Мантиқ илмининг назарий ва амалий аҳамияти.
Мантиқни ўрганишнинг амалий аҳамияти шундаки, у инсонга тўғри мулоҳаза юритиш, хулосалаш сир-асрорларини ўргатади, унинг фикрлаш қобилиятини ўстиради, онгини бойитади.
Мантиқ инсон тафаккури маданиятини кўтариш ва инсониятнинг узоқ тажрибаси натижасида такомиллашган тафаккур шакллари, қонун ва қоидаларини билиш учун хизмат қилади. У инсон фикрининг кетма-кет, зиддиятсиз ва асосли бўлишини таъминлайди. Мантиқ фани мазмунини чуқурроқ ўрганиш кишиларнинг ўз тафаккури ва ўзгалар тафаккури натижаларига танқидий қараш хислатларини ривожлантиради. Тафаккурнинг бу сифатлари эса инсоннинг турли илмий ва амалий фаолияти учун катта аҳамиятга эга. Мантиқий усуллардан тўғри фойдалана олиш, таълим-тарбия жараёнида исбот ва раддиянинг мантиқий томонларини билиш инсон нутқининг асосли бўлишини таъминлаб, фикрдаги зиддиятларни очишга ёрдам беради.
Мантиқ ишонч-эътиқоднинг шаклланишида муҳим рол ўйнайди.Фактлар ва бошқа далилларга таянувчи фикр юксак ишонтириш кучига эга бўлади, кишиларда ишонч-эътиқодни мустаҳкамлайди. Билишнинг мақсади илмий асосга эга бўлган эътиқодни яратишдан иборат. Ана шунинг учун ҳам ёшларда илмий асосга эга ишонч-эътиқодни яратиш муҳим аҳамият касб этади. Мантиқан асосланган тўғри фикр ишонч-эътиқодни шакллантириш воситасидир. Ишонч-эътиқод эса, инсоннинг комиллик мезонларидан бири ҳисобланади.
Чуқур таҳлилга, мантиққа асосланмаган бир ёқлама фикр одамларни чалғитади. Фақат баҳс-мунозара, таҳлилга асосланган тўғри хулосаларгина ҳақиқатни билишга йўл очади. Мантиқ инсонлар ўртасидаги турли даража ва мазмундаги муносабатларни уйғунлаштиришда, ўзаро мулоқотнинг самарадорлигини оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Халқимизда бежиз “кийимига қараб кутиб оладилар, ақлига қараб кузатиб қўядилар” деб айтилмаган.
Мантиқнинг илмий-назарий ишлар ҳамда инсоннинг амалий фаолияти учун бўлган аҳамиятини алоҳида уқдириш билан бирга, ҳақиқий хулоса чиқаришнинг хал қилувчи шарти - ҳаётни чуқур ўрганиш, воқеликдаги ҳодисаларни чуқур тахлил этиб моҳиятини аниқлаш зарурлигини ёдда тутиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |