6. Маҳсулот тайёрлаш ва экспортни молиялаш соҳасидаги масалаларни ҳал этиш. Хорижий ҳамкорлар одатда маҳсулотни йирик миқдорда улгуржи асосда сотиб олиш учун буюртма қилади. Ўрта ҳолдаги фермер ёки тадбиркор 200-300 тонналик маҳсулотни бир ўзи етиштириши қийин. Шу туфайли экспорт контракти бўйича буюртмани бажариш учун кўплаб деҳқонлар, томорқа ер эгалари ва деҳқон бозорларидан маҳсулотни йиғишга ҳаракат қилади. Бу эса товар кондиция – сифати, нави ва ҳоказоларнинг турли хиллигига олиб келади ва тегишли тарзда ҳар доим ҳам харидор хоҳлаган сифат, ўлчамдаги товар тайёрлашга имкон бермайди. Ушбу масалани ижобий ҳал этиш учун биринчи навбатда хорижий ҳамкорлар талабига мувофиқ экспортбоп тарзда каллибровкага келтирилган кўп миқдорда мева-сабзавот йиғиш ва уни қайта ишлаш имкониятига эга махсус жиҳозланган мева-сабзавот терминаллари сонини кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш талаб этилади. Мева-сабзавот терминалларини жиҳозлаш учун четдан техника ва технологиялар олиб келаётган тадбиркорларга божхона имтиёзлари янада кенгроқ қўлланиши ва молиявий кўмак берилиши айни муддао. Ушбу терминаллар экспорт юки ортиш учун мўлжалланган транспорт партиялари (контейнерлар, юк ташишга мўлжалланган (совутгичли) автомобил фуралари, вагонлар туркуми) га эга логистик марказлар билан бирга фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. Масалан мош харид қилмоқчи бўлган хитойлик ҳамкорлар биринчи навбатда ўзбекистонлик сотувчидан мева-сабзавот, шу жумладан, мошни йиғиш ва қайта ишлаш (каллибровка қилиш, қопларга қадоқлаш) имкониятига эга терминал бор-йўқлиги билан қизиқиши табиий. Чунки у ҳам харидор сифатида буюртмаси ўз вақтида ва сифатли бажарилишидан манфаатдор.
7. Маҳсулот имижини яратиш. Юртимиздан чет элга сифатсиз маҳсулот жўнатган ва рекламация олган ташкилот, фермерлар рўйхати (реестри) яратилиши жоиз, токи бошқа чет эллик харидорлар алданиб қолиши ёки сифатсиз маҳсулот харид қилишига йўл қўйилмаслиги лозим.
8. Асосий савдо шерикларимиз бўлган давлатларнинг карантин, фитосанитария, сертификатлаштириш хизматлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришиш. Бу ушбу давлатларга маҳсулот етказиб берилгач, божхона ва сертификатлаш идораларида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш имконини беради.
9. Мева-сабзавот маҳсулотини импорт қилувчи давлатларнинг агроном олимлари, маркетологлари, фермерларини юртимизга ёки бизникиларни хорижга юбориб, ўқув машғулотлари, тренинглар ташкил қилиш. Бундай тажриба алмашиш чет элнинг илғор интенсив технологияларини юртимизда кенг жорий этиш ва уларнинг бозор талабларига мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат килади. Масалан Хитой йилига камида 20 миллион тоннадан ортиқ мош импорт қилади. Бу борада Ўзбекистоннинг улуши жуда кам.
Do'stlaringiz bilan baham: |