шахс бўлиши мумкин.
V боб. ОИЛАГА, ЁШЛАРГА ВА АХЛОҚҚА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
122 - м о д д а. Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз
шахсларни моддий таъминлашдан
бўйин товлаш
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жа­рима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қа­моқ билан жазоланади.
1. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради (Ўзбекистон Республикаси Конституция­сининг 64-моддаси).
Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби ва фуқаролик ҳола­тидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар (Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 65-моддаси).
2. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, ота-оналарга ўзларининг вояга етмаган ёхуд вояга етган бўлсалар ҳам, меҳнатга лаёқатсизликлари боис моддий ёрдамга муҳтож бўлган болаларини таъминлаш мажбурияти юкланган.
3. Ота-оналарнинг ЖК 122-моддаси бўйича жавобгарлик фақат ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан бола­лар таъминоти учун маблағ ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган ҳоллардагина келиб чиқади.
4. Жиноят объекти суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, во­яга етмаганлар ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг манфаатлари, яъни соғлиғи, нормал жисмоний ривожланиши ва моддий ёрдам олиши ҳисобланади.
5. Жиноятнинг объектив томони суднинг ҳал қилув қарори кучга киргандан сўнг уч ой мобайнида вояга етмаган ёки меҳ­натга лаёқатсиз фарзандларини моддий таъминлашдан бош тор­тишда ифодаланади.
6. Бўйин товлаш деганда, нафақат суднинг ҳал қилув қаро­рини ижро этишдан бевосита бўйин товлашни, балки айбдорнинг ижро варақаси бўйича ушлаб қолинадиган маблағни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида оладиган ҳақиқий маошини, бошқа да­ромадларини яшириши, иш ёки яшаш жойини ўзгартириши ёхуд шу мақсадда меҳнатдан бўйин товлаши ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
7. Меҳнатга лаёқатсизлар биринчи ва иккинчи гуруҳ ноги­ронлари деб топилганлар ёхуд касаллиги боис вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган шахслардир.
8. Суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган кундан бошлаб жами уч ой муддат ичида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун суднинг ҳал қилув қарори бўйича ундирилиши лозим бўлган маблағларни тўламаслик ҳолати юз берганда, жиноят тугалланган ҳисобланади.
9. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир эти­лади. Мотив ва мақсад жиноят квалификациясига таъсир этмайди.
10. Жиноят субъекти бўлиб вояга етма­ган ёки меҳнатга лаёқатсиз, моддий ёрдамга муҳтож шахсларни моддий таъминлаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиққан ўн саккиз ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
11. Кўрсатиб ўтилган шахсларни таъминлаш мажбурияти зим-масига юкланган шахс, агар, узрли сабабларга кўра, масалан, касаллиги, меҳнатга лаёқатсизлиги, ногиронлиги ва ҳоказолар туфайли уларни таъминлаш имкониятига эга бўлмаса, ЖК 122-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқмайди.
123 - м о д д а. Ота-онани моддий таъминлашдан
бўйин товлаш
Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёр­дамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жа­рима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қа­моқ билан жазоланади.
1. Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-онала­рини таъминлашга мажбурдирлар. Оила кодексига мувофиқ, во­яга етган фарзандлар меҳнатга лаёқатсиз, моддий ёрдамга муҳтож ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашлари шарт.
2. Жиноят объекти ахлоқ, ота-оналарнинг ёки уларнинг ўрнини босувчиларнинг соғлиғи ва нормал ҳаёт кечиришлари ҳи­собланади.
3. Жиноятнинг объектив томони вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслигида ифодаланади.
4. Шахсни ЖК 123-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун, ота-онани ёки уларнинг ўрнини босадиган шахс­ларни боқиш учун моддий таъминлашни, вояга етган фарзандлар зиммасига юкловчи суднинг ҳал қилув қарори мавжудлиги аниқланиши зарур (Бўйин товлаш тушунчаси тўғрисида ЖК 122-мод­даси шарҳига қаранг).
5. Меҳнатга лаёқатсиз ота-оналар деганда, 55 ёшга тўлган аёллар, 60 ёшга тўлган эркаклар, шунингдек, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ота-оналар тушунилади.
Расман фарзандликка олган шахслар ҳам ота-оналар сирасига киради.
Агар моддий ёрдам тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори чиққандан кейин уч ойдан ортиқ муддат ўтиб, ёрдам кўрсатиши лозим шахс бундай ёрдамни кўрсатмаган бўлса, жи­ноят тугалланган ҳисобланади. Ёрдам кўрсатишдан бош тортиш усули квалификацияга таъсир этмайди.
6. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Жиноят мотиви ва мақсади квалификация учун аҳамият касб эт­майди.
7. Мазкур жиноят субъекти суднинг ҳал қилув қарорига кўра зиммасига ота-оналарини ёки уларнинг ўрнини босадиган шахс­ларни моддий таъминлаш мажбурияти юкланган вояга етган ўз фарзандлари, боқиб олинган ўғил-қизлар, шунингдек, ўгай ўғил ва қизлар бўлиши мумкин.
124 - м о д д а. Болани алмаштириб қўйиш
Тамагарлик ёки бошқа паст ниятларда қасддан болани ал­маштириб қўйиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти бола ва ота-оналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, ахлоқи ҳисобланади.
2. Жиноятнинг объектив томони тамагирлик ёки паст ният­ларда болани алмаштириб қўйишда ифодаланади.
3. Болани алмаштириб қўйиш – бу янги туғилган ёки эми­зикли чақалоқни бошқаси билан (масалан, касал болани соғлом бола билан, қизни ўғил бола билан, бир миллат боласини бошқаси билан ва ҳоказолар) алмаштиришда ифодаланган ҳара­катлардан иборат. Бола эгаллаб олинган ва бошқаси билан ал­маштириб қўйилган пайтдан жиноят тугалланган ҳисобланади.
4. Субъектив томондан жиноят фақат қасддан содир эти­лади.
Жиноят мотиви зарурий белги ҳисобланади. Жиноятнинг са­баби тамагирлик ёки бошқа паст ниятлар (ўч, ҳасад ва бошқалар) бўлиши мумкин. Чақалоқни эҳтиётсизлик оқибатида алмаштириб қўйиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди.
5. Жиноятнинг субъекти ҳар қандай 16 ёшга тўлган жисмо­ний шахс ёки тегишли муассаса (туғруқхона, болалар уйи ва бошқалар) ходими бўлиши мумкин.
125 - м о д д а. Фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш
Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳ­рум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз баравари­гача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) касб фаолияти ёки хизмат мавқеига кўра фарзандликка олишни сир сақлаши шарт бўлган шахс томонидан содир этилган бўлса;
б) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса;
в) оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз баравари­гача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ туза­тиш ишлари ишлари билан жазоланади.
1. Жиноят объекти оиланинг манфаатлари ва фарзанднинг нормал маънавий ривожланишидир.
2. Объектив томондан жиноят фарзандликка олувчилар (улар бўлмаган ҳолларда васийлик ва ҳомийлик органлари)нинг рози­лигисиз фарзандликка олиш сирларини ошкор қилиш ёки ФҲДЁ органидаги фарзандликка олганлар ҳақиқий ота-оналар эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишда ифодаланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ўғил ёки қиз қилиб олишнинг сир сақланиши қонун билан қўриқланиши қайд этилган. Фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирларини ошкор қилиш жиноий жазоланадиган қилмишни ву­жудга келтиради.
4. Жиноий жавобгарликни вужудга келтирадиган фар­занд-ликка олиш сирини ошкор этиш, фарзандликка олган шахсларни ҳақиқий ота-онаси эмаслигини (оғзаки, ёзма тарзда ёхуд матбуот ва бошқа усуллар орқали) ошкор этиш, мазкур ах­борот фарзандликка олган шахснинг эркига қарши ошкор қилин­ганда ёки улар мавжуд бўлмаганида ҳомийлик ва васийлик идо­раларининг рухсатисиз ошкор қилинган ҳолатларда ўз ифодасини топади.
5. Фарзандликка олиш сири расмий хабардор бўлиши мум­кин бўлмаган ҳар қандай шахсга ошкор этилиши мумкин.
6. Фарзандликка олинганликнинг ҳақиқий эмас деб топилишини ёки бекор қилинишини талаб қилиш билан боғлиқ ҳолда сирни ошкор қилиш, агар тегишли расмий органларга (судга, ҳомийлик идорасига ва ҳоказоларга) шу ҳақда ариза билан мурожаат қилинган бўлса, мазкур жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
7. Жиноят фарзандликка қилиб олиш сирини ошкор этиш вақти­дан бошлаб, расмий равишда хабар топиши мумкин бўлмаган шахсга етиб борган-бормаганлигидан қатъи назар, тугалланган деб топилади.
8. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. ЖК 125-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилиш учун мотив ва мақсаднинг аҳамияти йўқ.
9. Ҳар қандай шахс, шу жумладан фарзандликка олган эр-хо­тинларнинг бири шарҳланаётган модданинг 1-қисмида назарда тутилган жиноят субъекти бўлиши мумкин.
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида фарзандликка олишга доир сирни сақлаш ўзининг касбий фаолияти билан боғ­лиқ бўлган ёки эгаллаб турган хизмат мавқеига кўра зиммасига юклатилган шахсларга мазкур сирни ошкор этганлик учун кучай­тирилган жавобгарлик белгиланган. Бундай шахслар тоифасига ҳомийлик ёки васийлик идораларининг хизматчилари ва мансаб­дор шахслари, фарзандликка олингунига қадар бола яшаб турган болалар муассасалари маъмурияти ходимлари ва бошқаларни ки­ритиш зарур.
11. Агар фарзандликка олинганлик сирини ошкор қилиш ға­разгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса, айб­дорнинг қилмиши ЖК 125-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан квалификация қилинади.
12. Агар фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш оғир оқи­батларга олиб келган бўлса, қилмишни ЖК 125-моддаси 2-қисми­нинг “в” бандига кўра квалификация қилиш керак.
Шарҳланаётган жиноят бўйича фарзандликка олинганнинг ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилиши, ўзини ўлдириши, руҳий касал­ликка чалиниши, яшаш жойини мажбуран алмаштириши ва шунга ўхшаш ҳолатлар бошқалар оғир оқибатлар ҳисобланади. Оғир оқибатлар мансаб­дор ва жавобгар шахсларнинг фарзандликка олиш сирини ошкор этганликлари боис вужудга келганда, қилмиш мансабни суии­стеъмол қилиш ёки ҳокимият ёхуд мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш сифатида квалификация қилинади.
126 - м о д д а. Кўп хотинли бўлиш
Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ун­дан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз баравари­гача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти одоб-ахлоқ ва жинсий ҳаёт кечириш қои­далари ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят эркакнинг икки ёки ундан ор­тиқ хотин билан умумий рўзғop асосида эр-хотин бўлиб яшашида ифодаланади. Хотинлар бир уйда (квартирада) ёки бошқа-бошқа жойларда яшаши мумкин. Бу ўринда ҳар бир хотиннинг хўжалиги алоҳида ёки биргаликда эрнинг хўжалиги билан ягона рўзғорни ташкил қилиши муҳимдир.
3. Мазкур жиноятнинг муҳим аломати умумий рўзғор асоси­даги эр-хотинликдир.

Download 1.53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   277




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling