Ноқонуний ташкил топган ҳокимият тузилмаси, одатда жамоат бирлашмаси ҳисобланади ва суд бундай бирлашмани, унинг фаолияти қонунга хилофлиги аниқланган ҳолда, тарқатиб юборишга ваколатли орган ҳисобланади. Агар қонунга хилоф тарзда тузилган ҳокимият тузилмаси суднинг тугатилиш тўғрисидаги қарорини ижро этмаса, ЖК 159-моддаси 2-қисмига кўра жавобгарликка тортилади. Агар ҳокимият тузилмаси ягона жисмоний шахс сифатида намоён бўлса, унинг давлат ҳокимияти ваколатларини амалга оширишини тўхтатиши учун асос суднинг қарори ҳисобланади. Конституцияга кўра бундай ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан давлат ҳокимияти ваколатларини амалга оширишни тўхтатиш тўғрисидаги суднинг қарори ушбу ташкилотлар мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларни ЖК 159-моддаси 2-қисмига кўра жавобгарликка тортиш учун зарурий шарт ҳисобланади. Агар ҳокимият тузилмаси Конституция ва қонунларга зид равишда давлат ҳокимиятининг легитим тузилмаси, масалан, вазирлик бўлинмаси сифатида тузилган бўлса, суддан ташқари, юқори турувчи ташкилот ҳам унинг тарқатилишини талаб қилиши мумкин.
15. Шарҳланаётган модданинг 3-қисми қилмишнинг такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир қилганлик учун жавобгарликни назарда тутади.
Конституциявий тузумга тажовузнинг такрорийлиги деганда, ЖК 159-моддаси 1 ёки 2-қисмида кўрсатилган муайян ҳаракатларнинг биттаси содир қилингандан кейин амалга оширилиш тушунилади.
(Такрорийлик тушунчаси тўғрисида батафсилроқ ЖК 52-моддасининг шарҳига қаранг).
Конституциявий тузумга тажовузнинг хавфли рецидивист томонидан содир қилиниши айбдорнинг ЖК 159-моддаси бўйича судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлик олиб ташланмаган пайтда амалга оширилиши тушунилади. (Бу ҳақда ЖК 34-моддаси шарҳига қаранг).
Бу моддага кўра, уюшган гуруҳ сифатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг конституциявий тузумга тажовуз қилиш мақсадида бирлашишлари тушунилиши лозим. (Уюшган гуруҳ тушунчаси тўғрисида батафсилроқ ЖК 34-моддаси шарҳига қаранг.)
16. Конституциявий тузумга тажовузнинг алоҳида шакли сифатида қонун фитнани кўрсатади.
Фитна – ҳокимиятни босиб олиш ёки мавжуд тузумга қарши қаратилган бошқа ҳаракатларни содир қилиш мақсадида уюшган ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисидаги махфий келишув.
Фитнанинг жиноий бирлашма сифатидаги зарурий белгиси унинг мавжуд конституциявий тузум ва ҳокимиятга қарши қаратилганлиги ҳисобланади.
Таҳлил қилинаётган модда диспозициясига кўра, фитна ҳокимиятни босиб олишга ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлашга қаратилган бўлади. Бунда ҳокимиятни босиб олиш деганда, конституциявий тузумни ўзгартирмаган ҳолда конституцияда назарда тутилмаган сиёсий партиялар, ҳаракатлар, гуруҳ ёки бошқа кучларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳокимиятига келишининг конституцияга хилоф усули сифатида тушунилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |