Ўзига ўзи ишонишда шахс давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатлар билан муомалада бўлишнинг белгиланган қоидаларини бузаётганида тегишли ҳужжат ёки ашёларнинг йўқолиши мумкинлигини олдиндан кўра билади, лекин етарли асосларсиз ўзига ўзи ишонганлиги учун бунинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди.
Бепарволикда шахс давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатлар ва ашёлар билан муомалада бўлишнинг белгиланган қоидаларини бузиш жараёнида тегишли ҳужжат ёки ашёни йўқотиш имконияти мавжудлигига кўзи етмайди, лекин кўзи етиши лозим ва мумкин бўлади. Агарда давлат ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжат қасддан йўқотилган бўлса, айбдор, давлатга хоинлик қилиш белгилари мавжуд бўлмаганда, ЖК 162-моддасига кўра жавобгарликка тортилиши керак.
9. Мазкур жиноятнинг субъекти махсусдир. Субъект хизмат ёки касб фаолияти юзасидан давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжат, ашё ёки моддалар ишониб топширилган ва 16 ёшга тўлган шахс бўлиши мумкин.
10. ЖК 163-моддасининг 2-қисмида оғир оқибатлар келиб чиқишига олиб келган давлат сири ёки ҳарбий сир мавжуд бўлган ҳужжатларнинг йўқотилиши учун жавобгарлик назарда тутилади (ЖК 162-моддасининг 2-қисми шарҳига қаранг).
У Ч И Н Ч И Б Ў Л И М
ИҚТИСОДИЁТ СОҲАСИДАГИ ЖИНОЯТЛАР
Х боб. ЎЗГАЛАР МУЛКИНИ ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИШ
Умумий қоидалар
1. Конституциянинг 53-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.
Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, унга нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.
2. Талон-торож қилиш – бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга зид ва ҳақ тўламай ундириш.
Талон-торож қилиш – бу кўп маъноли тушунча бўлиб, мулкка қарши жиноятларнинг маълум бир гуруҳини, яъни босқинчилик, талончилик, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик ва бошқаларни ўз ичига олади.
3. Талон-торож қилиш объекти ўзганинг мулкидир.
Мулк – бу мулкнинг эгаси билан жамиятнинг бошқа аъзолари (мулқдор бўлмаганлар) ўртасида мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича юзага келадиган ҳуқуқий муносабатлардир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 167-моддасига мувофиқ қуйидаги мулк шакллари тан олинади: хусусий ва оммавий.
Do'stlaringiz bilan baham: |