Microsoft Word chingiz aytmatov somon yoli ziyouz com doc
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
dokumen.tips chingiz-aytmatov-somon-yoli-ziyouz-comn-aytmatov-somon-yo-2013-11-23
www.ziyouz.com кутубхонаси
45 Бўғин-бўғиним бўшашиб, бўсағага ўтирдим. «Қачон кетди?» «Боя. Тушдан кейин кўчадан машина ўтиб бораётган экан, ўшанга тушиб кетди». Ўз ёғимга ўзим қоврилиб ўтирсам, садағанг кетай Бектош: «Кабинкасига миниб кетди, опа. Сира қўрқманг, шофёри дуруст одам экан»–деб қўйди. Бектошни ўзим ҳам яхши кўрар эдим. Унга яна меҳрим ортди. «Ҳа, бечорагинам, одам бўлар экансан»–дедим ичимда. Бола билинмай ўсаверар эканда, мана ҳозир эр етиб, эс-ҳушликкина, пешонаси ёруғ йигит бўлди. Кўзимга шундай кўринди. Бектош ариқдан сув олиб келиб, эшикнинг олдига сепди. «Даҳлизни супуриб-сидириб салқин қилиб қўяйин. Онам, сизнинг чойингизни соғиниб қолдим, дейди. Ҳозир келади»–деб ўзича куйманиб самовар қўйди. Ойшалар узоқ ўтириб чой ичиб кетишди. Уйда ётолмадим. Осмондаги чамандек юлдузлар тонг отгунча чарақлаб, сўнг бирин-кетин сўнишиб, энг охири порлаб турган ёлғиз Чўлпон юлдузи қолиб, у ҳам аста-секин узоқлашиб, аллақаёққа ғойиб бўлди. Алиман кетгандан кейинги кунларим қурсин. Бутунлай ёлғиз қолдим. Уч-тўрт кун эплаб, ўзимни юпатиб юрдим. Кейин чидай олмадим, шартта туриб қаёққадир бош олиб чиқиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Алиманни кўришни эсласам, юрак-бағрим баттарроқ эзилади. Агар уни туғишганлари хушфеъллик билан кутиб олса – кўп яхши, бошида, менинг турмушимга аралашманглар, деб катта кетган эдинг, энди бизни йўқлаб келдингми, дейишса, шўрлик болам, бу хўрликка қандай чидай олар экан. Хаёлига алланималар келиб, шундай қилиб яшагандан кўра ўлсам бўлмайдими, деб ҳаётдан безиб юрмаса эди. Ёнимда бўлганда ҳеч кимга хўрлатмас эдим-а. Қандай қилиб кетиб қолди экан, бу ҳам шўрим-да. Нима бўлса ҳам борайин, ўз кўзим билан кўрайин. Борсам балки мен билан қайтиб келар. Шундай қилса экан, Худоё, шундай қилса экан. Бормайман, қоламан, деса – буни ҳам билайин, нима қилардим, розилигимни айтиб, оқ фотиҳа бериб қайтиб келардим. Кийим-кечагини ҳам олиб кетмади, уларни ҳам элтиб берайин. Келса-келмаса ҳам айтар сўзимни айтишим керак. Бурчим эмасми. Вой, кўп кечикмай жўнайин, деб эртаси уйни-жойни Ойшага тайинлаб, йўлга чиқдим. Қайинди томонга бораётган машинани Бектош тўхтатиб берди. Шу машинага тушиб овулдан сал узайган эдим, сўқмоқ йўл билан нариги даладан пиёда юриб келаётган бир аёлни кўриб қолдим. Дарров танидим – Алиман экан! Худди ўша, бўйгинангдан ўргилай, қайтиб келаётган экан. Шу заҳотиёқ ўрнимдан ирғиб туриб, машинани дукиллатиб ура бошладим. «Тўхтат! Тўхтат, мен ҳозироқ тушаман!»–дедим. Машина бир оз юриб бориб тўхтагандан сўнг, хуржунимни олиб, шошиб ундан тушдим. Шу орада уюлган қуюқ чанг етиб келиб, кўзимга ҳеч нима кўринмай қолди. Бояги кўрганим ўнгимми, тушимми деб таажжубланиб туриб қолдим. Каттакон машинанинг орқасидан тушиб, юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлдида: «Алиман!»– деб қаттиқ қичқирдим. Оҳ, айланайин деҳқон далам, ўзинг кўрмаганмидинг, бу воқеа ҳам ўшанда бўлмаганмиди? – Ҳа, Тўлғаной, ўшанда, ҳу, ана шу йўлда бўлган эди. Сен: «Алиман!» деб қичқирганингда, Алиман ялт этиб қараб, сени кўриб қолдида, сўнг: «Эна! Энажоним!»–деб сен томонга югурди. Сен ўшанда эсинг чиқиб: «Югурма, болам, югурма, айланай, йиқиласан!»– деб ёлвориб келаётиб, ўзинг йиқилиб тушиб, яна ирғиб туриб чопиб кетдинг. – Ҳа, ҳа, худди ўшандай бўлган эди. Қандай етиб борганимни билмайман. Алиман икковимиз қучоқлашиб кўришдик. Роса соғиниб қолган эканмиз: «Келдингми, келдингми, болам, энангга қайтиб келдингми?»–десам: «Келдим, энажон, келдим. Ўзингизга қайтиб келдим»–деди. Худди шу маҳалда Алиманнинг қорнидаги боласи қўзғалиб «билқ-билқ» этиб икки-уч марта тепиб қўйди. Уни икковимиз ҳам бирдек сезиб қолдик. Алиман қорнини ушлаб оҳиста силаб менга қаради. Унинг шу кўз қараши бутун вужудимни вайрон қилиб юборди. Мен ҳам баъзан бир нимани гумон қилиб, ичимдан куйиниб юрган эканман-да! Қандайдир бир дақиқалик вақт ичида ҳаётнинг энг бир бахтли, энг бир тотли дамларини бошидан ўтказиб тургандек Алиманнинг қувноқ юзлари меҳримни ўзига тортиб, киприкларига илинган мунчоқ- |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling