Маъруза режаси XIX аср охири – ХХ аср тарих фалсафасидаги асосий йўналишлар К. Ясперснинг тарих фалсафаси


Download 72.59 Kb.
bet5/10
Sana21.04.2023
Hajmi72.59 Kb.
#1367827
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10
Bog'liq
10 mavzu seminar uchun

К.Ясперснинг тарих фалсафаси.

Инсоният тарихини ўрганишда П.А.Сорокиннинг тарих фалсафаси алоҳида ўрин тутади. Бу бевосита инсон феноменини белгилайдиган маънавий, маърифий ва ахлоқий мезонларни ўзида мужассам этган ижтимоий маданият ва цивилизация билан боғлиқ бўлган кенг миқиёсли таълимотни ўз ичига олади.


Сорокин ҳар қандай ижтимоий маданиятнинг асосини қадриятлар ташкил этади, деган ғояни илгари суради. Жумладан, у маданият ва цивилизацияни жуда катта мафкурвий моҳиятга эга бўлган фикрлар, ғоялар, тил, фан, дин, фалсафа, ҳуқуқ, ахлоқ, адабиёт, рангтасвир, ҳайкалтарошлик, меъморчилик, мусиқа, иқтисод, сиёсат, ижтимоиёт ва бошқа масалалар билан боғлиқ бўлган, жамиятнинг яхлит ижтимоий феноменини ташкил этадиган йўналишларнинг умумий бирлиги сифатида тушунади. Бу, албатта, ҳар қандай цивилизацияга асос бўладиган, замин яратадиган энг муҳим қадрият дейишимиз мумкин. Айни пайтда цивилизация, ижтимоий-маданий сакрашлар у қайси халққа тегишли бўлса, ўша халқ миллий руҳияти, турмуш тарзи, бошқача қилиб айтганда, миллий қадриятни англаш жараёни билан боғлиқ. Ана шулардан келиб чиқиб, у турли тадбирлар, урф-одатлар, анъаналар, хатти-ҳаракатлар асосидаги умумий аҳоли қатламининг маънавий эҳтиёжи даражасига кўтарилган ғоялар тизимини ҳам ташкил этади.
Дарҳақиқат, бир неча минг йиллик тарихий обидалар, осори атиқалар, маданий ёдгорликлар авлоддан-авлодга ўтиб, инсоният тафаккурининг буюк мўъжизаси сифатида ўз қудратини намоён этмоқда. Айни ана шу мўъжизалар тагида инсон тақдири, севинч ва изтироблари, эзгулик ва ёвузлик ўтрасидаги курашларда тобланган метиндай ирода ва улкан маданият, табиийки, ахлоқ ҳам ётади. Ана шуларнинг ҳаммаси тарихни англаш жараёнида бугунги кун одамлари тафаккурининг шаклланишида, тарих орқали олис истиқболга назар ташлашида катта рол ўйнайди. Айни ана шу ҳолатнинг ўзи инсоннинг, инсониятнинг ўзини-ўзи «таъмирлаб», ўзини-ўзи «ислоҳ» қилиб, ўзини-ўзи янгилаб, бойитиб, қадриятга айланиб бораётганидан далолат беради.
Карл Ясперс қарашларининг асосий йўналишини эса жаҳон тарихи бирлиги масаласи ташкил этади ва уни умуминсоний қадрият даражасига кўтаради. Бу тарих фалсафасига ва унинг умуминсоният тарихини ўрганиш борасида шаклланган хилма-хил йўналишларнинг бири сифатида фанда алоҳида мавқега эга.
Ясперс инсониятнинг бутун тарихии ўзаро изчил равишда алмашинувчи уч фазага бўлади: тарихдан аввалги фаза, тарих фазаси ва жаҳон тарихи фазаси. Тарихдан аввалги фаза узоқ давр ҳисобланиб, у инсоннинг шаклланиши, тил ва ирқларнинг пайдо бўлишидан тортиб, то тарихий маданиятларнинг вужудга келишигача бўлган даврни қамраб олади1. Шу ҳолатдан келиб чиқиб «Бу ерда инсон моҳиятининг сирига дуч келамиз, инсоннинг Ерда яшаши бетакрорлигини англаб етамиз, олдимизда барча нарсаларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бўлган ва бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган эркинлигимиз борасидаги масала пайдо бўлади»2, - дейди К.Ясперс.
Тарих Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Европада содир бўлган тахминан 5 минг йиллик воқеаларни қамраб олади. Универсал ёки жаҳон тарихи дунё ва инсониятнинг буюк географик кашфиётлар даврида шаклланиб, бугунги кунда юзага чиқаётган глобал бирлиги билан бошланади. Унинг бошланиши ХХ асрга тўғри келади. Тарих фазасида тасодифий тўқнашувларнинг мавжудлигига қарамай, баъзи буюк маданиятлар ёнма-ён ривожланди. Булар алоҳида тарихлар эди. Жаҳон тарихи фазасида бутуннинг бирлиги намоён бўлиб, ундан ташқарига чиқиб бўлмайди. Демак, К.Ясперс хулосаларига кўра «Мазкур фаза – тарихий воқелик эмас, балки келажакдаги имкониятларни олдиндан пайқашдир. Шу сабабдан у эмпирик тадқиқотнинг предмети бўла олмайди ва фақат ҳозирги замондаги борлиқни англаш учун зарур маълумотлар мавжуд манба сифатида хизмат қилади»3.
Тарих фазасида Ясперс томонидан «вақт ўқи» деб номланган давр муҳим аҳамиятга эга. Мазкур даврда, яъни милоддан аввалги 800 ва 200 йиллар ўртасида тарихда туб бурилиш рўй берди: ҳозирги кунгача яшаб келаётган қиёфадаги инсон пайдо бўлди ва инсониятнинг маънавий асоси шакллана бошланди. Демак, ана шу даврни жаҳон тарихининг ўқи дейишимиз мумкин4. Ана шу ерда Ясперс фалсафасининг моҳияти очилади. Зотан, инсон шаклига эга бўлиб, гарчи ўз даврига хос ибтидоий ҳолда яшаган бўлсада, унинг тарихи бошланди, деган гап. Инсон ва инсоният тарихи илк тасаввурлардан фикрлар ва тафаккур оламида жиддий силжишлар юз берган инсоннинг вужудга келиши билан бошланади. Инсон тафаккуридаги бундай жиддий ўзгаришлар, ақлий салоҳиятнинг, интеллектуал имкониятнинг ошиб бориши, буюк кашфиётлар қилишнинг муқаддимаси бу – илк инсоннинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва тобора изчил равишда шаклланиб боришининг натижасидир.
Инсон ўз келажаги ҳақида башорат қилолмаганидек, инсоният ҳам ўз истиқболи тўғрисидаги хулосаларини мутлоқ ҳақиқат деб била олмайди. Ҳудди шунингдек, фан қанчалик тасдиқламасин, аниқ мисоллар билан исбот қилмасин, инсон қандай пайдо бўлгани, илк аждодлари қандай бўлганига қизиқавэради. Аммо аниқ бир тўхтамга кела олмайди. Масала мавҳумлигича қолавэради. Шунинг учун ҳам Ясперс «Тарихдан аввалги вақт ибтидосидаги инсониятнинг умумий бошланғич даври биз учун, ҳозирги кунда Ер шарида ҳукмронлик қилаётган, ҳуқуқий жиҳатдан тартиблашган бирликка етишиши мумкин бўлган, моддий ва маънавий жиҳатдан мавжудликнинг чексизлигига интилаётган инсониятнинг келажаги каби қоронғудир»5 - дейди.
Бундай қараганда тарихнинг бирор бир инқилобий бурилиши фан ва техниканинг вужудга келиши каби дунёвий инқилобни вужудга келтирмаган. Ана шу воқеанинг ўзи инсоният ҳаётини остин-устун қилиб ташлади ва унинг бутунлай янги, изчил ривожланадиган, вақт ўтган сари такомиллашиб борадиган босқичини бошлаб берди. Зотан, инсониятнинг бутун бахтиёрлигию бахтсизлиги, севинчу изтироблари, ситамли онларию хушнуд дамлари ана шу фан-техника тараққиёти билан боғлиқ. Фан-техника инқилобининг тарихий моҳияти ҳақида гапирар экан, «Фан жаҳонга мисли кўрилмаган имкониятлар ва хавф-хатарлар келтирди. 150 йилдан бери давом этаётган техника асри сўнгги йилликларда гуркираб юксалди, унинг кейинги жадаллашув даражасини башорат қилиш қийин. Бутун мавжудликнинг янги асослари яратилдики, уни инкор этиб бўлмайди»6, деб хулоса чиқаради К.Ясперс.
Ясперс қарашларига асосан ялпи жаҳон тарихини ўрганиш жараёнида инсон ўз тарихини ўрганиш имкониятига эга бўлади. Зотан, ҳар қандай инсон ёки жамият, маълум бир маконда яшаётган халқ ўз тақдири ва тарихини ўз қобиғи доирасида ўрганиши бир ёқламаликка ёки миллий маҳдудликка олиб келиши мумкин. Ҳар қандай миллий тарихни ўрганиш учун ҳам умумий инсоният тарихи тадрижий тараққиётига, ривожланиш омилларига, хусусан маданиятларнинг ўзаро таъсирига алоҳида эътибор бериш ва уни ўрганиш лозим. Ҳар бир кишидаги тарихий тафаккур умуминсоний тақдир ва тарих билан боғлиқ ҳолда ривожланган, кенгайган ҳолдагина маълум бир ҳудуд тарихи бўладими ё умуминсоният тарихи бўладими уни бутун кўлами ва моҳиятини англаш ва тушуниш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, ҳар бир ҳудуд ёки минтақа халқлари тарихидаги воқеликка ташқи таъсир, ҳеч бўлмаганда дунёвий тафаккур ва цивилизация таъсири бўлиши муқаррар.
Яъни, ҳар қандай ҳудудда яшаётган маълум бир халқ тарихи, албатта, ўша минтақа ва, қолаверса, умуминсоният тарихи билан боғлиқ бўлади. Чунки айни ана шу маконда юз берган тарихий жараён ёки маълум бир воқелик ташқи таъсир, табиий макон ва ижтимоий манфаатлар натижасида ҳам юз бериши мумкин. Қолаверса инсон тафаккури у яшаётган жамиятнинг умумий тафаккури, умумий савиясининг, қолаверса, тинимсиз ва тизгинсиз алмашинаётган ахборотлар таъсирида кенгайиб бораётган тафаккурнинг натижаси.
Биз, албатта, бу ерда тарихий шахслар, даҳолар, саркардалар, йирик олиму уламоларни назарда тутмаяпмиз. Бу алоҳида масала. Лекин, ҳар қандай жамиятнинг умумий маънавий-маърифий савияси ўша жамиятни ташкил этган фуқаролар савиясининг ва ақлий даражасининг умумий йиғиндисидан иборатгина эмас, балки дунёвий тараққиёт янгиликлари ва жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнлари инъикосидир. Ана шу фикрлардан келиб чиқиб, «тарих фалсафасининг биз беришга уринаётган яхлит концепцияси, -деб ёзади Ясперс, - жаҳон тарихи доирасида ўз аҳволимизни ёритишга йўналтирилгандир. Тарихий концепциянинг вазифаси ҳозирги даврни англашга ёрдам беришдан иборат. У бизга жаҳон тарихидаги ўрнимизни аниқлаб беради»7.
Дарҳақиқат, жаҳон тарихининг яхлит кўламигина ҳозирги – XXI аср остонасида туриб яқин асрларда юз берган улкан ўзгаришлар, тараққиёт ва таназзуллар, эзгуликлар ва ёвузликларнинг оқибатига кўра, ўтган беш минг йиллик тарихдан маълум бўлган воқеаларга қиёслаб бўлмаслигини, бу соҳада мисли кўрилмаган мўъжизалар ва даҳшатлар юз берганини тушунишга имкон беради.
Бошқача қилиб айтганда инсоният тарихига, унинг тадрижий тараққиёт босқичлари ва таназзулларига ўз имкониятларимизни, зафарларимизу нуқсонларимизни солиштириб, ўзимизнинг маънавий-ахлоқий, интеллектуал қиёфамизни кўрамиз, устун ва ожиз томонларимизни аниқлаймиз, маънавий қудратимиз, ақл-заковатимиз доирасида тегишли хулоса чиқарамиз.
Инсоният тарихининг изчиллиги, тадрижийлиги инсон танасидаги авлоддан авлодга ўтиб келаётган генлар ва унсурларнинг бугунги кунгача сақланганида ўз ифодасини топмоқда. Қадимги ва энг қадимги илк аждодларимиз руҳияти ҳамда феъл-атворидаги фазилатлару нуқсонлар яхлит ҳолда қайсидир даражада бугун жисмимизда яшамоқда. Бу илк тош ёзувлардан тортиб, ҳозирги буюк кашфиётларгача, оддий ов асбоблардан тортиб бугунги оммавий қирғин қуроллари, космосни забт этиш, интернет, ҳайбатли ҳаво лайнерлари ва ҳатто инсонни клонлаштириш каби даҳшатли мўъжизагача – барча-барчаси цивилизациянинг улкан, узундан узоқ занжирини ўзида ифода этади. К.Ясперс ана шу ҳодисадан келиб чиқиб «Ўша даврда содир бўлган, яратилган ва кашф этилганлар билан инсоният ҳозирги кунгача яшаб келмоқда. Одамлар ўзларининг ҳар бир интилишларида вақт ўқини эслаб, унга мурожаат этадилар, шу давр ғояларидан илҳомланадилар. Мазкур даврдан бошлаб вақт ўқини хотирлаш ва унинг имкониятларини тиклаш – Ренессанс – доимо маънавий юксалишга олиб келади деб ҳисобланади»8, дейди.
Ясперс вақт ўқининг сабабларини излашга ҳаракат қилади, бироқ унинг моҳиятини, келиб чиқиш омилларини, манбаларини аниқлай олмаслигини тан олади ва «Ҳеч ким бу ерда нима содир бўлганлигини, жаҳон тарихининг ўқи қандай пайдо бўлганлигини тўлиқ англай олмайди! Биз бу босқични ҳамон чуқурлашиб бораётган сир сифатида эслаб туриш мақсадида ушбу туб бурилиш даврининг тарихини чизишимиз, унинг турли жиҳатларини кўриб чиқишимиз, аҳамиятини изоҳлаб беришимиз лозим»9, дейди.
Дарҳақиқат, оламнинг пайдо бўлиши каби одамнинг пайдо бўлиши ҳам ҳамон фан оламида мунозарали мавзу. Гарчи бу борадаги диний ва дунёвий қарашларда маълум даражада хулосалар мавжуд бўлса-да, у мутлақ ҳақиқат ҳам эмасдай туюлади, кишига.
А.Ивин хулосаларига кўра, Ясперс инсоният тарихининг тўрт гетероген даврини ажратиб кўрсатади: прометей даври (нутқнинг, меҳнат қуролларининг пайдо бўлиши, оловдан фойдаланишни ўрганиш даври), узоқ ўтмишнинг юксак маданиятлари даври, инсон борлиғининг маънавий асослари даври (вақт ўқидан бошланувчи бу даврда ўз маънавияти билан оламга юз очган ҳақиқий инсон шаклланган) ва техника тараққиёти даврларига ажратади.
Инсоният тарихида, шундай қилиб, икки босқич кузатилади. Биринчиси прометей давридан узоқ ўтмишнинг юксак маданиятлари орқали ўтиб, барча оқибатлари билан биргаликда вақт ўқига олиб боради. Иккинчиси инсоният тарихидаги иккинчи прометей давридан, фан ва техника давридан бошланади ва эҳтимол, янги, ҳали олис ва кўринмас иккинчи вақт ўқига, инсоннинг ҳақиқий юксалишига олиб келиши мумкин. Мазкур икки босқич ўртасида муҳим фарқлар бор. Иккинчи босқичда биз тарихий тажрибага эга бўламиз; агар биринчи босқич даври бир нечта ёнма-ён ҳаракат қилаётган қисмларга бўлинган бўлса, иккинчиси инсониятни яхлит ҳолда қамраб олади. Иккинчи босқич қандай бўлишини тасаввур қилиб бўлмаса-да, у комил инсоннинг яратилиши билан тугайди деб тахмин қилиш мумкин10.
Инсон тафаккури кенгайиб боргани сайин унинг янгидан янги имкониятлари пайдо бўлавэради, фаолият доираси кенгайиб, очилмаган қирралари очилиб боради. Бу ўтмишимизда юз берган тарихий тараққиёт ва унинг оқибатларида яққол кўринади.
Ленин бошчилигидаги зўравонлик билан ўрнатилган империя тазъйиқ, таҳдид ва қўрқув орқали жамиятни бошқариш тамойилини тўла амалга оширди. Кетма-кет давом эттирилган репрессиялар халқ оммаси ақлий қатламини – элитасини, интеллеклуал бойлигини йўқ қилди. Натижада қўрқув билан яшайдиган авом халқдан иборат бедаво жамиятни вужудга келтирди. Ёки диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг дунё миқёсида ҳуруж қилаётгани, улар келтираётган мислсиз фожеаларнинг шакллари, усуллари доираси тобора кенгайиб кетаётгани уларнинг касбий маҳорати ва тажрибалари ошиб бораётганини кўрсатмайдими? Аслида эса эзгуликлар, буюк кашфиётлар қанчалик ақл маҳсули бўлса, ёвузликлар ва беқиёс хунрезликлар ҳам ақл орқали амалга оширилган салбий ҳодисалардир. Дарҳақиқат, бугун оламни остин-устун қилаётган, инсоният бошига мислсиз кулфатлар келтираётган, даҳшату ваҳшатларга т¢ла бузғунчи ғоялар фақатгина ақидапарастлик, фанатизм иллатлари эмас, балки ақидапарастлик “балоси” ҳамдир. Фақат ана шу ходисаларни амалга ошираётган камикадзелар эса ¢злигини унутган зомбилар б¢лиши мумкин, холос.
Ана шундай ҳолатдан келиб чиқиб К.Ясперс «Бу концентрацион лагерларнинг реал воқелиги, бу азобловчилар ва азобланувчилар доирасидаги келишилган ҳаракат, инсон маънавий қиёфасининг бундай йўқолиши барчага ҳалокат таҳдидини солувчи келажак имкониятларидан дарак беради... ушбу хавф атом бомбасидан ҳам қўрқинчли, чунки у инсон қалбига тажовуз қилади»11, дейди.
Бир қарашда Ясперс цивилизация оқибатларини, фан-техника тараққиёти натижаларини тушкунлик билан қабул қилгандай кўринади. Бироқ унинг қарашларида юксак кўтаринкилик, оптимистик руҳ яққол кўзга ташланади. Хусусан, инсоният келажаги тўғрисида гапирар экан, ҳар қандай цивилизация тасодифий ҳодиса эмас, аксинча инсоннинг ақл-заковати, феъл-атвори маҳсулидир, деган хулосага келади. Ўтмишда юз берган барча ютуқлар билан бирга таназзуллар ва фожеаларни бутун кўлами билан англаб етиш, ундан зарур хулосалар чиқариш, бунинг учун эса тиниқ ва кенг қамровли тафаккур кераклигини уқтиради ва, жумладан, шундай дейди: «Ўтмишнинг фожеаларини унутишга йўл қўймаслик керак. Негаки, биздаги қўрқув ўтмишда содир бўлган воқеалар қайтарилиши, тарқилиши, бутун дунёни қамраб олиши мумкинлиги туфайли пайдо бўлади. Биз хавф билан фаол курашга айланувчи ушбу қўрқувни сақлашимиз лозим»12.
Шундай қилиб, Ғарб тарих фалсафаси XVIII- асрдан кейин жаҳон тарихини ўрганишнинг мисли кўрилмаган методологик асосини яратди. Бу бевосита бутун кўлами, илмий-назарий яхлитлиги, инсон ва унинг моҳияти, инсоният тарихи тараққиёти тажрибалари ҳақидаги Шарқ мутафаккирлари илмий-методологик қарашларининг, фалсафий й¢налишлари ва ғояларининг янги цивилизациявий шакли сифатида ўзини намоён этди. Зотан, Ғарб мутафаккирларидан бири “Нур-Шарқдандир” деган эди. Бу доно башорат ҳар икки маънода – ҳаёт манбаи бўлган қуёшнинг Шарқдан чиқишига, тафаккур манбаи бўлган ақл-идрок, даҳолик қуввати ва заковат мўъжизаси ҳам шарқда юз бергани ва кейинчалик бутун инсониятни забт этганига ҳаққоний ишора эди!



Download 72.59 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling