Маъруза:Ҳозирги замон фалсафаси Режа
Download 133.98 Kb.
|
4.Ҳозирги замон фалсафаси
Томас Куннинг (1922-1996) эпистемологик концепцияси унинг «Илмий инқилоблар структураси» асарида ифодаланган бўлиб, бу ерда у позитивистик анъаналарни танқид қилади.
Т. Кун фикрига кўра, фан тарихи эпистемологиянинг базиси ва асосий материалига айланиши лозим. Фан – билимлар тизими эмас, балки аввало илмий ҳамжамиятлар фаолиятидир. Муаммо бундай қўйилганида фалсафа фанининг дастлабки нуқтаи назарлари ва хатти-ҳаракатларида мужассамлашган алоҳида нормативлик ва мантиқий-методологик мустақилликка эга бўлган барча даъволар ўз аҳамиятини йўқотади. Улар илмий ҳамжамият фаолиятининг асосий усулига, унинг заминида шаклланган фан матрицаси ва парадигмасига боғлиқ бўлиб қолади. Т.Куннинг «Илмий инқилоблар структураси» асари таъсирида илмий ҳамжамият тушунчаси фаннинг барча соҳаларидан мустаҳкам ўрин олди. Фаннинг ўзи ғоялар тизимининг ривожланиши сифатида эмас, балки илмий ҳамжамият фаолиятининг маҳсули сифатида тушунила бошланди. Илмий ҳамжамиятни маълум ихтисосликка ва ўхшаш илмий тайёргарликка эга тадқиқотчилар ташкил этади. Илмий ҳамжамият вакиллари, одатда, ўхшаш касбий кўникмаларга эга ва илмий адабиётларнинг муайян мажмуини ўзлаштирган бўлади. Илмий ҳамжамият бу муайян билим соҳаси мутахассисларининг ҳамжамияти ёки муайян илмий муаммони ўрганувчи тадқиқотчилар гуруҳидир. Фаннинг ривожланиш жараёнида илмий ҳамжамиятнинг ролини қуйидагича тавсифлаш мумкин: -мазкур ҳамжамият вакиллари фан мақсадларини ва ўз соҳасининг вазифаларини бир хил тушунадилар. Шу тариқа улар у ёки бу фаннинг предмети ва унинг ривожланиши ҳақидаги тасаввурлар тизимини тартибга келтирадилар; -уларга универсализм хос бўлиб, буни улар ўз тадқиқотларида ва ўз ҳамкасбларининг тадқиқотларига баҳо беришда ҳисобга оладилар, бу ерда улар билимларни асослаш ва исботлашнинг умумий мезонлари ва қоидаларига амал қиладилар; -илмий ҳамжамият тушунчаси билимларни жамлашнинг коллектив хусусиятини қайд этади. У билишнинг коллектив субъекти номидан иш кўради, билиш фаолияти натижаларига келишиб баҳо беради, ички меъёрлар ва идеаллар тизими – фан этосини яратади ва қувватлайди; -илмий ҳамжамиятнинг барча аъзолари муайян парадигмага – илмий муаммоларни қўйиш ва ечиш модели (андозаси)га амал қилади. Ёки, Т.Кун таъбири билан айтганда, парадигма тадқиқотчи олимлар гуруҳини бошқаради. Олимларнинг ўзлари кўпроқ парадигма ҳақида эмас, балки назария ёки назариялар тўплами ҳақида сўз юритишни маъқул кўрадилар. Фан ривожланишининг Кун таклиф қилган модели турли илмий ҳамжамиятлар ўртасидаги рақобат кураши ҳодисалари олдинма-кетин юз беришини назарда тутади. Қабул қилинган парадигма ҳукмронлиги даври, «нормал фан» босқичидан кейин парадигманинг инқироз даври келади ва бу илмий инқилоб атамаси билан ифодаланади. Рақобатлашаётган тарафлардан бирининг ғалабаси фаннинг нормал ривожланиш босқичини тиклайди. Парадигма юзага келишидан олдинги давр далилларнинг тартибсиз тўпланиши билан тавсифланади. Бу даврдан чиқиш илмий амалиёт андозалари, назарий қоидалар, дунёнинг аниқ манзараси белгилангани, назария ва методнинг бирлашувини англатади. Илмий парадигманинг алмашиши, инқилобий ўзгаришлар босқичига ўтиш фан матрицаси элементлари, тадқиқот техникаси, методлар ва назарий фаразлар тўла ёки қисман ўзгаришини назарда тутади. Эпистемологик қадриятлар мажмуи тўла ўзгаради. Кун фикрига кўра, илмий оқилоналикнинг умумий мезонлари нисбий хусусият касб этади. Ҳар бир парадигма ўз муаммолар соҳасида яратилган андоза ва мезонларга таянади, шу сабабли улар формал мантиқ андозаларига мувофиқ бўлиши шарт эмас, аммо улар, шунингдек соғлом фикрга зид келмаслиги лозим. Шу боисдан фанни интеллектуал фаолиятнинг бошқа турларидан фарқлаш имконини берувчи чегара (демаркация) ҳақида гапириш анча қийин. У ҳар сафар янгидан ўрнатилади. Кун фикрига кўра, фан учун ягона ва универсал метод мавжуд эмас, кузатишларнинг универсал баённомалари ҳам йўқ, серқамров метатарихий луғат ҳам бўлиши мумкин эмас. Олимнинг дунёга муносабати унинг муайян парадигмага амал қилиши билан белгиланади, тарихий ва ижтимоий далилларга боғлиқ бўлади. Кун ўзининг парадигма концепциясини ҳар томонлама ҳимоя қилади. «Парадигма» деганда у маълум вақт мобайнида илмий ҳамжамиятга муаммоларни қўйиш ва ечиш андозасини берувчи кенг эътироф этилган илмий ютуқларни тушунади. Парадигма илмий ҳамжамият томонидан қабул қилинган ва илмий анъананинг мавжудлигини таъминловчи эътиқодлар, қадриятлар ва техника воситалари мажмуини англатгани боис, Кун фундаментализм тамойилларини рад этади. Илмий парадигмага боғлиқ бўлмаган омиллар йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Унинг фикрича, кузатишнинг эмпирик жиҳатдан нейтрал тили ҳам бўлиши мумкин эмас. Илмий ҳамжамиятга қўшилган олимлар дунёга қабул қилинган парадигма нуқтаи назаридан қарайдилар. Зеро далиллар назарияни белгиламайди, балки назария ўзининг англаб етилган тажрибасига кириши мумкин бўлган у ёки бу далилларни танлайди. Кун янги парадигма ривожланишининг дастлабки босқичида унинг тарафдорига айланган одам бу парадигманинг муваффақиятига ишониши лозим, деб ҳисоблаган. Парадигма структурасига нималар киради? Биринчидан, символик умумлаштиришлар - қонунлар, таърифлар ва кўп ишлатиладиган атамалар. Иккинчидан, универсумнинг у ёки бу онтологиясини белгиловчи метафизик мўлжаллар мажмуи. Учинчидан, айрим вазифаларни ечишнинг умумий қабул қилинган андозалари, схемалари. Кун парадигмани ўлчаш мумкин эмас, деган тезисни илгари суради. У фаннинг ривожланиш тарихидаги ворисийликни рад этади. Фан динамикасини узлуксиз эмас, балки узлукли деб билади. Унинг фикрига кўра, илмий ҳамжамиятлар бир-бирини сиқиб чиқаради, олдинги парадигма тўплаган билимдан эса воз кечилади. Кун парадигма тушунчасини янада аниқроқ изоҳлашага уриниб, уни кейинчалик олимларнинг муайян фанга мансублигини ҳам, илмий фаолият қоидалари тизимини ҳам ҳисобга олувчи фан матрицаси тушунчасига айлантирди. Фан матрицасининг структурасига назар ташлар эканмиз, унинг парадигма структурасига ўхшашлигини кўришимиз ва матрицанинг қуйидаги элементларини қайд этишимиз мумкин. Символик умумлаштиришлар. Бу ерда илмий гуруҳ аъзолари шак-шубҳасиз ва якдиллик билан фойдаланувчи иборалар назарда тутилади. Улар формал хусусият касб этади ёки осонгина формаллаштирилади. Зарур қоидалар (ёки метафизик парадигмалар), мазкур фан доирасида тан олинган қадриятлардир. Аксарият ҳамжамиятларда бирдамлик туйғуси айнан қадриятларнинг бирлиги туфайли юзага келади. Download 133.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling