Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа


Download 133.98 Kb.
bet19/32
Sana18.06.2023
Hajmi133.98 Kb.
#1564230
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   32
Bog'liq
4.Ҳозирги замон фалсафаси

Имре Лакатос (1922-1974). Британиялик фан файласуфи ва тарихчиси Имре Лакатос (1922-1974) ўзининг илк асарларида фаразлар ва рад этишлар мантиқининг ўзига хос вариантини билимнинг ўсиши муаммосининг реконструкцияси сифатида тузишга ҳаракат қилди. XVII-XIX асрлар математикаси унинг таҳлил предметига айланди. Кейинчалик у, ўз фикрига кўра, фанларнинг ривожланиш замирида ётувчи илмий тадқиқот дастурларининг рақобати ғояларини асослашга ҳаракат қилади. «Менинг ёндашувим тадқиқот дастурларидан иборат «расо фан» билан синов ва хатоларнинг сийқаси чиққан андозасидан ташкил топган «норасо фан»ни фарқлашнинг янги мезонини назарда тутади»2, деб ёзади олим. Лакатос ўз концепциясини асослашда фан тарихини ўрганишга алоҳида эътибор берган.
Лакатос фикрига кўра, илмий дастур илмий билимнинг асосий бирлигидир. У илгари сурган концепция нуқтаи назаридан фаннинг ривожланиши тадқиқот дастурларининг ўзгаришидир. «Мен фаннинг узлуксизлигига Поппер кўзойнаги орқали қарайман, - деб тан олади у. – Шу сабабли Кун парадигмаларни кўрган жойда мен оқилона тадқиқот дастурларини ҳам кўраман»2. Тадқиқот дастури узлуксиз ривожланувчи асос, ғоялар ва тамойиллар бирлиги билан боғлиқ назариялар мажмуи ва кетма-кетлиги сифатида тушунилади. Бош назария кейинги назарияларнинг юзага келишига асос бўлади ва уларнинг ҳар бири олдинги гипотезага қўшимча гипотеза киритиш орқали ривожланади. Лакатос «расо фан» ва «норасо фан»ни фарқлайди. «Расо фан» шу билан тавсифланадики, у:

  • илгари маълум бўлмаган далилларни башорат қилади;

  • янги ёрдамчи назарияларни олдиндан айтиб беради;

  • эвристик кучга эга бўлади;

  • назарий жиҳатдан мустақил бўлади.

Узлуксиз дастур алоҳида норматив қоидалар билан муҳофаза қилинади.
Тадқиқот дастури таркибига қаттиқ ўзак, фундаментал фаразлар, ижобий эвристика қоидалари (улар тадқиқотларни амалга ошириш йўлларини белгилайди) ва салбий эвристика қоидалари (улар тақиқларни, қайси йўллардан юрмаслик кераклигини кўрсатади) киради. Фундаментал фаразлар ўзига хос хусусият касб этади ва шартли равишда рад этилмаган деб олинади. Қаттиқ ўзак илмий дастурнинг барча назарияларида ўзгаришсиз сақланаётган муайян илмий ва онтологик фаразлар мажмуидан ташкил топади.
«Салбий» эвристика қоидалари тадқиқот дастурининг қаттиқ ўзагини ҳатто у аномалиялар билан тўқнаш келган ҳолда ҳам қайта кўришни ман этади. Тадқиқот дастури муайян даражада догматик хусусият касб этади. Бир марта қабул қилинган назариянинг догматик тўғрилиги ижобий аҳамиятга эгадир. Усиз олимлар назариядан унинг имкониятлари, кучи ва аҳамиятини англашдан олдинроқ воз кечган бўлар эди. Шу тариқа у муайян назариянинг кучи ва афзалликларини яхшироқ тушунишга кўмаклашади. Унинг изларига Куннинг «нормал фан» даври тавсифидаёқ дуч келиш мумкин.
Назариянинг «қаттиқ ўзаги» яхшироқ сақланиши учун қўшимча гипотезаларнинг «ҳимояловчи камари» ташкил этилади. Бу гипотезалар аномалияларга мослашиб ўз шакл-шамойилини ўзгартириши мумкин. Бу билан Лакатос аномал вазиятларга тушувчи ёки қарши мисоллар билан тўқнаш келувчи назарияларга баҳо беришда фальсификационизмга ҳаддан ташқари берилишнинг олдини олишга ҳаракат қилган.
У ёки бу тадқиқот дастурини методологик таҳлил қилиш техникаси бир қанча босқичлардан иборат:

  • тадқиқот дастурининг оқилона реконструкциясини илгари суриш;

  • уни ҳақиқий назария билан таққослаш;

  • уни тарихийлик ва оқилоналикнинг мавжуд эмаслиги учун танқид қилиш.

Узлуксиз ўсиш талаби Лакатос оқилона реконструкциясининг асосий мазмуни ва моҳиятидир. Умуман олганда, олимнинг концепцияси мантиқий-норматив хусусият касб этади. Илмий тадқиқот дастури илмий билим ривожланиш йўлларининг кўп сонлилиги ва ранг-баранглигини чеклайди, фан тарихи турли назарияларнинг юзага келиши, ривожланиши ва рақобати тарзида намоён бўлади. Айни вақтда, тадқиқот дастурлари, асосий назариялар ҳамда илмий билимнинг ўзгариши ва ривожланиши ранг-баранг шакллари механизмининг амалда мураккаблиги таклиф этилган модель билан уйғунлаша олмайди.

Download 133.98 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   32




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling