Microsoft Word muqaddas ziyouz com doc
Download 0.57 Mb. Pdf ko'rish
|
Одил Ёқубов- Муқаддас
www.ziyouz.com kutubxonasi
7 — Нима бўлди? — деди у қўлимдан ушлаб. Менинг «беш» деган жавобимни эишитиши билан чеҳрасидаги гуноҳкор ифода чуқур ички бир шодлик билан алмашди-ю, юзига гўё ёруғ бир нур қуюлди. — Вой, мен сизни йиқилиб қолмасангиз деб шундай қўрқдим, шундай қўрқдимки! — деди Муқаддас кулиб. У яна бир нима демоқчи эди, лекин шу маҳал эшикда турган йигитча: — Ўртоқ Абдуллаева! — деб чақириб қолди. Муқаддас сесканиб кетди-да, дарҳол эшикка томон юрди, йўл-йўлакай бурилиб қаради: — Энди менинг ҳам беш олишимни тилаб туринг! — деди у ҳаяжонли, титроқ овоз билан. — «Тилаб туринг...» бу нима дегани? Мен чиққунча кетиб қолмасдан кутиб туринг, дегани эмасми?.. Қандай ажойиб қиз!.. Узун йўлакда секин юра бошладим. Боя даставвал кириб келганимда йўлакда ҳукм сурган овозлар, ваҳимали гаплар энди тағин ҳам кучайган эди. Кимдир йиғлар, кимдир уни юпатар эди. Лекин ажабо: бу галпарнинг маъноси менинг хаёлимга бориб етмас, мен фақат битта овозни — Муқаддаснинг мулойим овозини эшитар эдим. Қулоқларим тагида унинг: «Вой, мен сизни йиқилиб қолмасангиз деб шундай қўрқдим, шундай қўрқдимки!» деган сўзлари тинимсиз такрорланар, ажиб бир мусиқа каби руҳимни эркалар, хаёлимни кўкларга кўтарарди. Ярим соатча шу аҳволда юрдим. Сўнгра эшикка тикила бошладим. Мен билан баравар кирганларнинг ҳаммаси қайтиб чиқишди, улардан кейин кирганлардан яна битта қиз ҳам чиқди. Муқаддаснинг эса ҳамон дараги йўқ. Аста-секин юрагимда тўлиб-тошган шодлик аллақандай тараддуд ва қўрқув билан алмаша бошлади... Қизиқ, Муқаддас кечиккан сайин менинг ҳам ҳушим ўзимга кела бошлади. Мен энди атрофимдаги қиз-йигитларни таний бошладим, уларнинг гап-сўзларига, яхши топшириб чиққанларнинг шодлигига, йиқилиб чиққанларнинг қайғусига тушунадиган бўлиб қолдим. Боя йиғлаётган қизга эътибор бермаган бўлсам, энди унинг худди Муқаддасга ўхшаган ёшгина бир қиз эканини кўриб, раҳмим келиб кетди. Қизнинг атрофини қуршаб олган уч-тўртта дугоналари уни ҳамон юпатишар, у бўлса ҳеч кимга қулоқ солмасдан куюниб-куюниб йиғлар эди. Мен уни кўрдим-у, негадир ёш домланинг тунов куни Муқаддаснинг кетидан жимгина ғамгин тикилиб қолгани эсимга тушиб кетди... Кўнглимдаги бояги шодлик энди қандайдир оғир ваҳима билан алмашди. Лекин худди шу маҳал эшикдан Муқаддас кўринди. Унинг аллақандай чарақлаб кетган кўзларига, худди гулханнинг таптида тоблангандек гул-гул ёнган юзига кўзим тушиши биланоқ имтиҳонни муваффақиятли топширганини англадим. Унга қараб интилдим, қўлини сиқиб табриклаш учун шошилдим, лекин йўлакда турган қиз-йигитлар уни мендан олдин қуршаб олдилар... Қизлар у билан ўпишиб кетишди, йигитлар эса қўлини қисиб табриклай бошладилар. Сўнгра Муқаддас йиғлаётган қизни қучоқлаб ниманидир қизғин тушунтиришга киришди. Мен эсам... наҳотки, мени эсидан чиқариб юборган бўлса... У атрофга аланглаб, кимнидир қидира бошлади, тўсатдан кўзларимиз тўқнашди, юзидаги табассумдан мени излаганини тушундим! У менга қараб юрди, мен унга. — Табриклайман, Муқаддасхон! Муқаддас бутун вужуди билан кулиб, қувнаб жавоб берди: — Раҳмат! Кўрдингизми, навбат алмашганимиз қандай яхши бўлди! Сиз ҳам беш олдингиз, мен ҳам! Энди доим шунақа қилайлик! Бўптими? — деди у. — Бўпти, — дедим чин юракдан қувониб. У юзимга бир секунд тикилди, гўё мени биринчи марта кўраётгандек аллақандай синовчан назар билан тикилди, сўнгра ерга қаради. Унинг нимадандир хижолат чекиб қулоқлари бирдан ловиллаб ёнганини кўрдим-у, ўзим қизариб кетдим. Муқаддас дилимдаги ҳисларни сезган эди!.. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling