СИФАТ
163-машқ. Ўқинг, сифатларни аниқлаб, қандай белги билдираётганини айтинг, сифатларни ўзи боғланган от билан бирга кўчиринг, сифатнинг тагига тўлқинли чизиқ чизинг.
I. Тўлин ой тиккага келиб, осилиб қолди. Туннинг эрка шабадаси ўрик япроқларини бир-бирига уриб ўйнайди, ундан чиқаётган майин сасдан ором олади. Қизғиш чироқ шуъласида ялтираб турган муштдек-муштдек ўриклар «тўп-тўп» тўкилади. Пастда, икки ўрик панасидаги сўрида ёш қиз ва оқ соч аёл хаёлга чўмиб ўтиришибди. Кекса она, дилбар қиз. (М. Пирматов.)
II. Четларига ўймакор панжара ясалган катта айвонга ипак кўрпачалар тўшалган, ўртадаги хонтахтага баркаш-баркаш ноз-неъматлар қўйилган эди. Бу ердан, тепаликка қурилган бу кошонанинг айвонидан, ёмғирда чўмилган кўз илғамас улкан, боғ, қизил қум сепилган хиёбонлар, ҳилол ва юлдуз шаклидаги гулзорлар янада гўзалроқ, янада сўлимроқ кўринарди. Олисда, Қўқон қирининг ортида, ҳарир кўкиш туман орасидан кўтарилган юксак тоғлар кўзга чалинар, Самарқанд дарахтлар орасидан аниқ кўринмас, лекин берироқда, яшил япроқлар орасида, яна бир юксак бино кўзни қамаштириб чарақлар, бу — шафақ жилоланган расадхона пештоқлари эди. (О. Ёқубов.)
164-машқ. Ўқинг, сифатларнинг қайси сўз билан боғланганини аниқланг. Отга боғланган сифатларни бирикма тарзида кўчиринг.
1. Қаршимда онам ўтирибди. Бағри оламдай кенг, кўнгли пахтадай юмшоқ унинг. Тонгдай гўзал, тонгдай мусаффо, эй муқаддас зот, сенинг муҳаббатинг мангу қалбимда, ҳурматинг бошимга дўппи. (М. Мирзараҳимов) 2. Сариқ, пушти, пистоқи рангларга бой ипагим. (Қ. Ҳ.) 3. Сертупроқ йўллар, олисдаги уйларнинг томлари ойдиндан йилтирайди, бошларида, қўйинларида юлдузлар чақнаган теракларнинг бўйлари яна баландроқ, адлроқ кўринади. (О.) 4. Фанда осон йўл бўлмайди, осон йўл танлаган узоққа бормайди. (Ж. Абд.) 5. Бу хатларга самимий, инсоний туйғулар битилган эди. (С. Аҳм.) 6. Ер бақувват бўлса, ғўза ҳам бақувват ўсиб, ҳеч қандай дардга чалинмайди. (Ж. Абд.) 7. Ўсар митти азамат: Серҳаракат, мард, дуркун. Аммо ҳайрон қолдирар Кулганларни у бир кун. (Қ. Ҳ.)
Do'stlaringiz bilan baham: |