Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Чoр мустaмлaкaчилик мaъмурлaрининг ўлкa xaлқлaрининг мaънaвий-мaдaний xaётигa сaлбий тaъсири
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
- Bu sahifa navigatsiya:
- Тошкент қўзғолони.
- Андижон қўзғолони.
- 1916 йил халқ қўзғолони.
3.Чoр мустaмлaкaчилик мaъмурлaрининг ўлкa xaлқлaрининг мaънaвий-мaдaний xaётигa сaлбий тaъсири.
Чор Россиясининг Туркистонда жорий этган маъмурий- бошқаруви тизими халқнинг бошига солинган сиёсий сиртмоқ бўлди. Босқинчилар аввало, Туркистон бойликларини талон-тарож қилди, сўнгра ўлкани хом ашё базасига айлантириб иқтисодиётни ўз манфаатлари йўлида жиловлаб олди. Оғир солиқлар, ғайриқонуний мажбуриятлар аҳолини тобора қашшоқлаштириб борди. Мустамлакачилар маҳаллий аҳолининг миллий қадриятлари, урф-одатларини оёқ ости қиларди, маънавий зуғум кучайиб борарди. Россия Туркистонни ўз мустамлакасига айлантиргач, унинг сиёсий, иқтисодий, маънавий-маданий зулми кучайиб борди. Чоризмнинг мустамлакачилик зулмига қарши халқнинг норозилиги, нафрати ошиб борди, қўзғолон кўтаришига сабаб бўлди. Қўзғолонларнинг ҳаракатлантирувчи кучи деҳқонлар, шаҳар ҳунарманд-косиблари, камбағаллар бўлди. Бу ҳаракатларда ватанпарвар руҳонийлар, миллий ғурурини йўқотмаган бой заминдорлар ҳам иштирок этдилар. 1879 йилда 600 га яқин ғалаёнчи Фарғона вилоят бошқармаси биносини қуршаб олиб, ҳарбий губернатордан Марғилон туманидан олинаётган солиқларни камайтиришни талаб қилади. Ғалаёнчилар авзоидан чўчиган, вазиятнинг жиддийлигини англаган вилоят ҳарбий губернатори бўлажак катта жанжалнинг олдини олиш мақсадида халққа ён босиб, уларнинг талабларини ўрганиб чиқишга ваъда беради ва ғайриқонуний солиқ йиғувчиларни аниқлаб, уларни ишдан четлаштиришга мажбур бўлади. 1880-1883 йилларда мустамлакачилик зулмига қарши қатор чиқишлар бўлиб ўтди. Хўжанд, Ўратепа, Наманган, Ўш ва Чустда кўтарилган қўзғолонлар бунга мисол бўла олади. Манбаларда 1885-1892 йилларда Фарғона вилоятида халқнинг 205 марта сиёсий чиқишлари, ҳаракатлари кўтарилгани қайд этилган. Фарғонадаги вазиятдан чўчиган вилоят ҳарбий-губернатори Вревский аҳолидан кўз-қулоқ бўлиб туриш учун Марказий ҳукуматга махфий сиёсий полиция хизматини ташкил этиш таклифини илгари суради. У Фарғона вилоятининг ҳар бир туманида махфий айғоқчилар тармоғини вужудга келтириш учун ўз ихтиёридаги маблағдан фойдаланди. Ўлканинг олий ҳарбий-сиёсий доиралари тобора кучайиб бораётган норозилик тўлқинини пасайтириш учун таъсирчан восита излай бошлади. Қуролли кучлар ва полиция хизматини кучайтириш тадбирлари учун бир йилда 5,5 млн. сўм сарфланарди. Ҳолбуки, ундан ҳам муҳим ҳисобланган темир йўл учун бор йўғи 190 000 сўм ажратилганини ҳисобга олсак, чор ҳукуматининг халқ ҳаракатидан нақадар хавотирга тушгани аниқ бўлади. Тошкент қўзғолони. 1892 йилнинг ёзида Туркистон маркази Тошкентда рус мустамлакчиларини талвасага солган ва тарихга «вабо исёни» ёки «тошотар воқеаси» сифатида кирган қўзғолон бўлди. Июнь ойида Тошкентда вабо тарқалди. Шаҳар маъмурияти шошилинч чоралар кўрди. Вабо касали билан ўлганларни шаҳар ичкарисидаги 12 та қабристонга кўмиш ман этилди, шаҳар ташқарисида 4 та янги қабристон очилади, деб эълон қилинди. Шаҳардан чиқиш ва кириш назорат остига олинди. Шаҳарда вабо касалига чалинганлар йўқ қилинар экан, деган миш-мишлар тарқалди. Тошкент шаҳар маъмурияти тиббиёт нуқтаи назаридан тўғри бўлган бу тадбирлар ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормади, мусулмончилик одатлари, маросим қонун-қоидаларини ҳисобга олмади. Ваъда қилинган 4 та янги қабристон ўрнига фақат биттаси очилди. Бошқа касаллик билан ўлганларни шаҳар ичкарисидаги қабристонларга кўмиш ишларини расмийлаштириш ҳам чўзилиб кетди, суиистеъмолликлар кучайди. Одамлар ноилож ўликни эски қабристонларга олиб бориб кўмишга мажбур бўлди. Полиция бундайларни топиб ҳибсга ола бошлади. Қабристонни очиб, ўлганларнинг руҳи ҳақорат қилинди. Шаҳарнинг энг таниқли кишиларидан ҳисобланган Азизёр Эшон, Абулқосим хўжа, бозор оқсоқоли Зиёмуҳаммад ва бошқа кишилар бошчилигидаги мингга яқин киши 24 июнда шаҳар бошлиғи маҳкамаси томон йўл олдилар. Уларга ҳоким тўра-шаҳар бошлиғи полковник С.Р.Путинцев ва эски шаҳар оқсоқоли Муҳаммад Ёқуб тўқнаш келишди. Қамчисини ўйнатиб келган оқсоқол халқнинг сўзларини, арз-додини тинглаш ўрнига унга дағдаға қила бошлади. Ҳалқ унинг бошига тошлар ёғдирди. Машҳур «Тошотар» воқеаси бошланиб кетди. Оқсоқол отдан тушиб ҳокимнинг идорасига қочиб яширинди. Полковник Путинцев эса ўзининг содиқ қулини паноҳига олиб, халқни тинчитишга уринди. Халқ ундан оқсоқолни беришини талаб қилди. Путинцев ҳам музокара ўрнига куч ишлатишни афзал кўриб, тўппончасини ғилофидан чиқариб, дағдағага ўтди. Сабр косаси тўлган халқ, узоқ ўйлаб ўтирмай, ҳокимга ҳужум бошлади, Путинцев ва унинг миршабларини дўппосладилар, ҳалойиқ маҳкамани ҳам остин-устун қилдилар. Қуролланган солдатлар етиб келгач, халқ аямай ўққа тутилди. Ноилож қолган оломон Анҳор сувига ўзини ташлайди,кўп киши ҳалок бўлади ва яраланади. Ўлганлар ва ярадорларнинг миқдори ҳақида аниқ маълумотлар сақланмаган. Чунки халқнинг ўзи жасадларни ва ярадорларни ўзлари билан олиб кетишган. Кейинги кунлари Анҳордан топилган майитлар сони 80 тага етган. Қўлга олинган 60 киши турли муддатларга қамоқ жазоси ва сургунга ҳукм қилиндилар. Мустамлакачиларнинг зўравонлиги халқнинг озодлик ҳаракатини тўхтатиб қололмади. Андижон қўзғолони. Туркистонда кўтарилган озодлик ҳаракатининг энг йириги 1898 йилги Андижон қўзғолонидир. Қўзғолонга Андижон яқинидаги Мингтепа қишлоғида яшовчи Муҳаммадали эшон бошчилик қилди. У отасининг касбини олиб дук ясарди, шунинг учун уни Дукчи эшон деб аташарди. Муҳаммадали Бухорода ўқиди, Маккага ҳажга боради, Фарғона вилоятидаги Султонхон Тўра эшон хизматида бўлади. Унинг вафотидан кейин ўзи Эшон бўлади. Унинг мақсади рус ҳукмронлигидан қутилиш, Фарғонада ўз кишисини хон қилиб кўтариш эди. Унинг атрофида камбағаллар тўплана борди, боғлар яратди, сувсиз ерларга сув чиқарди. Муҳаммадали эшон ўз муридлари билан кенгашиб, мустамлакачиларга қарши Андижон, Марғилон ва Ўшда жойлашган ҳарбий лагерларга ҳужум қилиш режасини тузади. 1898 йил 17 май куни Муҳаммадали эшон халойиқни қўзғолонга даъват қилади. Шу куни хуфтон пайтида ҳар ким қўлига тушган нарсани олиб Андижон шаҳарига жўнадилар. Эшон бошлиқ қўзғолончилар Қўтчи қишлоғига киришганда яна 200 киши қўшилган. Қорақўрғон ва Оқчидан ўтиб Қўйлига яқинлашганида уларга мингбоши Ғойибназар ўз йигитлари билан қўшилади. Қўзғолончилар Андижонга яқинлашганларида уларга бой савдогар Алибой қуролланган 190 йигити билан қўшилади. Қўзғолончилар сони 2000 кишига етади. Қўзғолончилар Андижондаги мустамлакачиларнинг ҳарбий гарнизонига бостириб киради ва казарманинг пирамидаларида турган 30 га яқин милтиқни ўлжа қилиб олиб, биринчи қатордаги солдатлар устига ташланишади. Уларга ичкаридаги солдатлар қаршилик кўрсатадилар. Чорак соат давом этган отишмадан сўнг қўзғолончилар тўрт ўлган шерикларини ташлаб чекинадилар. Ҳарбий гарнизондагилардан 22 киши ўлдирилади, 24 таси ярадор бўлади. Андижонда, айниқса россияликлар яшайдиган янги шаҳарда мустамлакачи амалдорлардан тортиб то оддий фуқарогача ваҳимага тушиб, уйларига бекинган ва мусулмонлар ялпи ҳужумини кутган. Ҳатто туманбоши полковник Коишевский ҳам кўчага чиқишдан қўрқиб уйида бекиниб ётади. Эски шаҳар оқсоқоли Холбаҳодир мингбоши унинг олдига келганидагина у воқеанинг тинч тугаганини билган ва дарҳол аскар чақиради. Улар янги шаҳардан бошлаб кўзига кўринган мусулмонларни отади. Бу воқеалардан мутлақо бехабар, эрталаб ишлашга чиққан минглаб деҳқонлар ва ҳунармандлар мустамлакачилар ўқидан нобуд бўлишади. Ҳарбий қўшинлар шаҳарни ўраб олиб, қўзғолонни ҳарбий куч билан шафқатсизларча бостиради. Мустамлакачилар Муҳаммадали эшонни тутиш учун Мингтепага юрдилар, йўлда дуч келган кишини отиб ўлдириб Мингтепага бостириб кирдилар, уч соатча отишма ва тинтув ўтказдилар. Ниҳоят, эшон Арслонбоб яқинидаги Тошкўприкда қўлга туширилди. Эшон ва унинг муридлари, таниш-билишлари, маслакдошларига нисбатан даҳшатли қатағон уюштирилди. 1898 йил 12 июнда Муҳамадали эшон ва унинг яқин маслакдошларидан 5 нафари осиб ўлдирилди, юзлаб кишилар қамоқ жазосига ҳукм этилди, 18 киши Сибирга сургун қилинди. Жами 388 киши жазоланди. Дукчи эшон қўзғолони изсиз кетмади. Бутун Фарғона водийсида мустамлакачиларга қарши ҳаракат давом этди. Яккатут, Наманган, Бешариқ, Марғилон ва бошқа туман ва қишлоқларда босқинчиларга қарши ҳаракатлар бўлди. 1898 йилги қўзғолон чоризмга қаттиқ зарба берди, унинг негизларини титратди. Қўзғолончилар Ватан озодлиги учун кураш тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин эгалладилар. 1916 йил халқ қўзғолони. Биринчи жаҳон уруши унда иштирок этаётган Россия империясини тобора ҳолдан тойдирмоқда эди. Ўн минглаб аскарлар жангда қурбон бўлдилар. Талвасага тушган Россия Олий Бош қўмондонлик штаби ҳарбий вазирликдан «армия эҳтиёжлари учун салмоқли миқдорда куч ажратишни» зудлик билан талаб қилди. Бу кучни ҳарбий вазирлик мустамлакалардан тўплашга умид боғлади. Натижада Россия императори Николай II 1916 йил 25 июнда Туркистон, Сибир ва Кавказдаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни фронт орқасидаги хизматлар учун сафарбар қилиш тўғрисида фармон чиқарди. Туркистон генерал-губернаторига зудлик билан фармонни амалга ошириш буюрилиб, Сирдарё вилояти зиммасига 87 минг, Самарқандга 38 минг, Фарғона зиммасига 50 минг киши юбориш мажбурияти юкланди. Ўлкада сафарбар қилинувчиларнинг рўйхатлари тузила бошланди. Халқ бу тадбирга «мардикорликка» олиш деб ном берди. Маҳаллий маъмурият мардикорликка чақиришни бойлик орттириш воситасига айлантирди. Бойларнинг ўғли пул билан қутулиб қолар, камбағал оилалар эса ёлғиз ўғилдан, боқувчисидан айрилар эди. Бу ҳол халқнинг кучли норозилигига олиб келди. Петрограддан баъзи табақадагилар товон эвазига мардикорликдан озод қилиниши мумкинлиги тўғрисида қўшимча кўрсатмалар етиб келганидан кейин халқ норозилиги қўзғолонга айланиб борди. 4 июлда Хўжанд шаҳрида норозилик намойиши бошланиб кетди. Унда деҳқонлар, мардикорлар,чоракорлар, аёллар - жами 3000 дан ортиқ киши қатнашиб, намойиш «Мардикор бермаймиз!» шиори остида ўтди. Полиция намойишни бостиришга киришди, улар устига тош ёғилди. Ҳарбий қисмдан солдатлар етиб келиб полициячилар билан биргаликда намойишни бостирди, икки киши ўлди, бир киши ярадор бўлди. Хўжанд воқеаси ҳақидаги хабар бутун Туркистонга ёйилди. 5 июлда Самарқанд уездининг Ургут қишлоғида ғазабга келган 2000 кишилик деҳқонлар волость бошқарувининг маҳкамаси олдига тўпланди. Маҳкама ходимлари калтакланди. Ўша куни Самарқанд уездининг Сиёб, Маҳалла, Хўжа Аҳрор ва Ангар волостларида ҳам намойишлар бўлиб ўтди. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling