Марказий ва периферик нерв тизими. Вегетатив нерв тизими тузилиши. Сезги ва ҳаракат ўтказув йўллари соат
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
5.-Markazij-va-periferik-nerv-tizimi.-Vegetativ-nerv-tizimi-tuzilishi.-Sezgi-va-arakat-utkazuv-jullari.-4-soat.
5.11. Охирги мия
Охирги мия (telencephalon) плашч – ёпқич – pallium, ҳид билиш мияси – rhinecephalon, кулранг ўзаклар ва ён қоринчалар – ventriculus lateralis дан тузилган. Плашч мия яримшарларининг 2–4 мм қалинликда қопланган (энг кейин ривожланган) кулранг пўстлоғидан (cortex cerebri) иборат бўлиб, унда ташқи, ички ва остки юзалар тафовут этилади. Ҳар қайси плашч жойлашувига кўра пешона – lobus frontalis, тепа – lobus parietalis, энса – lobus occipitalis, чакка – lobus temporalis ва чуқурликда жойлашган оролча – incula бўлакларидан ташкил топган. Оролчани кўриш учун пешона, чакка ва тепа бўлаклари оралиғида жойлашган эгат – sulcus cerebri lateralis ни кенгайтириш ёки оролчани қоплаб турган бўлакларни кесиш лозим. Оролчани қоплаб турган пешона, чакка ва тепа бўлаклар унинг томчаси (operculum) деб аталади. Оролча учбурчак шаклида бўлиб, уни ўраб турган айланма эгат (sulcus circularis) орқа ва бошқа қисмлардан чегаралаб туради. Плашчнинг пешона бўлагини тепа бўлакдан ажратиб турган марказий эгат – sulcus centralis бор. Бу эгат пастда кўндалангига жойлашган ботиққа бориб тақалади. Тепа бўлак билан энса бўлак оралиғида уларни ажратиб турувчи – sulcus parietooccipitalis ни кўриш мумкин. Чакка бўлакни бошқа бўлаклардан миянинг ён томонидаги эгат – sulcus cerebri lateralis ажратиб туради. Пешона бўлагининг марказ олди эгати – sulcus precentralis олдида олдинги марказий пушта – gyrus precentralis жойлашган. Марказ олди эгатидан кўндалангига кетган икки пешона эгати (sulcus frontalis superior et inferior) устки, ўрта ва пастки пешона пушталарини gyrus frontalis superior, medius et inferior га ажратиб туради. Тeпа бўлак – lobus parietalis эса марказий эгат (sulcus centralis) орқасига жойлашган марказ орқа эгати (sulcus postcentralis) ва унга кўндаланг кетган эгат – sulcus intraparietalis воситасида орқа марказий пушта – gyrus postcentralis, остки ва устки тепа – lobulus parietalis superior et inferior бўлакларига бўлинади. Энса бўлаги – lobus occipitalis кўндаланг жойлашган эгат – sulcus occipitalis transversus ва бошқа майда эгатлар (sulcus intraparietalis) билан алоҳида пушталарга ажралиб туради. Энса бўлакнинг ёнбош соҳасида ўзгарувчан эгатчалар ва пушталар доимий учрамайди. Чакка бўлагида параллел жойлашган устки ва остки эгатлар (sulcus temporalis superior эр inferior) пушталари – gyrus temporalis superior, media et inferior га ажратади. Gyrus temporalis inferior унинг пастки қирраси орқали миянинг пастки юзасида жойлашган gyrus occipitotempalis lateralis дан ажралиб туради. Оролча (incula)ни мия яримшари ташқи юзасидаги ёнбош эгат (sulcus lateralis)ни икки томонга тортиб кенгайтириб ёки уни қоплаб турган пешона, тепа ва чакка бўлакчаларидан ҳосил бўлган томчани (operculum) кесиб очиб кўриш мумкин. Оролча учбурчак шаклда бўлиб, атрофини доира эгат (sulcus circularis) ўраб туради. Оролчани, унинг марказида жойлашган пушта олд ва орқа бўлакларга бўлади. Олдингиси бир нечта калта пушталар (gyrus breves inculaе) ва орқадагиси узун пушталар (gyrus longus inculaе)дан иборат. Бош мия ярим шарининг медиал (ички) юзасида қуйидаги эгат ва пушталар жойлашганлигини кўрамиз. Қадоқ тана устидан ётувчи эгат (sulcus corposis collasi), у area subcollosi номли майдондан бошланиб орқадан денгиз оти эгатига ўтиб кетади. Бу эгат устида унга параллел ҳолда белбоғ эгати (sulcus cinguli), улар орасида қадоқ танани белбоғ каби ўраб турувчи пушта (gyrus cinguli) жойлашади. У орқага ва пастга томон йўналиб сиқиғ (isthmus) орқали денгиз оти олди пуштаси (gyrus parahyppocampalis)га ўтади. Сиқиғ орқасида қуш панжа эгати (sulcus calcarinus) ёрдамида ажралган тилча пуштаси (gyrus lingualis) жойлашади. Юқорида кўрсатилган учта пушта (gyrus cinguli, isthmus гyri cinguli ва gyrus parahyppocompalis) гумбаз пуштаси (gyrus fornicatus)ни ҳосил қилади. Бу пуштанинг олдидаги қадоқ тана ости майдонини (area subcollosa), орқа қисмидаги илмоқ (uncus) берк ҳалқани ҳосил қилади. Бу ҳалқа бош мия ярим шарларининг янги қисми – ҳидлов мияси (rhinecephalon) дейилади. Белбоғ эгати олд ва юқоридан юқориги пешона пуштаси (gyrus frontalis superior) эгатининг олдингиучигача давом этади. Эгатнинг орқа учи тепа соҳасига келганда юқорига кўтарилади ва марказий эгатнинг орқасида ётади. Марказ олди эгати билан белбоғ эгат орасида марказ атрофи олди бўлаги (lobus paracentralis)ни кўрамиз. Lobulus paracentralis нинг орқа томонида (тепа бўлакка тегишли) тўртбурчакли сатҳ ёки пона олди бўлак (precuneus) бўлиб, олдиндан sulcus cinguli (белбоғ эгати), пастдан sulcus subparietalis, орқадан sulcus parietooccipitalis чегаралаб туради. Precuneus (пона олди) орқасида (энса бўлакка тааллуқли) пона (cuneus) бўлиб, олдиндан sulcus parietooccipitalis, орқадан sulcus calcarinus пастдан gyrus lingualis билан чегараланади. Яримшар остки юзасининг олд қисмида ҳидлов эгати – sulcus olfactorius бўлиб, унда ҳидлов йўли – tractus olfactorius et bulbus olfactorius жойлашган. Sulcus olfactorius нинг медиал томонида тўғри пушта (gyrus rectus) кўринади. Латерал томонда бир қанча майда эгатчалар ва кўрув пушталари (sulci orbitales et gyri orbitales) бор. Яримшарнинг пастки орқа соҳасида энса бўлакдан чекка бўлагига қараб чўзилган иккита sulcus occipitotemporalis бўлиб, gyrus occipitotemporalis lateralis (энса-чакканинг четдаги пуштаси) чегаралаб турса, иккинчиси ён ёки чекка эгат (sulcus collateralis) бўлиб, олдинга бурун эгати ҳолида давом этади. Бу эгатлар билан қуш панжа эгати sulcus calcarinus оралиғида gyrus lingualis (тилсимон пушта), gyrus collateralis билан sulcus rhinalis (бурун эгати) бир томонда, иккинчи томонда sulcus hippocampi (денгиз оти пуштаси) оралиғида gyrus parahippocam (денгиз оти атрофи олди пуштаси) жойлашади. Шуни айтиб ўтиш керакки, мия яримшаридаги эгат ва пушталар мия ривожланиши даврида вужудга келган энг кейинги қисмдир, улар ҳар хил шаклда жойлашган ва ҳамма вақт ҳам бир хилда бўлавермайди. Download 1.51 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling