Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа


Download 133.98 Kb.
bet10/32
Sana18.06.2023
Hajmi133.98 Kb.
#1564230
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   32
Bog'liq
4.Ҳозирги замон фалсафаси

Немис классик фалсафаси. Немис классик фалсафасининг йирик вакиллари Иммануил Кант, И.Фихте, Ф.Шеллинг, Георг Гегель ва Людвиг Фейербах кабилардир.
Фалсафий тафаккур ривожланишининг бу босқичи даврнинг муайян тарихий шарт-шароитлари билан белгиланади. Бу кучли ижтимоий зиддиятлар, жамият онгида оламшумул ўзгаришлар юз берган давр эди. Кучли инқилобий ҳаракатлардан сўнг уларнинг суръати пасайиб имкониятларига ишончсизлик кучайди. Ижтимоий онгда консерватив тенденциялар устунлик қила бошлади. Англия ва Францияда монархия ва Черковнинг олдинги мавқеи тикланди. Германияда прусс монархиясининг роли кучайди. Тарихдаги бу зиддиятли воқеалар немис фалсафасининг асосий хусусиятларини белгилаб берди.
Немис фалсафаси Ф.Бэкон ва Р.Декарт бошлаган инсон ақли имкониятларини ўрганишнинг умумий йўналишини давом эттирди. Бироқ у ўз вазифасини нафақат инсон ақлини мадҳ этиш, балки унинг чегараларини белгилаш, эътиқод ва ақл, дин ва фанни муросага келтириш йўлларини ҳам излашда кўрди. Бу немис фалсафаси бажариши лозим бўлган ижтимоий буюртма эди.
Даврнинг оламшумул воқеалари ижтимоий тараққиёт нафақат ақл ва фан ютуқлари, балки ахлоқ, маънавият соҳасида эришилган муваффақиятлар билан ҳам ўлчанишини намойиш этди. Инқилоб ва у билан боғлиқ урушлар даврида юз берган маънавий инқироз немис фалсафасида нафақат билиш имкониятларига, балки инсон маънавий дунёсининг барча томонлари, унинг билиш, диний, ахлоқий ва эстетик қобилиятларининг ўзаро алоқаси муаммосига ҳам эътиборни қаратишни талаб қилди. Умуман олганда, немис файласуфлари ҳақиқат, эътиқод, яхшилик ва гўзаллик ажралмасдир, деган фикрни теран асослашга ҳаракат қилдилар.
Иммануил Кант (1724-1804) немис классик фалсафасининг асосчиси. Унинг фалсафаси тушуниш учун қийин бўлиб, фалсафий билимнинг барча жиҳатларини ўз ичига олувчи кенг тизимни ташкил этсада, асосий эътибор онтология, гносеология ва ахлоқ масалаларига қаратилади.
Кант концепцияси: «Соф ақл танқиди» (1781), «Амалий ақл танқиди» (1788), «Мулоҳаза юритиш қобилиятининг танқиди» (1790)асарларида, шунингдек файласуф ижодининг ўзига хос сарҳисоби саналувчи – «Соф ақл чегараларида дин» (1793) каби китобларида баён этилган. Кант билиш назариясининг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат. Кант фикрича билиш жараёни уч босқич: 1) сезгилар даражасида билиш, 2) идрок, 3) ақлдан ўтади.
Билишнинг биринчи босқичи -сезгилар даражасида инсон нарсанинг мавжудлигини билади, идрок ёрдамида уни фикрлайди. Нарсани ҳақиқий билиш айнан шу икки босқични синтез қилишни талаб этади. Идрок даражасидаги билишнинг қуроли – категориялар. Улар идрокка ичдан хос. Ҳодисалар ранг-баранглиги категориялар тизимида акс этади. Категориялар ёрдамида инсон билими тасодифий эмпирик эмас, балки умумий зарур, яъни илмий хусусият касб этади. Илмий билим категориал билимдир. Бироқ шундан сўнг Кант субъектив идеалист сифатида мулоҳаза юритади: идрок табиат қонунларини очмайди, балки уларни табиат учун белгилайди. Кант фикрига кўра, категориялар бирлиги ва уларнинг билиш (синтез қилиш) қобилияти замирида дунёнинг объектив моддий бирлиги эмас, балки ўзликни англашнинг трансцендентал бирлиги ётади.
Идрок этиш – билишнинг иккинчи босқичи. Идрокнинг кучи унинг синтез қилиш қобилиятида намоён бўлади. Бироқ бу тўлиқ, чексиз қобилият эмас. Идрок тажриба чегарасидан ташқарига чиқа олмайди. Бироқ идрок ўз чегараларини ўзи билмайди. У доим бу чегаралардан четга чиқади, яъни ҳодисалар дунёсидан ўзидаги нарсалар дунёсига киришга ҳаракат қилади. Бироқ тажриба чегараларини тарк этгач (шу тариқа идрок эмас, балки ақлга айлангач), у ечиб бўлмас зиддиятлар соҳасига тушиб қолади, унинг мулоҳазалари эса муқаррар тарзда хом хаёлга айланади.
Ақл – билиш жараёнининг учинчи, олий босқичи. У ҳиссиёт билан бевосита эмас, балки билвосита – идрок орқали боғланади. Ақл билишнинг олий босқичи бўлса-да, идрокка кўп жиҳатдан ютқизади. У тажрибанинг мустаҳкам заминидан ажралгач, дунёқараш даражасидаги саволларнинг бирортасига ҳам узил-кесил – ҳа ёки йўқ деб жавоб бера олмайди. Дунё вақтда ва маконда бошланадими ёки у чексиз ва боқийми? Инсон жони боқийми ёки фонийми? Ирода эркинлиги мавжудми ёки дунёда ҳеч қандай эркинлик мавжуд эмас, ҳамма нарса табиий зарурат қонунига кўра юз берадими? Худо борми ёки йўқми? Идрок бундай саволларни бера олмаган бўларди. Ақл эса бундай саволларни беради, бироқ уларга жавоб топа олмайди. Унинг даъволари имконият даражасида эмас. Соф назарий ақл ўз мағлубиятини тан олиши лозим, чунки у ўзидаги нарсаларни била олмайди.
Аммо нима учун у шунга қарамай билишнинг олий босқичи деб эътироф этилади? Шунинг учунки, ақлнинг соф ғоялари (Кант уларни тамойиллар деб номлаган) билишда олий тартибга солиш вазифасини бажаради. Улар идрокка йўл кўрсатади. Ақл ғояларини уфқ чизиғига ўхшатиш мумкин: гарчи бу чизиққа етиб бўлмаса-да, у инсонга маконда мўлжал олиш, кўзланган мақсад сари тўғри ҳаракатланиш имконини беради. Шунга қарамай, Кант билиш назариясида метафизик бўлиб қолди: у ақлнинг зиддиятлилиги (яъни чексизликнинг зиддиятлилиги)ни унинг ожизлиги, нарсалар моҳиятини англашга қодир эмаслик белгиси сифатида талқин қилди. Ҳолбуки, бу амалда, Гегель кейинроқ кўрсатганидек, ақлнинг қудратли кучидан далолат беради.
Соф ақл танқидида Кант фалсафа ўзидаги нарсалар, яъни дунёнинг олий қадриятлари ҳақидаги эмас, балки фақат билиш чегаралари ҳақидаги фан бўлиши мумкин, деган хулосага келади. Олий моҳиятлар ва олий қадриятлар – бу Худо, руҳ ва эркинлик бўлиб, уларни биз бирон-бир тажрибада кўра олмаймиз, улар ҳақида оқилона фан бўлиши мумкин эмас. Бироқ уларнинг борлигини исботлашга қодир бўлмаган назарий ақл, бунинг аксини исботлашга ҳам қодир эмас, яъни у Худонинг борлигига, руҳнинг ўлмаслигига ва ирода эркинлигига ишонишни тақиқламайди. Инсонга эътиқод ва ишонмаслик ўртасида йўл танлаш имконияти берилган. У эътиқодни танлаши лозим, чунки виждон овози, ахлоқ овози ундан шуни талаб қилади. Аммо бу энди назарий ақлдан амалий ақлга, гносеологиядан ахлоққа ўтишдир.
Кант фалсафада ўзига хос тўнтариш ясади ва фалсафани алоҳида фан сифатида тушуниш асосларини яратди. Янги билиш назариясини асослашга ҳаракат қилиб, у XVII-XVIII асрларнинг билишни борлиқдан кўчирилган андоза сифатида талқин қилувчи эмпирик назарияларини танқид қилди. Кант муаммони бошқа заминга кўчирди ва фалсафада гносеологиянинг билиш жараёнига субъект – объект муносабати сифатида қарайдиган йўналишига асос солди.
Билувчи субъект – бу муайян индивид эмас, балки инсоннинг билиш қобилиятлари ва билим манбаларинигина ўзида мужассамлаштирувчи қандайдир мавхум тасаввур. Инсон онгида мавжуд бўлган мазкур қобилиятлар мажмуи унга ўзини қуршаган дунёни сезгилар ва ақлнинг априор шакллари ёрдамида тартибга солишга ёрдам беради. Бу инсон индивидуал, шахсий хусусиятларга эга эмас, деган маънони англатмайди, бироқ улар билиш жараёнида етакчи рол ўйнамаслиги керак.
Субъект қандайдир нарса, предмет ёки ҳодисанинг таъсирини сезгилар даражасида идрок этади. Бу мушоҳада юритишнинг априор шакллари ёрдамида тартибга солинувчи туйғулар ранг-баранглигини юзага келтиради. Бироқ бу босқичда билим субъектив бўлиб қолади. Шундан сўнг идрок ишга киришади ва мавжуд билимларни тушунчалар шаклига солади, яъни уларда қандайдир умумий жиҳатларни аниқлайди. Шу сабабли пировард натижада идрок ва ақлни бирлаштирган билувчи субъектгина билим деб ҳисоблаш мумкин бўлган бирликни яратади.
Бинобарин, билимнинг турли шаклларига муайян тавсиф бериш мумкин. Масалан, математика ҳиссийликнинг макон ва вақт каби априор (яъни тажрибада кўрилмаган) шаклларига таянади. Бошқача айтганда, билувчи субъект дунёга макон ва вақтда мавжудлик нуқтаи назаридан қарайди. Айни ҳолда макон – ташқи сезгининг априор шакли, вақт эса – ички сезгининг априор шакли. Бундай априорлик математик ҳақиқатларнинг, демак, фан сифатидаги математиканинг ҳам мавжудлик имкониятини белгилайди.
Физика (ва бошқа табиий фанлар) ҳам ўз априорлиги жиҳатидан «соф» бўлган ва тажрибада «ифлосланмаган» бир қанча мушоҳадаларга таянади. Табиатшунослик априор мушоҳадалар ва идрок категорияларининг синтези сифатида амалга оширилади.
Инсон билимлари, фан ва маданият дунёси бизнинг тажрибамиз, туйғуларимиз ва ақлимиз маълумотларига асосланади. Ф.Бэкон ва Р.Декарт фан ва маданиятнинг янада ривожланиш йўлларини туйғуларимиз ва мулоҳаза юритиш қобилиятимизнинг такомиллашуви билан боғлаганида, тўла ҳақ эди. Бироқ улар бизнинг тажрибага асосланган билимимиз ҳар қанча ривожланмасин ва такомиллашмасин, у ҳеч қачон бизга фақат сезгилар, ақл ва тажрибага асосланиб дунёни охиригача тушуниш имконини бермаслигини ҳисобга олмаган.
Бу билим бизга табиатан берилган. У бизнинг тажрибамиздан келиб чиқмайдиган макон, вақт, сабабият, чексизлик, Худо каби категорияларда мужассамлашган. Бу инсонга олдиндан берилган тажрибада олинган материалга ишлов бериш асбобларидир. Инсоннинг тажрибада олинган билими доирасидан четга чиқувчи бу трансцендент (лотинча ўтиш, босиб ўтиш сўзидан) категориялар билиш чегараси, имкониятларини биз сезгилар ёки ақл ёрдамида бирон-бир нарсани била бошлашимиздан олдинроқ белгилаб қўяди. Шундай қилиб, бизнинг билимларимиз дунёси икки қисмдан: тажрибада олинган ва тажрибадан олдинги билимдан иборатдир.
Кант ижодининг аҳамияти шундаки, у билимларимизнинг икки томонламалигини, яъни улар нафақат тажрибада олинган, апостериор манбаларга, балки априор, трансцендент манбаларга ҳам таянишини аниқлади.
И.Кант гносеологиясининг онтологик хусусият касб этувчи яна бир муҳим тамойили унинг трансцендент билиш назариясидан келиб чиқади ва дунёнинг, уни ташкил этувчи барча нарсаларнинг умумий тузилишини тушунтиради. Кант фикрига кўра, инсон онги каби, дунёдаги барча нарсалар ҳам икки томонламадир. Биринчидан, бу қаршимизда нарсанинг энг ёрқин томони сифатида намоён бўлувчи, сезгиларимиз уни шундай идрок этувчи «биз учун нарса» ёки ҳодиса сифатидаги нарса. Иккинчидан, бу биз сезгиларимиз билан идрок этишга қодир бўлмаган «ўзидаги» нарса, нарсанинг бизга «қоронғи», яширин, теран томони ёки “ноумен” сифатидаги нарса.
Айни шу сабабли бизнинг дунё, нарсалар ва инсон ҳақидаги билимимиз ҳеч қачон тўлиқ, мутлақ бўлмайди, балки доим нисбий, нотўлиқ бўлиб қолади. Дунё ва инсон нима, деган саволлар доим боқий, фалсафий масалалар бўлиб қолади. Кант билиш назариясининг асосий тамойиллари ана шулардан иборат.
Шундай қилиб, Кант ўз билиш назариясида билим, фан ва маданиятнинг ролини янада юксакроқ даражага кўтарди. Унинг билиш назариясидан онг нафақат дунёни пассив акс эттиради, балки инсонга табиатан берилган сезиш ва идрок этишнинг априор шакллари ёрдамида уни фаол ўзгартиради, яратади, бунёд этади деган хулоса келиб чиқади. Кант билиш фаолиятининг хусусиятини дунёни аниқ акс эттирувчи кўзгуга эмас, балки чизган расмлари нафақат дунёнинг ўзини, балки ижодкорнинг табиатини ҳам акс эттирувчи рассомга ўхшатиш лозим.
Айни замонда, Кант билишнинг муайян чегаралари ҳам мавжудлигини қайд этади. «Мен яратган билиш назарияси инсон ақлини унинг имкониятлари чегараси ҳақида огоҳлантирувчи чегара посбони ёки ақлнинг димоғдорлиги деб аталувчи хавфли касалликка қарши дори бўлиб хизмат қилиши лозим»,1 деб ёзади.
Кант таълимотидан инсон билимлари мажмуи билишнинг инсонга берилган априор шакллари ёрдамида нарсаларнинг бирон-бир қисми, томони, жиҳатинигина ўзига хос тарзда акс эттиради, бу нарсалар кўз ўнгимизда доимо намоён бўлади, бироқ ўзининг асл моҳиятини ҳеч қачон кўрсатмайди, «ўзидаги нарса» бўлиб қолади, деган хулоса келиб чиқади.
Кант таълимоти билишнинг ижодий табиатини ёритиб, инсон билимининг тараққиётини, олимлар, ёзувчилар ижодини рағбатлантирди, бироқ шу билан бир вақтда у инсон билимларининг нисбийлиги, у ёки бу ғоялар ёки назарияларни мутлақлаштириш, шунингдек уларнинг яратувчиларини илоҳийлаштириш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

Download 133.98 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   32




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling