Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Жaдидчилик ҳaрaкaтининг юзaгa кeлиши
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- 5.Жaдидлaрнинг ўлкa xaлқлaри oрaсидa oлиб бoргaн мaдaний фaoлияти «Жадид» арабча сўз бўлиб «янги» деган маънони билдиради.
- «Турон» труппаси тузилди.
4.Жaдидчилик ҳaрaкaтининг юзaгa кeлиши.
Туркистонда ўрнатилган мустамлакачилик зулми XIX аср охири ХХ аср бошларида янада кучайди. Чоризм иқтисодий жиҳатдан маҳаллий халқни талаш, эзиш билан бирга, уларни жаҳолатда, саводсизликда тутиб туриш, маънавий қашшоқлантиришга интилар эди. Мустамлакачилар шу мақсадда ўлкага чиновниклар, ҳарбийлар, банкирлар, савдо-саноатчилар, муҳандис-техниклар, руҳонийлар, илмий кучлар, ишчилар, мужиклардан иборат малайларини сафарбар этган эди. Золимлар қанчалик уринмасин, маҳаллий аҳолининг ҳурлик, озодлик учун интилишини сўндиролмади, миллий озодлик ҳаракати кучайиб борди. Тарихий вазият миллат равнақини ўйловчи зиёлилар, маҳаллий буржуазия вакиллари, уламолар орасидан халқни уйғотиш, миллий онгини ошириш, бирлаштириш учун курашувчи кучларни тайёрлаб етиштирди. Шарқ билан Ғарбни таққослаб мусулмонлар ва туркийлар дунёси, хусусан Россия тасарруфига олинган мусулмонларнинг жаҳон тараққиётидан узилиб қолаётганини қрим-татар фарзанди Исмоил Гаспирали (1851-1914) биринчи бўлиб англади. У туркий халқлардаги жаҳолатни йўқ қилиш, маънавият-маърифат орқали тараққий топган мамлакатлар даражасига кўтарилиш ҳаракатини бошлаб берди. Исмоил Гаспирали маорифни ислоҳ қилиш, мактабларда дунёвий фанларни ўқитиш масаласини кўтарди. У 1884 йилда Қримдаги Боқчасарой шаҳрида жадид мактабига асос солди. 5.Жaдидлaрнинг ўлкa xaлқлaри oрaсидa oлиб бoргaн мaдaний фaoлияти «Жадид» арабча сўз бўлиб «янги» деган маънони билдиради. У ўзи ташкил этган мактаб ўқувчилари учун ўқув дастури тузди ва дарсликлар ёзди. У 40 кун ичида 12 ўқувчининг саводини чиқариб, тезда шуҳрат қозонди. «Таржимон» газетасини чиқариб, ўз ғояларини ёйди. 1888 йилда «Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош» китобини нашр этиб, жадид мактабларининг қурилиши, дарс ўтиш мазмуни, жиҳозланиши, синов ва имтиҳонлар олиш усулларини баён этиб берди. Исмоил Гаспирали ғоялари Туркистонга ҳам кириб келди. 1893 йилда У Туркистонга келиб, илғор зиёлилар билан учрашди, Бухоро амири ҳузурида бўлиб битта жадид мактаби очишга розилик олди. Туркистонлик зиёлилар жадидчиликни ёқлаб маорифни ислоҳ қилиш, «Усули жадид» мактабларини ташкил этишга киришдилар. 1898 йилда Қўқонда Салоҳиддин домла, 1899 йилда Андижонда Шамсиддин домла ва Тошкентда Маннон қори жадид мактабига асос солдилар. 1903 йилда Туркистонда 102 та бошланғич ва 2 та ўрта жадид мактаблари фаолият кўрсатди. Туркистон жадидларига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқа ўнлаб миллий зиёлилар раҳнамолик қилдилар. Улар дастлаб маорифни ислоҳ қилиш йўлидан бордилар. «Усули жадид» мактаблари тармоғи кенгайиб борди, уларда диний таълимот билан бирга тиббиёт, ҳикмат, кимё, нужум, ҳандаса каби дунёвий билимлар ўргатилди, савод чиқариш тезлаштирилди. Талабаларга Туркистон, туркийлар тарихини ўргатишга алоҳида эътибор берилдики, бу уларнинг миллий онгини уйғотишга, жамиятни этник жиҳатдан бирлаштиришга хизмат қиларди. М.Беҳбудийнинг «Ўз уруғининг отини билмаган, етти отасини танимаган қул-манқуртдир» деган сўзлари талабаларни миллий ўзлигини англашга чақирар эди. Мунаввар қорининг «Адиби аввал», «Адиби соний», М.Беҳбудийнинг «Китобатул атфол», «Болалар мактуби», «Мухтасари тарихи ислом», «Жуғрофия», А.Авлонийнинг «Адабиёт», «Биринчи муаллим», «Туркий гулистон», «Мактаб гулистони» каби дарсликлари миллий мактаб ва миллий тарбияни юқори савияга кўтаришга хизмат қилди. Жадид мактабларида ҳар томонлама билимли, маънавий етук, ўз халқининг тарихини ва дунё ишларини яхши ўзлаштирган кадрлар тайёрлаб чиқарилди. Жадидлар ёшларни чет элларга ўқишга юбориш ташаббуси билан чиқдилар. Бой табақанинг илғор вакиллари жадидларнинг бу ҳаракатини маъқуллаб, тегишли маблағ билан кўмаклашдилар. Кўпгина умидли ёшлар Германия, Миср, Туркия ва Россиянинг марказий шаҳарларига ўқишга юборилди. 1910 йили Бухорода мударрис Хожи Рафий ва бошқалар «Болалар тарбияси» хайрия жамиятини ташкил этиб, 1911 йилда 15 та, 1912 йилда 30 та талабани Туркияга ўқишга жўнатди. 1909 йилда Мунаввар қори тузган «Жамияти хайрия» ҳам мискин ва ожиз талабаларга ёрдам берар, ёшларни чет элга ўқишга юборишга ёрдамлашар эди. Жадидлар Туркистонда миллий матбуотга асос солдилар. Мунаввар қори 1906 йилда «Хуршид» («Қуёш») журналини ташкил этиб, унга ўзи муҳаррирлик қилди. Журнал халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини танишга, миллий уйғонишга хизмат қилди. Аммо мустамлакачи маъмурлар тезда журнални чиқаришни ман қилдилар. М.Беҳбудий 1913 йилда «Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журналини чиқара бошлади. У «Нашриёти Беҳбудия» хусусий нашриётини, унинг ҳузурида «Кутубхонаи Беҳбудия»ни ташкил этди. Газета ва журналда миллат ва она юрт дарди, халқни маърифатли қилиш, эркинлигини таъминлаш масалаларига бағишланган долзарб мақолалар чоп этиларди. Улар чор Россияси тасарруфидаги туркий халқларга, Эрон, Афғонистон, Хиндистон, Туркиягача бориб етарди. Тараққийпарвар ўзбек зиёлиларининг етакчиси Асадуллахўжа ўғли Убайдуллахўжа 1913 йилда «Тараққийпарвар» деб ном олган зиёлиларнинг фирқасини тузади ва 1914 йилда фирқанинг «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталари чиқарилади. Бу газеталар саҳифаларида эълон қилинган мақолалар оммани мустабид тузумга қарши қўзғатишга хизмат қилди. Жадидлар миллий театрга асос солдилар. Мунаввар қори раҳнамолигида 1913 йилда мусулмон драма санъати ҳаваскорлари жамияти - «Турон» труппаси тузилди. 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги «Колизей» театри биносида ўзбек миллий театрининг биринчи расмий очилиш маросими бўлди. Мунаввар қори ўзбек миллий театрининг биринчи пардасини очар экан шундай деган эди: «Туркистон тилида ҳануз бир театр ўйналмағонлиги барчангизга маълумдир... Театрнинг асл маъноси «ибратхона» ёки «улуғлар мактаби» деган сўздир. Театр саҳнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинган бир уйга ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўриб ибрат олур». Ўша куни саҳнада М.Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесаси намойиш этилди. Унда ислом динининг Туркистондаги бузилишлари тасвирланиб, тамошабин эътиборини нажот йўли -маориф, маорифни эса «покланган дин» бераолади, деган ғояга қаратади. «Тўй», «Заҳарли ҳаёт», «Жаванмарг», «Бахтсиз куёв» пьессаларида хотин-қизларнинг ҳуқуқсизлиги, кўпхотинлик, мажбурий никоҳ оқибатлари каби муаммолар ёритилади. Миллий театр санъати одамларга миллатда мавжуд бўлган қусурлар ва ижобий томонларни тушунтурувчи ойна бўлиб хизмат қилди. Жадидлар матбуоти ва театрида айрим мутаассиб рухонийларнинг порахўрлиги, ахлоқсизлиги ҳам қаттиқ танқид остига олинди. Абдурауф Фитрат «Мунозара» номли асарида Бухоро уломаларининг нодонлиги ва порахўрлигини очиб ташлади. «Хинд сайёҳининг саргузаштлари» асарида эса Бухоро, Қарши ва бошқа шаҳарлардаги иқтисодий таназзулга айрим руҳонийларнинг ўз мавқеини суиистеъмол қилганликларини асосий сабаб қилиб кўрсатди. Жадидчи журналист ва драматурглар нашавандлик, кашандалик, зиногарлик, фоҳишалик каби иллатларни қоралашди. Жадидлар гуруҳий, ижтимоий ва ҳудудий бирлик тўғрисидаги масалаларни кўтариб, халқни миллий ва диний бирликка, жипслашишга, ҳудудий бирликка чақирди, ижтимоий онгни ХХ аср даражасига кўтаришга интилдилар. Жадидларга, бир томондан, мутаассиб руҳонийлар, иккинчи томондан, мустамлакачи маъмурлар қаршилик кўрсатдилар. Мутаассиб руҳонийлар жадидлар кўтарган барча янгиликларга қарши чиқишди. Улар жадидларни падарқушлар, мактаблари ҳақида эса «бу хил мактабда ўқувчи-талабалар биринчи йили газета ўқий бошлайди, иккинчи йили озодликни талаб қилишади, учинчи йили эса жаноби олийларини тахтдан ағдариб турмага тиқиб қўйишади» дер эдилар. Мутаассиблар тарихни тасвирлаш, ўқитиш беъманилик, даҳрийлик деб ҳисоблашди. М.Беҳбудий уларни фош қилар экан, Қуръони Карим ҳам, Муҳаммад пайғамбарнинг ҳадислари ҳам тарихга дахлдор эканлигини, Қуръони Каримнинг чорак қисми тарихий маълумотлардан иборатлигини асослаб беради. Мустамлакачи маъмурлар жадидлар ҳаракатини жиловлаш чораларини кўрдилар. Улар устидан назорат ўрнатар, китоб дўконлари, қироатхоналарни ёпиб ташлар эди. Айниқса 1905-1907 йиллардаги Россия инқилобидан кейин қатағонлик кучайди. Бу инқилобдан маҳаллий буржуазия ва заминдорларнинг бир қисми қўрқиб кетиб мустамлакачи маъмурлар паноҳига интилдилар. Жадидлардан ўнг қанот ажралиб чиқиб реакция лагерига қўшилдилар. Қадимчилар деб аталган бу гуруҳ Россиянинг обрўси бизнинг обрўйимиз, худодан қўрқ, подшоҳни ҳурмат қил, подшоҳнинг амри фуқаролар учун вожибдур, деб чиқдилар. Улар ислоҳотларга қарши чиқиб, қадимги тартибларни ҳимоя қилдилар. Улар пантуркизм - туркий халқларни Туркия давлатининг қўли остида бирлаштириш, панисломизм - ислом динидаги барча халқларни бирлаштириш ғоялари соясида қолиб кетдилар. Жадидлар тобора олға юрдилар. Мустамлакачиларнинг жадидларга нисбатан қўллаган зўравонлик чоралари, уларни маънавий-маърифий ислоҳотдан сиёсий қаршилик кўрсатиш даражасига кўтарилишига олиб келди. Дастлабки сиёсий уюшма ва фирқалар вужудга келди. XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда майдонга келган жадидчилик маданий-маърифий, миллий, ижтимоий-сиёсий ҳаракат эди. У ўсиб мустамлакачиларга қарши кўтарилган миллий-озодлик ҳаракатининг мафкурасига айланди. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling