1.3. Иқтисодий таҳлилда қўлланиладиган ахборотларнинг ҳисоботдаларда ифодаланиши бўйича гуруҳлари
Иқтисодий таҳлилда қўлланиладиган ахборотлар ҳисобга олиниши бўйича иккита гуруҳга бўлинади:
ҳисоботда ифодаланидиган;
ҳисоб ва ҳисоботларда ифодаланмайдиган.
Ҳисоботда ифодаланадиган ахборот манбаларига қуйидагилар киради:
бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи;
статистика ҳисоби ва ҳисоботи;
тезкор ҳисоб ва ҳисобот;
танлаб кузатилган ҳисоб маълумотлари.
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида хўжалик операциялари, хўжалик маблағлари ва уларнинг манбалари ифодаланади.
Статистика ҳисоби ва ҳисоботида ҳодиса ва жараёнлар умумий мажмуасининг миқдорий жиҳатлари ифодаланади.
Тезкор ҳисоб ва ҳисоботларга ҳисобот даври ичида олиш мумкин бўлган ахборотлар мажмуаси киради.
Танлаб кузатиш натижасида олинган маълумотлар ҳисоботдаги кўрсаткичларни чуқурлаштириш ҳамда ҳодиса ва жараёнларни алоҳида ўрганиш имконини беради.
Ҳисоб ва ҳисоботларда ифодаланмайдиган маълумот манбаларига қуйидагилар киради:
ички идора ва идорадан ташқари тафтиш маълумотлари;
ички ва ташқи аудит ҳисоботлари;
лаборатория ва тиббий-санитария назорати материаллари;
солиқ хизмати ходимларининг текшириш натижалари;
меҳнат жамоасининг мажлис ва йиғилиш қарорлари.
Шунингдек, таҳлил жараёнида тасдиқланган режа, бизнес-режа ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳам қўлланилади.
1.4. Иқтисодий таҳлилда қўлланиладиган ахборотлар ошкоралиги нуқтаи назаридан гуруҳланиши
Иқтисодий таҳлилда қўлланиладиган ахборотлар ошкоралиги нуқтаи назаридан ҳам икки гуруҳга бўлинади:
Бухгалтерия ва статистик ҳисоботларда ифодаланган маълумотлар ташқарига, бошқа субъектларга тақдим қилинади ва улар очиқ маълумотларга киради.
Бозор муносабатлари шароитида ҳар бир хўжалик юритувчи субъект ўзининг меъёрий кўрсаткичларини, таърифлари, лимитлари ва уларни баҳолаш йўлларини ўзлари, ўзларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шароитларига мослаб ишлаб чиқади. Бу кўрсаткичлар хўжалик субъектининг тижорат, технологик, ишлаб чиқариш сири бўлиб ҳисобланади. Ушбу маълумотлар ёпиқ маълумотларга киради.
Ёпиқ маълумотларнинг амал қилишига сабаб ҳозирги шароитда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида рақобатнинг мавжудлигидир. Бу эса, ҳар бир субъектнинг маълум даражада ўзига хос мувоффақиятларини сир тутишини тақозо қилади. Шу туфайли ахборотларнинг маълум бир қисми тижорат сири сифатида ёпиқ маълумотни ташкил қилиши давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |