Microsoft Word kr ot kishnagan oqshom ziyouz com doc
Download 0.76 Mb. Pdf ko'rish
|
Tog\'ay Murod. Ot kishnagan oqshom (qissa)
www.ziyouz.com кутубхонаси
10 — Кўнгилни кенг қилинг, от тепкисини от кўтаради. Тўриқ бизнинг Тарлонга ёмон-ёмон қаради. Мен, ана, кўряпсизми, демоқчи бўлдим. Аммо Сафар чавандоз меҳмонхонага жўнади. Изидан қўл силтаб қолдим. Кейин, мен ҳам бордим. Тўйхонадан улушимиз — турли ноз-неъматли дастурхон, иккита шиша келди. Уй бекаси қозон осди. Паловга уринди. Чавандозлар давра бўлиб ўтирди. Сабзи тўғраб берди. Шу вақт отлар аччиқ-аччиқ кишнади. Тарлон овозини дарров танидим, чопиб чиқдим. Сафар чавандоз тўриғи олд оёқларини кўтариб пишқирди, Тарлонга ёпишди. Мен олисдан қўл силтадим. Тарлонга дўқ урдим: — Бўлди, бас! — дедим. Тарлон ўзини кейинга олди. Олд туёқлари билан ер тирнади. Тишларини иржайтириб кишнади. Тўриқни огоҳ қилди. Яқинлашма, деган бўлди. Тарлон нўхтасидан ушладим. Тарлонни тинчлантирдим: — Бўлди! Так-так-так! Так дейман! Сафар ака, ана, айтмадимми, тўриғингиз одам эмас деб! Мана, Тарлоннинг кўнглини оғритди! — Одам сўзлашиб топишади, йилқи кишнашиб топишади, Зиёдулла чавандоз! Шундай-шундай топишади-да! Сафар чавандоз тўриғини Тарлондан холис олди. Отлар тинчиди. Палов едим. Кечаси олишни* томоша қилдим. 14 Eрталаб таътилланиб, отландим. Лалми даштга йўл олдим. Дашт бир-бирига улашиб кетган адирлар оралиғида бўлди. Кунботар қўнғир тусли қирлар бўлди. Дашт четлари йўғон-йўғон тутлар бўлди. Кўпкари томошага келганлар шу тут шохларида, деворларда чумчуқдайин тизилиб ўтирди. Теваракдаги адирларда тўда-тўда бўлиб ёнбошлаб ётди. Адир бетларида чавандозлар отларини яланғочлади, отларини кўпкарига шайлади. Мен ҳам адирнинг бир четини олдим. Тарлонни яланғочладим, ерга юмалатдим. Кейин эгар босдим. Оёғимга пайтава ўрадим. Хуржундан кўпкари этигимни олиб кийдим. Этик баланд пошнали этик, таканинг терисидан бўлади. Тери тескариси ичига қаратиб тикилади. Тескариси ялтироқ, сирпанчиқ бўлади. Юзаси терининг ўнг тарафидир. Этикни мол чарвиси билан мойлаб тураман. Шунда сув, қор, совуқ ўтмайди, йиртилмайди. Бутлари бир қаричча йиртиқ чолворимни кийдим. Чолворимни атайин йиртиб қўйибман. Бўлмаса, кўпкарида бутимга бирон нима илашади, чолворимни оғигача айириб юборади. Телпагим қулоғини туширдим. Узангига оёқ илиб, эгар қошидан олдим. Даштга қараб эндим. Чавандозлар теваракни айланиб чопди. Чавандозлар отларини пишитди. Одамлар қишлоқ тарафга қаради. — Ана, улоқ келаяпти! — деди. Қишлоқдан икки отлиқ келди. Бирови олдида қора улоқ. Ўнгариб олди. Отлиқ улоқни олдимизга олиб келиб ташлади. Чавандозлар улоқни отларига искатди. Улоқ ёнверини, теварагини айлантириб кўрсатди. Отлар тўп бўлди. Юзлари тандирдан энди узилган нондай қизил, мўйловли бир одам улоқ бошига келди. Ана шу мўйлов баковул бўлди. Қамчи сопини боши узра кўтарди. Жарангдор овозда айтди. — Чавандозлар-ов! Гапимни ўнг қулоғинг билан-да, чап қулоғинг билан-да, эшитиб ол! Чилвир солма — бир! Бир-бировингни ёмон гап билан сўкма — икки! Қамчи солма — уч! Йиқилган чавандоз устига от солма — тўрт! От қочганда ушлашга ёрдам бер — беш! Ол, ҳа-ол! |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling