Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа
Шеллинг Фридрих Вильгельм Йозеф
Download 133.98 Kb.
|
4.Ҳозирги замон фалсафаси
Шеллинг Фридрих Вильгельм Йозеф (немис файласуфи. 1775-1854) Бош асари: «Трансцендент идеализм тизими»нинг фалсафий ва методологик аҳамияти шундаки, бу асарда тарихийлик тамойиллари илк бор изчил кўринишда намоён бўлади.
Трансцендент идеализм тизими қуйидаги асосий элементлардан ташкил топади. 1. Назарий фалсафа. У ўзликни англаш учун қарама-қарши йўналишлар (объект, субъект, идеал ва реал фаолият) ўртасида кураш лозим, деган методологик қоидадан бошланади. Шеллинг ўзликни англаш фақат шу кураш жараёнида юз беришини ва «Мен» механизми тўлалигича фақат ўзликни англашни ташкил этувчи қарама-қаршиликлардан келтириб чиқарилиши мумкинлигини қайд этади. Бунда у икки ҳолатни: «Мен» эндигина юзага келган ва «Мен» аниқ-равшан кўриниб турувчи ҳолатларни фарқлайди. Бунда биринчи ҳолат «Мен»дан ташқарида, иккинчи ҳолат – «Мен»нинг ичида бўлади. Шу муносабат билан онг қайси ҳолатдан бошланишини аниқлаш ва унга мазкур чегарадан, яъни онгдан ташқарида ётган нарсаларни аралаштирмаслик жуда муҳимдир. Шеллинг ўз асарида тарихийлик тамойилидан фойдаланиб, ўзликни англаш тарихида уч асосий даврни (босқични): дастлабки сезишдан самарали мушоҳада юритишгача; самарали мушоҳада юритишдан рефлексиягача; рефлексиядан ироданинг мутлақ ҳаракатигача бўлган даврларни фарқлайди. Бунда Шеллинг онг, ўзликни англаш ва жамиятнинг шаклланиш жараёнини одамларнинг амалий фаолияти билан боғлашга ҳаракат қилди. 2. Амалий фалсафа. Унинг бош тушунчаси – «тарих», боғловчи муҳит сифатидаги объектив дунёда юз берувчи ва ақлли жонзотлар сифатидаги одамлар эркинлигининг шарти ҳисобланувчи кишилараро ўзаро алоқасидир. Бошқача айтганда, бу жаҳон тарихидаги объектив қонуният ҳақидаги муҳим масаланинг қўйилишидир. 3. Табиий мақсадлар фалсафаси. Бу ерда Шеллинг қуйидаги антиномияни таърифлайди: кўр-кўрона кучлар маҳсули бўлган табиат амалда мақсадга мувофиқлик руҳи билан суғорилгандир. Бу антиномиянинг ечимини у субъект ва объектнинг дастлабки айнийлигини эътироф этиш йўлида кўради: умуман табиатда ва унинг айрим маҳсулларида мақсадга мувофиқликка фақат мушоҳада юритиш йўли билан эришиш мумкин. Бу мушоҳадада тушунча ҳақидаги тушунча ва объектнинг ўзи дастлабки тарзда ва узвий боғланади – шунда натижа мақсадга мувофиқ тарзда намоён бўлиши лозим. 4. Санъат фалсафаси – трансцендентал идеализм тизимининг охирги бўлими. Унинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат: а) санъат – умуман билишнинг олий шакли, чунки фақат у инсонга олий билимга эришиш имконини беради. Санъат амалий фойдага ҳам, ахлоққа ҳам, фанга (фалсафага) ҳам бўйсуниши мумкин эмас, чунки у ҳамма нарсадан олийроқдир; б) санъатнинг устунлиги шундаки, унинг асарларида онгли ва онгсиз фаолият айнияти акс этади. «Бизда мужассамлашган бу теран зиддият»ни айнан ва фақат санъат ечишга қодир. Санъат – бу назарий ва амалий нарсалар ўртасидаги қарама-қаршилик бартараф этилиб, онгли ва онгсиз табиат ва эркинликнинг тўла уйғунлигига, идеалга эришилувчи жабҳа; в) санъат ўз ривожланиш жараёнида спираль ташкил этади: қадимда ундан (аниқроғи поэзиядан) фалсафа ва бошқа фанлар туғилган; г) санъат – эркинлик ва заруриятнинг юксак бирлиги. Инсоннинг ижодий табиати тўла давра айланиб санъатда ўзининг якуний ифодасини топади. Санъат инсонга “олий"ни билиш даражасига етиш имконини беради. Шеллинг натурфалсафаси XVIII аср охирига келиб эришилган ва жамоатчиликда кенг қизиқиш уйғотган янги табиий-илмий натижаларни фалсафий жиҳатдан умумлаштиришга бўлган эҳтиёжга жавоб сифатида вужудга келди. Шеллинг ўз даврининг барча кашфиётларига ягона асосни топишга ҳаракат қилди: у табиатнинг идеал моҳияти, табиат фаоллигининг номоддий хусусияти ҳақидаги ғояни илгари сурди. Шеллинг натурфалсафасининг қиммати унинг диалектикасида намоён бўлади. Табиатшунослик кашф этган алоқалар ҳақида мулоҳаза юритар экан, Шеллинг бу алоқаларни белгиловчи кучларнинг бирлиги ва табиатнинг ягоналиги ҳақидаги фикрни илгари суради. Бундан ташқари, у ҳар қандай нарсанинг моҳияти қарама-қарши фаол кучларнинг бирлиги билан тавсифланади, деган хулосага келади. Бу бирликни у «қутблилик» деб номлади. Қарама-қаршиликларнинг бирлигига мисол қилиб Шеллинг магнитни, мусбат ва манфий электр зарядларини, кимёвий моддаларда кислота ва ишқорларни, органик жараёнларда таъсирланиш ва тормозланишни, онгда субъективлик ва объективликни келтиради. «Қутблилик»ка Шеллинг нарсалар фаоллигининг бош манбаи сифатида қарайди, уни табиатнинг «ҳақиқий дунёвий жони» деб тавсифлайди. Шеллинг ўз асарларида идеал ва моддий нарсаларнинг айнийлиги ғоясини илгари суради. Унинг фикрича, материя мутлақ руҳ, ақлнинг эркин ҳолатидир. Руҳ ва материяни бир-бирига қарши қўйиш мумкин эмас; улар айнийдир, чунки айни бир мутлақ ақлнинг турли ҳолатларини акс эттиради. Фалсафий категорияларни тадқиқ этиш ва ривожлантириш ишига Ф.Шеллинг салмоқли ҳисса қўшди. Шу маънода Ф.Шеллингнинг натурфалсафаси (табиат фалсафаси) айниқса диққатга сазовордир. Табиатни тушунишда Шеллинг пантеистдир, у Худо ва табиатни тенглаштиради. Табиатнинг ривожланишини Шеллинг онгнинг шаклланиш жараёни, онгсизликдан онглилик сари ҳаракат сифатида тавсифлайди. Онгнинг шаклланиш механизмини Шеллинг табиатда қутблилик (қарама-қаршиликлар бирлиги) ва тадрижийликнинг мавжудлиги билан изоҳлайди. Тадрижийлик, яъни табиат эволюцияси босқичларини Шеллинг қутблиликда кескинликнинг пасайиши маҳсули сифатида тушунтиради. У жонли организмлар ноорганик шакллардан вужудга келади, ҳаёт эса модда синтези ва парчаланишининг бирлигидир, деб ҳисоблаган. Шеллинг ўз натурфалсафасининг таърифланган муҳим тамойиллари – табиатнинг диалектик бирлиги, ривожланиши ва умумий икки тарафламалигини инсоннинг табиатни тушунишига нисбатан татбиқ этади. Фихтега эргашиб Шеллинг ҳам билишнинг ривожланишини билишнинг назарий босқичларидан амалий босқичлар сари ҳаракат сифатида таҳлил қилади. Онгнинг шаклланиш асосини Шеллинг инсоннинг дунёга нисбатан ҳаракатлари билан боғлайди. Ўзликни англаш тадрижийлик, яъни мушоҳада юритишнинг қуйи шакллари - сезиш, идрок этишдан тасаввур қилиш ва рефлексияга ўтиш сифатида шаклланади. Нима учун айнан фаолият, онг ва билишнинг ривожланиш манбаи ҳисобланади? – деган саволга нисбатан Шеллинг қуйидагича мулоҳаза юритади: амалий фаолиятда инсон ўзининг маънавий қобилиятларини моддийлаштиради (объектга айлантиради), улар инсон ўзгартирган табиат предметларида яшашда давом этади. Шундай қилиб, инсон фаолияти натижасида табиат соф табиатга ва инсон томонидан ўзгартирилган табиатга ажралади. Инсоннинг муҳим хусусиятлари моддийлашган айни шу ўзгартирилган табиат инсон онги ва ўзлиги ривожланишига кўмаклашади. Аммо индивидларнинг ўзаро алоқаси, уларнинг мулоқоти инсонга бундан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатади. Умуман олганда Ф.Шеллинг Гегель диалектикасининг аксарият ғояларини ундан олдинроқ илгари суради ва кўп жиҳатдан ундан ўзиб кетади, чунки Гегель табиатда ривожланишнинг мавжудлигини рад этади, Шеллинг эса, аксинча, нафақат инсон руҳи, балки табиат ривожланишининг умумий тамойилларини ҳам таърифлаб берди, табиатнинг тадрижий ривожланиш жараёни онг шаклланиши билан ниҳоясига етишини қайд этди. Шеллинг ғоялари Гегель фалсафасида ўзининг мукаммал ифодасини топди. Шеллинг натурфалсафасининг пайдо бўлиши Фихте субъектив идеализми илдизига болта урди ва немис классик идеализмида объектив идеализм ва унинг диалектикаси сари бурилиш ясади. Download 133.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling