Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа
Гегель Георг Вильгельм Фридрих (1770-1831)
Download 133.98 Kb.
|
4.Ҳозирги замон фалсафаси
Гегель Георг Вильгельм Фридрих (1770-1831) фалсафий тизими немис классик идеализмининг тадрижий якуни ҳисобланади. Буюк файласуфнинг барча машҳур асарлари: «Руҳ феноменологияси» (1807), «Мантиқ фани» (1812-1816), «Фалсафа фанлари қомуси» (1817) айни шу тизимни ишлаб чиқишга бағишланган. «Руҳ феноменологияси» асари Гегель фалсафий тизимига ўзига хос дебочадир. Бу асарда Гегель инсон онги турли даражалари ривожланишининг изчил қаторини таҳлил қилади.
Гегель тизимининг биринчи ва муҳим қисми – «Мантиқ» «Руҳ феноменологияси»нинг якуни ва хулосасидир. Бу субъект ва объектга қадар мавжуд бўлган «соф фикр» соҳасидир. Мантиқда унинг ўзи ва мантиқ шаклларидан ташқари ҳеч қандай эмпирик мазмун мавжуд эмас. Мантиқ тарих ва табиатдан олдин пайдо бўлган. Мантиқ уларни яратган. Мантиқ уч қисмга: борлиқ ҳақидаги таълимот, моҳият ҳақидаги таълимот ва тушунча ҳақидаги таълимотга бўлинади. Борлиқ ва моҳият тушунча ўзини тўлиқ намоён этгунга қадар «кўтариладиган» пиллапоялар сифатида қаралади. «Мантиқ»да мутлақ ғоянинг ривожланиши абстракт мантиқий категориялар кўринишида юз беради. Унинг таянч нуқтаси – борлиқ ҳақидаги соф мавҳум фикр. Дастлаб мазмунсиз бўлган бу «соф борлиқ» тушунчаси «нимадир» орқали ўз мазмунини касб этишга ҳаракат қилади. Бу «нимадир», ўз навбатида, «муайян борлиқ»дир. Гегель фикрига кўра, мутлақ ғоянинг вужудга келиш жараёни айни шу тариқа бошланади. «Муайян борлиқ» кейинги босқичда «қандайдир муайян борлиқ» сифатида амал қилади ёки сифат касб этади. Сифат категорияси миқдор категорияси билан бирга ривожланади. Сифатли миқдор ёки миқдорий сифат эса ўлчов ҳисобланади. Борлиқ ҳақидаги таълимотда Гегель диалектика қонунларидан бири: миқдордан сифатга ва сифатдан миқдорга ўтиш, ривожланиш жараёнлари сакраш тарзида юз беришини асослашга ҳаракат қилади. Ҳодиса сифатида тушуниладиган борлиқдан Гегель янада теранроқ, ички қонуниятларга – моҳиятга ўтади. Бу қисмда Гегель қарама-қаршиликларнинг бир-бирига ўтиши, уларнинг бирлиги, айният ва кураш тўғрисидаги қонунни таҳлил қилади. Гегель фикрига кўра, зиддият – бу қарама-қаршиликларнинг ўзаро нисбатидир. Улар бир-бирисиз мавжуд бўлмайди, лекин турли йўлдан ривожланади ва бу улар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига сабаб бўлади. Зиддиятни ечиш ёки унга чек қўйиш талаб этилади. Гегель зиддиятни асос ва оқибатнинг, шакл ва мазмуннинг, ҳодиса ва моҳиятнинг, имконият ва воқеликнинг, тасодиф ва заруриятнинг ўзаро нисбатида кўради. Зиддият ҳақидаги таълимотни ривожлантирар экан, Гегель ичдан зарур бўлган, ҳар қандай ўзгариш ва ривожланишнинг манбаи саналган «ўз-ўзидан ҳаракат» ҳақида хулоса чиқаради. Гегель фикрига кўра, айният ва тафовутнинг нисбатини билиш жараёнида уларнинг замирида ётган зиддият намоён бўлади. Зиддиятлар мавжудлиги ҳодисанинг ривожланаётганидан далолат беради. Моҳият ҳақидаги таълимотда Гегель воқеликни «моҳият ва мавжудликнинг бирлиги» сифатида тавсифлайди. Моҳиятнинг ўзи – «мавжудлик асоси»дир. Моҳият ҳақидаги таълимотнинг дастлабки бобларидан бошлаб Гегель уни билиш мумкин эмас деган тасаввурни рад этади. Борлиқ ва моҳият соҳасидаги ривожланиш жараёнларини белгиловчи зарурият тушунчада ўз аксини топади. Бундай зарурият эркинликка айланади, «эркинлик эса – бу англаб етилган зарурият»дир. Шу тариқа «Мантиқ» тушунчага ўтади. Бунда Гегель фалсафий метод сифатидаги формал мантиқ ва метафизикани танқид қилади ва умумийлик, алоҳидалик ва яккалик диалектикасини ишлаб чиқади. Айни вақтда у ҳақиқат тушунчасини фикрнинг объект билан мос келиш жараёни сифатида таҳлил қилади. Бунга ғояда эришилади. Фақат ғоя тушунча ва нарсанинг шак-шубҳасиз бирлиги ҳисобланади. Мантиқдан Гегель мутлағ ғоя ривожланишининг иккинчи босқичи- табиат фалсафасига ўтади. Унда ғоя табиат бунёдкори ҳисобланади. Айнан у ўзининг «ўзга борлиғи» - табиатни яратади. Табиатнинг ривожланиш босқичлари: механизм, химизм, организм кабилардир. Гегель ўз диалектик тафаккурининг теранлиги ва кучи ёрдамида «Табиат фалсафаси»да ноорганик ва органик табиатнинг айрим босқичлари ўртасидаги ўзаро алоқа ҳамда дунёдаги барча ҳодисаларнинг қонунияти ҳақида бир қанча ноёб фаразларни илгари суради. Мутлақ ғоя ривожланишининг учинчи босқичи руҳ бўлиб, у ҳам ўз ривожланиш жараёнида уч босқичдан ўтади: субъектив руҳ, объектив руҳ, мутлақ руҳ. Субъектив руҳ – бу «жон» ёки «руҳ ўзида», онг ёки «руҳ ўзи учун». Объектив руҳ ҳуқуқ соҳасини белгилайди. Пировард натижада у ахлоқда ўз ифодасини топади ва оилада, фуқаролик жамияти ва давлатда мужассамлашади. Мутлақ руҳ – умрбоқий ҳақиқат. У ўз ривожланиш жараёнида уч босқич: санъат, дин ва фалсафа босқичларидан ўтади. Санъат, Гегель фикрига кўра, мутлақ ғояни билишнинг бевосита шакли. Дин ўз манбаи – ваҳий орқали Худони англаб етади. Фалсафа - мутлақ руҳ ривожланишининг олий даражаси. Бу ерда ғоя ўзини ўзи англаб етади, ўзининг «соф птамойили» даражасига кўтарилади, мутлақ ғоянинг интиҳосини унинг ибтидоси билан боғлайди. Билиш назариясида Гегель ўзининг тафаккур ва борлиқнинг айнийлиги ҳақидаги ғоясини асослашга ҳаракат қилади. У нарсалар ҳақидаги фикр ва нарсаларнинг ўзи мос келишини, аммо бу айният тафовутни ҳам ўз ичига олишини қайд этади. Билиш ривожланишининг умумий тамойили – мавҳумликдан муайянга юксалишдир. Билиш жараёнида Гегель уч асосий босқич: ҳиссий аниқлик, идрок ва ақлни фарқлайди. Ҳиссий аниқлик англашнинг тўғрилигига, яъни бизнинг сезгиларимиз нарсанинг яхлит образини қайд этаётгани ва унда ҳеч нарсани эътибордан четда қолдирмаётганига ишонч уйғотади. Идрок предметни ўз хоссаларига эга бўлган нарса сифатида тушунади. Ақл нарсанинг ҳиссий қиёфаси ортида унинг ички мазмуни, моҳиятини топишга ҳаракат қилади. Борлиқ ва тафаккурнинг айнийлиги ғояси Гегелни Аристотель мантиғи амалда тўқнаш келган зиддиятга қайтаради: агар борлиқ ичдан зиддиятли бўлса, ўз-ўзига қарши бормасдан фикрлаш мумкин эмас. Гегель мазкур зиддиятни истисно этилган учинчи формал-мантиқ қонунининг янглишлиги ҳақидаги фикр ёрдамида ечишга ҳаракат қилади. У зиддиятларни фикрлаш мумкин эмас, деб ўйлаш хато эканлигини қайд этади. Гегель учун зиддиятлар – ҳаракат манбаи, фикр қарама-қаршилиги – фикрнинг ҳаракат манбаидир. Гегель билиш зиддиятлари ва объектив зиддиятларни фарқлайди. Шу тариқа у диалектик қарама-қаршиликни асоссиз равишда формал-мантиқий қарама-қаршилик билан алмаштиради. Шундай қилиб, Гегель фалсафий тизимида мутлақ ғоя ранг-баранг ва мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтади. Унинг тизими – бу объектив идеализм: мутлақ ғоя табиат ва инсонга қадар «соф фикр» сифатида мавжуд бўлади, табиат ва жамиятни вужудга келтиради. Тизим замирида «триада»: тезис – антитезис – синтез ётади. Бу «триада», бир томондан, Гегель фалсафий тизимига изчил тус беради, бошқа томондан эса, Гегелга дунё ривожланишининг ҳужумкор хусусиятини кўрсатиш, қомусий билимлардан фойдаланиш учун имконият яратади. Диалектика муаммоларини ишлаб чиқишда ҳам Гегелнинг хизматлари беқиёсдир. У сифат ўзгариши, қуйи шакллардан олий шаклларга юксалиш, эскининг янгига ўтиши, ҳар бир ҳодисанинг ўз зиддига айланиши сифатидаги диалектик ривожланиш ҳақидаги таълимотни яратди. Гегель дунёдаги барча жараёнлар ўртасидаги ўзаро алоқани қайд этди. Гегель диалектиканинг идеалистик шаклини ишлаб чиққан: у категориялар диалектикасини, уларнинг алоқалари ва бир-бирига ўтишини, «соф фикр» - мутлақ ғоянинг ривожланишини таҳлил қилади. У ривожланишни ўз-ўзидан ҳаракат сифатида, қарама-қаршиликлар бир-бирига ўтиши натижасида юз берувчи ўз-ўзидан ривожланиш сифатида тушунади: ҳодиса зиддиятли бўлгани боис, у ҳаракатланиш ва ривожланиш қобилиятига эга бўлади. Гегель диалектикасида ҳар бир тушунча қолган барча тушунчалар билан ичдан боғланади: тушунчалар ва категориялар бир-бирига ўтади. Масалан, имконият ривожланиш жараёнида воқеликка, миқдор – сифатга, сабаб – оқибатга айланади ва айни вақтда бунинг акси юз беради. Гегель қарама-қарши категориялар – шакл ва мазмун, моҳият ва ҳодиса, тасодиф ва зарурият, сабаб ва оқибатнинг бирлигини қайд этади. Гегель диалектиканинг асосий қонунлари: миқдор ва сифат ўзгаришлари қонуни, қарама-қаршиликларнинг бир-бирига ўтиши қонуни ва инкорни инкор қонунини кашф этди. У категориялар диалектикаси орқали диалектика асосий қонунларининг амал қилиш механизмини ўрганади. Гегель диалектикани билиш жараёнига татбиқ этди. Гегель учун ҳақиқат бир марта ва бир умрга берилган мутлақо тўғри жавоб эмас, балки жараёндир. Гегелда билиш назарияси билиш тарихи билан мос келади: билиш, фан ривожланиши тарихий босқичларининг ҳар бири у ҳақда «мутлақ», лекин чекланган, тўлиқ бўлмаган тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Ҳар бир кейинги босқич ўзидан олдинги босқичдан бойроқ ва муайянроқ. У аввалги мазмуннинг бойлигини ўзида тўлиқ сақлайди ва олдинги босқични рад этади, лекин унинг ноёб жиҳатларини йўқотмайди, «ўзлаштирилган барча хоссаларни янада бойитади». Шундай қилиб, Гегель мутлақ ва нисбий ҳақиқат диалектикасини ишлаб чиқади. Гегель диалектикасини ўрганиш билиш назариясига оид билимларни бойитади, назарий, ижодий фикрлаш қобилиятининг ривожланишига йўл очади, мустақил ғояларни яратишга кўмаклашади. Гегелнинг фалсафий тизими мантиқ ва табиат фалсафасини, антропология ва психологияни, ҳуқуқ фалсафаси ва ахлоқни, давлат ва фуқаролик жамияти фалсафасини, дин фалсафаси ва эстетикани, фалсафа тарихи ва тарих фалсафасини, тамойиллар, қонунлар ва категориялар тизими сифатидаги диалектикани ўз ичига олади. Download 133.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling