Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа
Download 133.98 Kb.
|
4.Ҳозирги замон фалсафаси
Майкл Полани (1891-1976) яратган яширин шахсий билим концепцияси ўзига хослиги ва олдинги босқичнинг норматив-рационалистик муаммоларига номувофиқлиги билан ажралиб туради.
М.Полани эпистемологиясида антропологик мўлжаллар анча кучлидир. Унинг асосий тезислари: Фанни маҳоратли одамлар яратади. Билиш фаолияти санъатини дарсликдан ўрганиш мумкин эмас. У фақат бевосита маҳорат билан ўтади. Фанни яратувчи одамлар бошқалар билан алмаштирилиши ва ўзлари яратган билимдан ажратилиши мумкин эмас. Илмий билиш фаолиятида фанга, унинг қимматига бўлган ички ишонч кечинмалари шахсий тажрибаси мотивлари, шунингдек олимнинг манфаатдорлиги, шахсий масъулияти ўта муҳим аҳамият касб этади. М.Полани учун шахсий билим – бу билувчининг интеллектуал жонбозлиги, фидокорлигидир. У номукаммалликдан далолат берсада, бироқ билимнинг зарурий элементи ҳисобланади. У бизнинг дунё манзарасидан инсон имкониятларини чиқариб ташлашга бўлган ҳар қандай уриниш муқаррар тарзда мантиқсизликка олиб келишини қайд этади. Ҳақиқатни аниқлаш бизнинг формал белгилаш мумкин бўлмаган айрим хусусий, имплицит асосларимиз ва мезонларимизга боғлиқ бўлиб қолишига олимнинг ишончи комил. Сўзларда ифодаланган ҳақиқат мақоми тегишли тарзда чекланиши ҳам муқаррардир. Полани эътиқоднинг билиш жараёнидаги улкан ролига янгича баҳо беради. У эътиқод обрўсизланиши натижасида ҳозирги одамнинг динга эътиқод қилиши билан боғлиқ вазиятларнинг чекланган сонидан бирон-бир фикрларни ишонч билан қабул қилиш қобилиятини йўқотганини, эътиқод ҳодисаси умумийликни билиш имконини бермайдиган субъектив рўё мақомини олганини қайд этади. Муаллиф фикрига кўра, бугун биз эътиқод билим манбаи ҳисобланишини яна тан олишимиз лозим. Жамиятдаги ўзаро ишонч тизими замирида эътиқод ётади. Очиқ ва яширин муроса, интеллектуал эҳтирослилик, маданий ворисийлик – буларнинг барчаси эътиқод билан узвий боғлиқ турткиларни назарда тутади. Ақл эътиқодга ўзининг муҳим асоси сифатида таянади, бироқ ҳар сафар унга шубҳа билдиришга қодир. Аксиомалар, қоидалар ва тамойиллар тўпламларининг пайдо бўлиши ва мавжудлиги ҳам бизнинг дунё билиш мумкин бўлган етук ва уйғун бирлик эканлигига бўлган ишончимиз билан чамбарчас боғлиқ. Билиш маҳоратини тавсифлаш ва тил воситалари билан ифодалаш мумкин эмаслиги муаллиф учун ойдек равшандир. Бу тезис фаннинг бир хиллаштирилган тилини яратиш вазифасига, ҳеч шубҳасиз, зиддир. Мутафаккир фикрига кўра, илмий мақолалар ва дарсликларнинг матнларида ифодаланган илмий билим онг диққат марказида турувчи билимларнинг бир қисми, холос. Уларнинг иккинчи қисми билиш жараёнига доимо йўлдош бўлган четдаги (ёки яширин) билим ярмида жамлангандир. Бу билимни «сезгиларни тусмоллаб англаш» билан ўхшашлик бўйича ва қўлда мавжуд асбоб ёрдамида талқин қилиш мумкин. Шусиз фаолият жараёни изчил амалга ошиши мумкин эмас. Билиш асбоб ёки мўлжал сифатида фойдаланилувчи айрим нарсаларни тартибга солиш ва уларни сунъий назарий ёки амалий натижада расмийлаштириш орқали амалга оширилади. Бу ҳолда бизнинг онгимиз бош «онг нуқтаси»га, биз пировард натижада эришадиган яхлитликка нисбатан «периферик» ҳисобланади. Талқинчилар М.Полани таклиф қилган шахсий билим концепциясида тафаккур ва нутқнинг уч асосий соҳаси ёки уч вариантини фарқлайди. Биринчиси сўздаги ифодаси аниқ бўлмаган яширин билим соҳаси билан тавсифланади. Бу соҳани ифодалаб бўлмайдиган билим соҳаси деб номлаш мумкин. У кечинмаларга ва ҳаёт таассуротларига асосланган билимларни қамраб олади. Бу теран шахсий билимларни ифодалаш ва ижтимоийлаштириш жуда қийин. Санъат доим бу вазифани ўз воситалари билан ечишга ҳаракат қилган. Ҳамдардлик ҳаракатида дунёга ва ҳаётга ҳаёт драмаси қаҳрамонининг кўзлари билан қараш кўникмаси акс этган. Иккинчиси – нутқ воситалари билан анча яхши ифодаланувчи билим соҳаси. Бу ерда тафаккур элементи яхши тушунарли нутқ билан узатилиши мумкин бўлган ахборот тарзида мавжуддир, шу боис бу соҳада сукут сақловчи билим ўзи ифодаланган матн билан мос тушади. Тушуниш мушкул бўлган учинчи соҳада тафаккурнинг новербал мазмуни ва нутқ воситалари ўртасида фикрнинг мазмунини концептуаллаштиришга халақит берувчи номувофиқлик мавжуд. Бу яширин билим ва формал билим бир-бирига боғлиқ бўлмаган соҳадир. Шахсий, яширин билим ҳажмига объект билан танишиш механизми ҳам киради. Бу механизмнинг амал қилиши натижасида объект ҳаёт фаолияти жараёнига қўшилади, у билан муомала қилиш кўникмалари ва маҳорати шаклланади. Шундай қилиб, объект билан танишиш у ҳақдаги дастлабки билим сифатида, инсоннинг шахсий билимига айланади. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, кўникмалар фаолият тарзига кўра ўхшаш бўлса-да, амалда ҳар хил ва ўзига хосдир. Бировнинг кўникмаси шахсий билимнинг ўз қатламини юзага келтиради. М.Полани концепциясининг янгилиги шундаки, унда илмий қоидалар маъноси яширин билимнинг, ўз теран асосларида инструментал хусусият касб этувчи «билим»нинг мавҳум контекстига боғлиқ бўлади. У инсоннинг бутун моддий тузилиши билан белгиланади ва артикуляция қилинмай қолган инструментал билим билан узвийдир. Полани маъно эълон қилинувчи мулоҳазада мужассамлашган шахсий ишонч билан ҳам узвий боғлиқ эканлигини қайд этади. М.Полани илмий билим ўсишининг билиш фаолиятининг амалдаги шахсий-когнитив механизмлари ҳисобга олинувчи янги моделини ўйлаш лозим, деган хулосага келди. Download 133.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling