Мамлакат иқтисодиёти ривожланишини яхлит бир жараён сифатида тадқиқ қилиш, унга турли омилларнинг таъсирини ва ўзаро боғлиқлигини тизим сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш дастлаб Франсуа Кенэ асарларида учрайди. Франция қироли Людовик XVнинг сарой врачи бўлган Ф.Кенэ 1758 йилда, миллий маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини пул оқимларининг доиравий айланиши сифатида тасвирлаган ва бу “Кенэ жадвали”да ўз аксини топган. “Кенэ жадвали” макроиқтисодий таҳлил элементлари қўлланган илк жадвал ҳисобланади.
Ж.Б.Сэй, Л.Вальрас, В.Парето ва бошқа олимлар томонидан ҳам (XIX асрда) макроиқтисодий таҳлил қўлланган. Карл Маркс ўзининг “Жами ижтимоий маҳсулот(ЖИМ)ни такрор ишлаб чиқариш”
схемаси билан, В.Леоньтев эса ўзининг “Тармоқлараро баланс”и билан макроиқтисодиётни иқтисодий назариянинг алоҳида бўлими сифатида ажралиб чиқиши учун мустаҳкам асос яратишди. Ж.М.Кейнс эса ўзининг “Иш
билан бандлилик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси” (1936 йил) асари билан бу жараённи мантиқий якунига етказди. Шу сабабли ҳам Ж.М.Кейнс макроиқтисодиёт фанининг асосчиси сифатида тан олинади. Шундай қилиб, макроиқтисодиёт ўз предмети ва тадқиқот усулларига кўра мустақил фан сифатида ХХ асрнинг ўрталарига келиб шаклланиб бўлди.
Макроиқтисодиёт умумий иқтисодий назариянинг бўлими ҳисобланиб, унда миллий хўжалик даражасида иқтисодиётнинг фундаментал муаммолари тадқиқ қилинади.