Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Фaрғoнa вoдийси қурoлли xaрaкaт мaркaзлaридaн бири
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- Фарғона водийсида қуролли ҳаракат.
- 1918 йил мартида
- Мадаминбек Аҳмадбек
- «Фарғона Муваққат Мухторият хукумати»
- Ғарбий Бухорда Мулла Абдуқаҳҳор (1884-1924)
2.Фaрғoнa вoдийси қурoлли xaрaкaт мaркaзлaридaн бири.
Қуролли ҳаракатнинг юзага келиш сабаблари. Туркистоннинг яқин ўтмиши тарихида ёрқин саҳифа ёзган ҳамда хийла узоқ давом этган, фожиали воқеаларга тўлиб-тошган совет ҳокимиятига қарши кўтарилган бу қуролли ҳаракатнинг мазмун моҳиятини совет мустамлакачилари муттасил бузиб, сохталаштириб келдилар. Уни совет тарихшунослигида «босмачилар ҳаракати», «аксилинқилобий кучлар босқини», «бир тўда юрт бузғунчилари ҳаракати» сингари номларда таърифлаб келинди. Бироқ халқимизда «ойни этак билан ёпиб бўлмайди» дейилганидек, улуғ аждодларимизнинг Ватан, элу юрт эрки, озодлиги ва мустақиллиги учун олиб борган бу мардона кураши тўғрисидаги тарихий ҳақиқат миллий истиқлол шарофати билан тўлиқ тикланиб, ўз ҳаққоний, холис баҳосини топди. Бу ҳаракат советлар мафкураси тўқиб чиқарган шунчаки «босмачилар» ҳаракати эмас, балки совет ҳокимиятининг зўравонликка асосланган сиёсати ва амалиётига қаршилик кўрсатиш ҳаракатидир. Хўш, бу ҳаракатнинг Туркистон заминида юзага келишининг муҳим ижтимоий омиллари, сабаблари нималардан иборат эди? Нега 1918 йил баҳоридан Фаргона водийсида бошланган бу қуролли ҳаракат аста-секин аланга олиб, Туркистон (Ўзбекистон)нинг кенг ҳудудлари бўйлаб ёйилди? Халқимиз 1917 йилда содир этилган февраль ва октябрь ўзгаришларига катта умидворлик билан кўз тиккандилар. Улар илғор жадидчилик ҳаракати раҳнамолигида Россияда ривожланиб бораётган инқилобий-демократик ҳаракатлардан фойдаланиб, эрк, озодликни қўлга киритмоқчи, ўлка халқларини мустақилликка олиб чиқмоқчи бўлгандилар. Маккор большевик йўлбошчиларнинг октябрь ўзгариши арафасида ва ундан кейин эълон қилган миллатлар эрки, мустақиллигини тан олган расмий ҳужжатлари Туркистон халқларида ўз орзу-умидларимиз рўёбга чиқади, миллий мустақиллигимиз қарор топади, деган умид туғдирган эди. • Бироқ совет ҳокимияти ўрнатилиб, мустаҳкамлана борган сайин большевиклар доҳийларининг иккиюзламачилик, мунофиқлик қиёфаси ҳам очилиб борди. Уларнинг берган баландпарвоз ваъдаларидан қайтиши, маҳаллий халқларни сиёсий фаолиятдан ошкора четлатиши, жойларда совет тузумини ўрнатишда зўравонликнинг авжга миниши маҳаллий аҳоли норозилигининг ошишига сабаб бўлди. • Маҳаллий халққа бутунлай ёт коммунистик мафкурани байроқ қилиб олган совет зулмкорлари аҳолининг миллий қадриятлари, удумлари, диний эътиқодини таҳқирлаш, масжид, мадрасалар, зиёратгоҳ жойларни оёқ-ости қилиш, ноёб маънавий бисотларни талаш, диндорларни таъқибу қувғин остига олиш каби номақбул ишлари аҳоли нафратини кучайтирди. • Ўлка халқларининг хоҳиш-иродаси билан вужудга келиб, уларнинг миллий манфаатлари йўлида илк қадамлар қўйиб бораётган Туркистон Мухториятини қонга беланиши, юрт фарзандларининг қирғин қилиниши, Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисининг аёвсиз хунрезлик ва талон-тарожликка дучор этилиши бутун Туркистонни мустабид совет ҳокимиятига қарши оёққа турғизди. • Совет ҳокимиятининг аҳолининг хусусий мулкини тортиб олиш, давлат тасарруфига олишга қаратилган иқтисодий сиёсати одамларнинг совет тузумига нисбатан кучайиб бораётган нафрат-ғазабига сўнгги томчи бўлиб қўшилди. Юз минглаб миллатпарвар, ватанпарвар юрт кишиларини қўлда қурол билан советлар зравонлигига қарши кураши мана шу зайлда бошланиб кетди. Фарғона водийсида қуролли ҳаракат. Ўлкада бошланган совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракатнинг энг дастлабки қайноқ марказларидан бири Фарғона водийси бўлди. Бу ҳаракатга халқ орасидан етишиб чиққан, унинг ғам-алами, орзу-армони, мақсад-интилишларига ҳамдард ва шерик бўлган Кичик ва Катта Эргаш, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон, Ислом Паҳловон, Раҳмонқул, Тўйчи, Алиёр қўрбошилар сингари таниқли раҳномолар етакчилик қилдилар. 1918 йил баҳоридан водийнинг турли жойларида 40 дан зиёд қўрбоши дасталари фаолият кўрсата бошлади. Жумладан, Мадаминбек Скобелев (Фарғона) уездида, Шермуҳаммадбек Марғилон атрофларида, Омон Полвон, Раҳмонқул Наманган уездида, Парпи қўрбоши Андижон атрофида, Кичик ва Катта Эргашлар Қўқон атрофида, Жонибек қози Ўзган томонда, Муҳиддинбек Новқатда ҳаракат қилмоқда эдилар. Кичик Эргаш қизиллар қўшини билан бўлган жангу жадалда ҳалок бўлганидан сўнг (1918 йил февраль) Қўқон уезди теварагидаги қуролли ҳаракатга Мулла (Катта) Эргаш бошчилик қила бошлади. У ўзининг фаол ҳаракати, халқ раҳномосига хос сифатлари билан тез орада бутун водийдаги озодлик курашининг танилган етакчисига айланди. 1918 йил кузига келиб унинг қўл остида ҳар бирида 20 тадан 1800 нафаргача йигити бўлган бўлган 70 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилаётганди. Улардаги жангчиларнинг умумий сони 15 мингтага етарди. Мадаминбекнинг 5 минг, Шермуҳаммадбекнинг 6 минг, Холхўжанинг 3 мингдан зиёд, Парпи қўрбошининг 3,6 минг, Жонибекнинг 5,7 минг, Муҳиддинбекнинг 4,5 минг жанговор йигитлари озодлик курашига отланган эдилар. Умумий мақсад ва вазифаларни биргаликда аниқлаш, асосий ҳаракатларни мувофиқлаштириш йўли билангина тиш-тирноғигача қуролланган совет қўшинларини енгиш, юрт мустақиллигини кўлга киритиш мумкин эди. Шу боис бу жангу жадал даврларда қўрбошиларнинг бир неча бор қурултойлари чақирилиб, уларда муҳим ҳаётий масалалар муҳокама қилинади. Дастлаб шундай қурултой 1918 йил мартида Қўқон уездининг Бачқир қишлоғида ўтказилди. Унда Катта Эргаш бутун Фарғона водийси ҳаракатининг раҳбари этиб сайланди. Унга қўшинларнинг бош қўмондони -«Амир ал-Муслимин» унвони берилади. Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек эса унинг ўринбосарлари этиб сайландилар. Ҳаракат кўламининг ўсиб, кенгайиб бориши, унинг сафларига янги ижтимоий табақалар вакилларининг қўшилиши, табиий суратда унинг олдига улкан масъул вазифаларни, янги муаммоларни келтириб чиқара борди. Уларни ҳал этиш эса кураш раҳнамоларидан катта матонат, кучли ирода, юксак ҳарбий маҳорат, ташкилотчилик кобилияти ва узоқни кўра билишлик салоҳиятини намоён қилишни тоқоза этарди. Фарғона қўрбошилари ичида Мадаминбек Аҳмадбек ўғлигина мана шундай ноёб фазилатлар соҳиби эканлиги билан ажралиб турарди. Навқирон ёшда бўлишига қарамасдан катта ҳаёт ва кураш тажрибаси бой, юрт кезган, юксак ҳарбий саркардалик истеъдодига эга Мадаминбек ( 1892 - 1920 ) тез орада водий курашчилари сардорига айланади. Советларнинг расмий ҳужжатларидан бирида таъкидланишича, «ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Фарғона мухториятини тиклаш вазифасини қўйган Мадаминбек тадбиркор сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчи фазилатларига эга эди». Дарҳақиқат, Мадаминбек ўзининг қаттиққўл сиёсати, ташкилотчилик фаолияти ва энг муҳими, ўлкада кечаётган ижтимоий - сиёсий ва ҳарбий вазиятни тўғри баҳолай олиши билан ажралиб турарди. Бунинг устига мавжуд вазиятга мувофиқ келадиган амалий ҳаракатларни қўллай олиши, сарфдошларига ўз таъсирини ўтказа олиши ҳам унинг кўп ўтмай бутун Фарғона қўрбошиларининг нуфузли раҳбарига айлантирган эди. 1919 йилнинг ўрталарига келиб унинг йигитларининг сони 25 минг кишидан ошарди. Скоблев, Марғилон, Андижон, Наманган, Ўш каби ҳудудларда ҳаракат қилаётган таниқли қўрбошилар, уларнинг жангчилари Мадаминбекнинг яшил байроғи остига бирлашаётган эдилар. Мадаминбекнинг халқ лашкарлари айниқса 1919 йилнинг биринчи ярмида совет қўшинларига қарши бир қатор сезиларли зарбалар бердилар. Чунончи, январда Марғилон, февралда Скоблев ва Чуст шаҳарларини вақтинча эгалланиши, маҳаллий халқ манфаатига жавоб берадиган бир қатор муҳим амалий тадбирларнинг ўтказилиши унинг обрўсини янада кўтариб юборди. 1919 йил апрель ойида Мадаминбек йигитлари Наманган ва Қўқон шаҳарлари атрофларидаги жангларда ғолиб келдилар. «Мадаминбек турли сиёсий оқимдаги кишиларни бирлаштира олади. Шунинг учун ҳам ҳеч қайси қўрбоши унингчалик куч - қудратга эга бўлмаган эди», деб ёзганди унинг мухолифларидан бири ўша кезларда. Совет ҳокимиятига қарши ҳаракатнинг ижтимоий таркибини кузатарканмиз, бунда аҳолининг совет тузумидан норози бўлган, турли - туман ижтимоий қатламлари, чунончи, деҳқонлар, ҳунармандалар, косиблар, батраклар, мардикорлар, зиёлилар, диндорлар, руҳонийлар, маҳаллий бойлар у ёки бу даражада фаол иштирок этганлиги аён бўлади. Хусусан совет ҳокимияти органларининг маҳаллий аҳолига нисбатан юритган ўта миллатчилик, шовинистик ва босқинчилик сиёсати уни оқибатда бу тузум душманига айлантирди ва ўз эрки, ҳуқуқи, озодлигини химоя қилиб курашга қалқитди. Фарғона фронти қўмондони М. Фрунзедек зот ҳам: «.... Бу ердаги совет ҳокимияти илк тузилиши даврида рус ва ерли ишчи, деҳқон оммаларини ўзига тортиш ўрнига, меҳнаткаш халқни ўзидан узоқлаштириш учун кўлидан келганча ҳаракат қилди. Ишлаб чиқаришнинг национализация қилинишида фақат буржуазиянинг мулки эмас, балки ўрта ҳол деҳқонларники ҳам тортиб олинди. ..Бу ерда ҳаракат қилган қизил аскар қисмлари, инқилобни ҳимоя қилган баъзи раҳбарлар ерли меҳнаткаш халқнинг туб манфаатлари билан ҳисоблашмади, унинг арзу - додига қулоқ солмади. Босмачилик ҳаракати шу асосда вужудга келди. Босмачилик - оддий қароқчилар эмас. Шунда уларни тез йўқ қилиш мумкин бўларди», деб эътироф қилган эди. ТАССР ХКК раиси К. Отабоев 1922 йил июлида Туркистон МИҚ 4-пленумида сўзлаган нутқида бу ҳаракатни халқ кўзғолони сифатида баҳолаган эди: «Биз 4 йил давомида бу ҳаракатга ҳатто тўгри баҳо беришни ҳам билмадик, у халқ кўзголони бўлгани ҳолда босмачилик деб атадик. Босмачилик моҳиятан талончилик деган маънони англатади, бизнинг ушбу ҳаракатга берган нотўғри таърифимиз масалани ҳал этишда нотўғри ёндашувларга олиб келди. Ва алалоқибат 4 йил давомида биз бу ҳаракатнинг бирон бир жиҳатини тугата олмадик». Совет раҳбарларининг бу эътирофлари советларга қарши ҳаракатнинг нечоғлик ўлканинг ҳаётий қон томирларига дахл қилганини, уни ларзага келтирганини яққол тасдиқ этади. Фарғонанинг бечораҳол халқи ўз халаскорларини бутун чоралар билан қўллаб-қувватлашда давом этди. Ҳаракат сафи доимо янги кучлар ҳисобига тўлиб борди. Водий қўрбошиларининг бирлашиш, қўшилиш сари ҳаракатлари ҳам сезиларли тус олиб борди. 1919 йил кузига келиб Мадаминбек лашкарларининг жанговорлик ҳаракатлари кенг ҳудудларга ёйилди. Бу даврга келиб Монстровнинг рус крестьянлари (деҳқонлари)дан ташкил топган анча таъсирли ҳарбий қисмлари Мадаминбек кучлари билан бирлашди. Бу ҳол халқ курашининг нафақат ижтимоий таркибига, балки айни чоғда миллий таркибига ҳам сезиларли таъсир кўрсатар, унинг мақсад - вазифаларига янгича ёндашишни тақозо этарди. Гап шундаки, бунга қадар советларга қарши ҳаракат сафларида ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, уйғурлар ва қорақалпоқлар сингари ерли миллат кишилари курашиб келаётган бўлсалар, эндиликда унга советлар сиёсатидан кескин норози бўлган рус деҳқонлари ҳам қўшилган эдилар. Ҳаракат таркибидаги бу ўзгариш 1919 йил октябрида Помирнинг Эргаштом овулида Мадаминбек тарафдорлари ташаббуси билан тузилган «Фарғона Муваққат Мухторият хукумати» тузилишида ҳам ўз ифодасини топганди. Ҳукумат таркиби 24 кишидан иборат бўлиб, унинг 16 вакилини мусулмонлар ва 8 нафарини руслар ташкил этарди. Фарғона ҳукумати бошлиғи ва мусулмон қўшинлари бош қўмондони этиб Мадаминбек сайланган эди. Бироқ афсусланарли жиҳати шундаки, мазкур Муваққат ҳукумат ўз фаолиятини амалда уддалай олмади. Бунинг боиси биринчидан, унинг мутасаддиларининг боши уруш ҳаракатларидан чиқмади. Иккинчидан, у бирор бир хорижий давлат билан дипломатик алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлолмади. Бу эса, табиийки, унинг ўз қобиғига ўралиб, амалий фаолият юритишига имкон бермади. 1919 йил октябрь ойи охирларида Андижонга яқин Ойимқишлоқда тўпланган водий қўрбошиларининг қурултойида водийда ҳаракат килаётган 150 тага яқин жанговор қисмларни ўз таъсирида ушлаб турган 4 йирик лашкарбоши: Мадаминбек, Эргаш, Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон қўшинларини бирлаштиришга келишилди. Қурултойда ислом қўшинларининг бош қўмондони - «Амир ал - муслимин» этиб Мадаминбек сайланди. Бироқ бу келишув, аҳдлашув ҳам мустаҳкам бўлиб чиқмади. Улар ўртасидаги сансоларлик, ўзаро ички зиддиятлар ўз салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Масалан, Холхўжа тез орада ўз кучларини ажратиб, мустақил фаолият кўрсата бошлади. Водийдаги жанговар ҳаракатларнинг кейинги бориши ташаббуснинг кўпроқ тажовузкор совет қўшинлари қўлига ўтишига, халқ озодлик курашининг пасайиб, сўниб боришига олиб келди. Ўлкада мустаҳкамланиб олишга улгурган большевиклар ҳокимияти Марказдан етарли даражада ҳарбий куч, қурол - яроғ олиб, сон - саноқсиз ҳарбий мутахассисларни жалб қилиб, уларни Фарғона фронтига йўллаш, халқ лашкарларидан қонли ўч олишга сафарбар қилди. 1920 йил бошларида совет кушинлари Эргаш, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ва Холхўжа кучларига сезиларли зарбалар бердилар. Жумладан, 1920 йил январида қизиллар Эргаш кучларига зарба бериб, унинг таянч маркази - Бачқирни эгаллади. Худди шу вақтда совет қўшини Монстровнинг деҳқонлар армиясини тор – мор этиб, Гулча қалъасини ишғол этди. Монстровнинг ўзи асир олинди. Шунингдек, февралда Гарбува - Қоратепа - Шаҳрихон йўналишида қизил қўшинлар Шермуҳаммадбек лашкарига кучли зарба берди. Бунинг натижасида Шермуҳаммадбек енгилиб, Олой водийси томон чекинди. Айни пайтда қизиллар Норин ва Қорадарёнинг қўшилиш жойида Мадаминбек аскарларига қарши мувафаққиятли жанг қилиб, унга катта талафот етказдилар. Совет қўшинлари қўмондонлари водийдаги қаршилик кўсатиш ҳаракатини сиёсий келишув йўли билан тўхтатиш чораларини ҳам кўрдилар. Улар қўрбошиларга вакил юбориб сулҳ тузишни таклиф қилдилар. Оғир, мураккаб воқеалар шароитида баъзи қўрбошиларнинг советлар томони билан келишув йўлига бориши тушунарлидир. Чунончи, Мадаминбек 1920 йил мартида совет қўмондонлиги билан музокара олиб боради ва сулҳ имзолаб ўз ҳаракатларини тўхтатади. Бу сулҳ шартларига асосан Мадаминбек ва унинг 1200 нафардан зиёд аскар йигитларининг дахлсизлиги, ўз қурол - яроғларига эга бўлиши, керак бўлганда уларнинг водийда тинчлик, барқарорлик ўрнатишда фаол иштирок этиши таъкидланган эди. Гарчанд сулҳнинг бир қатор шартлари кейинроқ совет қўмондонлигининг маккорона хатти - ҳаракати билан ўзгартирилган бўлса-да, бироқ Мадаминбек бу келишувга, унинг маҳаллий халқ учун фойдали, манфаатли бўлишига ишонган эди. Шу боис ҳам у ўзининг бошқа сафдошларига ҳам советлар билан музокаралар олиб бориб, шундай йўл тутишни маслаҳат беради. Бироқ Шермуҳаммадбек ва Холхўжа ўз ҳузурларига музокара учун келган юртнинг бу мард ўғлонини сотқинлик ва хоинликда айблаб, уни қатл эттирадилар. Содир этилган бу фожиали воқеа ҳам водий қурбошилари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг қанчалик мўрт, омонат бўлганлигидан гувоҳлик беради. Гарчанд Фарғонада совет ҳокимиятига қарши кураш бундан кейин ҳам янги-янги кучлар билан қўшилишиб турли тарзда давом этсада, бироқ у аввалгидек кенг қамровли жанговар, ҳужумкор йўналиш касб этолмади. 1920 - 1923 йиллар давомида водий ҳудудлари бўйлаб олиб борилган халқ озодлик курашларига ака - ука Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек, улардан сўнг Ислом Паҳлавон ва Раҳмонқуллар етакчилик қилдилар. Уларнинг ҳар бирининг мислсиз жасорати, қаҳрамонлиги, ҳақ ва озодлик йўлидаги фидойилиги халқ хотирасида муҳрланиб қолди. Водийда бошланган советларга қарши ҳаракат кейинчалик Туркистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилди. Совет тадбирлари ва бошқарувидан норози бўлган, диний ва маънавий қадриятлари таҳқирланган Хоразм аҳлининг турли ижтимоий қатламлари ҳам бош кўтардилар. Бу совет ҳокимияти ашаддий душмани Жунаидхонга қўл келди. Унинг жанговар отрядлари сафи янги курашчилар ҳисобига муттасил кўпайиб борди. Масалан, 1922 йил апрель ойида Жунаидхон қўшинлари Порсу ва унинг атрофларини қизил аскарлардан озод қилишди. Кўҳна Урганч ҳудудида ҳам шиддатли жанглар олиб борилди. 1923 йил декабрида Питнак, Хазорасп, Боғот, Хонқа туманларида ҳам деҳқонларнинг оммавий қўзғолонлари юз берди. 1924 йил январь-февралида Хива, Питнак ва Хазорасп атрофлари халқ исёнкорларининг шиддатли кураш ўчоқларига айланди. Бунда Жунаидхон ва Оғажон Эшонларнинг кўп минг кишилик кучлари ҳукмрон совет истибдодига қарши мардонавор курашлар олиб борганлар. 1920 йилларнинг иккинчи ярмидан 1930 йилларнинг бошларигача Хоразм воҳасида Аҳмадбек, Дурди, Муродхон, Ўроз Гелди, Худойберди, Ражаб Қора сингари 20 га яқин қўрбоши дасталари жанговар ҳаракатлар олиб бордилар, мислсиз қурбонлар бердилар. Бироқ кучлар нисбати тенг бўлмаганлиги орқасида тиш-тирноғигача қуролланган совет қўшинлари уларни мағлубиятга учратди. Советлар Хоразмда ўз ҳукмронлигини воҳа узра қарор топтиришга муваффақ бўлди. Бухорода ҳам советларнинг зўравонлик сиёсати маҳаллий халқларнинг қаршилигига учради. Қаршилик кўрсатиш ҳаракати тарафдорлари ўн йиллар давомида советлар зўравонлигига қарши мардонавор кураш олиб бордилар. Бу ҳаракатга Иброҳимбек, Давлатмандбек, Дониёрбек, Мулла Абдуқаҳҳор, Фузаил Маҳсум сингари халқ халоскорлари раҳнамолик қилдилар. Масалан, Ғарбий Бухорда Мулла Абдуқаҳҳор (1884-1924) етакчилигидаги ҳаракат сафига 20 га яқин қўрбоши дасталари (Ўрмон полвон, Метан Полвон, Наим Полвон, Шукур Хўжа, Жўра Амин, Саид Мансур, Мурод Мешкоб ва бошқалар) бирлашган эди. Бу халқ лашкарлари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан туманлари ва Нурота тоғларида фаол ҳаракат қилганлар. Мулла Абдуқаҳҳор кучлари халқнинг кенг ижтимоий табақаларидан доимий мадад олиб то 1924 йил кузигача она юрт душманларига қарши тўхтовсиз кураш олиб борган. Унинг ўзи ҳам Қизилқумда қизиллар билан бўлган тинимсиз жангларда ҳалок бўлади. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling