Microsoft Word muqaddas ziyouz com doc
Download 0.57 Mb. Pdf ko'rish
|
Одил Ёқубов- Муқаддас
www.ziyouz.com kutubxonasi
10 Сулаймон ака дадамнинг энг яқин дўсти бўлганини, улар бирга ўқиб, бирга ишлаганларини, ўзи ҳам соддагина бир одам эканини кейинчалик билдим, бироқ биринчи учрашганимизда у менда ғалати таассурот қолдирган, шоп мўйлови ҳам, йўғон дўриллаган овози ҳам аллақандай ясама туюлганди. Сулаймон ака мени заводга ўзи бошлаб борган, ҳужжатларимни ўзи тўғрилатиб, ўз цехига олиб кирган ва кейинчалик қадрдон бўлиб кетган мана шу универсал токарлик станогимда биринчи детални ўзи ясаб кўрсатган эди. Отамнинг хотираси ҳурматигами, ё мени чиндан ҳам яхши кўриб қолганиданми, билмадим, ишқилиб, Сулаймон ака менга доим хуш муомала қилар, баъзан уйига, баъзан цехнинг бир четидаги кичик, тор кабинетига бошлаб кириб суҳбатлашиб турарди. Мен унга жуда ўрганиб қолгандим. Умуман шу бир йил ичида мен заводга, моторларнинг ғув-ғувига тўлган катта, улуғвор цехимизга, ўзимнинг универсал станогимга, дўстларимга жуда ўрганиб, яхши кўриб қолгандим. Ойим билан дадам ўртасида бўлиб ўтган жанжал таъсир этди чамаси, бунинг ҳаммасини яна бир эсладим. Лекин қизиқ, бу сафар институтга ҳужжат топшираётганимдагидек кўнглим хира бўлмади. Муқаддас билан учрашув қувончи кўнглимнинг бир четида уйғонган шубҳани енгиб кетганди... Муқаддасни эслашим билан иссиқ бир туйғу яна аъзойи баданимни жимирлатиб ўтди. Ўзим ҳам беихтиёр жилмайиб ўтирган эканман шекилли, уйга ойим кириб: — Супага чиқ болам, овқат тайёр, нимага куласан!— деб сўрагандагина ҳушимга келдим. Ойим кулгимни бошқа нарсага йўйиб: — Илоҳим бошқаларидан ҳам беш бўлсин! — деб қўйди. Овқат вақтида ойим билан Салим Каримовичнинг орасида яна ўша эски гап қўзғалиб кетармикин, — деган хавотирда эдим. Яхши ҳам бу гап қўзғалмади. Бояги сўзларнинг ўзигами, ё мен уйга кириб кетгандан кейин ҳам жанжал давом этганми, билмадим, ишқилиб, дадамнинг қовоғи солиқ эди. У ҳатто вазиятини ҳам ўзгартирмаган: ўнг қўлтиғига иккита пар ёстиқни босиб, ҳамон газета ўқиб ётарди. Ёши элликларга бориб қолган, институтда ўқитувчилик қилаётган бу салобатли одам баъзан ёш болага ўхшаб кетар, арзимаган нарсадан ҳам хафа бўлаверарди. Шундай пайтларда менинг унга раҳмим келарди. Бугун вақтим чоқ бўлгани учунми, билмадим, ҳар қалай унга бирон яхшилик қилгим келди. Тўсатдан хаёлимга: «Булар менинг Муқаддасни севиб қолганимни билиб қолишса нима қилишар экан?» деган фикр келди. Бир дақиқа кўзимга супанинг четида ўтириб, дадамга уялибгина пиёлада чой узатаётган Муқаддас кўриниб кетди. Бу орзу шунчали ширин эдики, унинг давомини ўйлаш истагида овқатдан бир- икки қошиқ едим-да, жойимга бориб ётдим... Мен ҳовлининг кун ботиш томонидаги хилват бурчакка, ўзим эккан икки туп олманинг тагига каравот қўйиб олгандим. Каравотнинг остидан ариқча ўтар, туну-кун тинимсиз оққан сув кечалари руҳимни аллалар, китобдан чарчаган чоғларимда ором берарди. Бугун бу хилват жой кўзимга яна ҳам жозибали кўриниб кетди. Ўзимни каравотга ташлаб, олманинг қуюқ япроқлари орасидан осмонга тикилдим. Қуёш ботган, боғни фақат ёз оқшомларидагина бўладиган майин ва сокин бир қоронғилик чулғамоқда эди. Жимжит, фақат қўшни ҳовлида чақалоқнинг йиғиси-ю, каравотнинг тагидан ўтаётган сувнинг майин шилдираши эшитилади, япроқлар орасида битта-яримта олтин нуқталар жимирлайди. Ана қаердандир узоқдан, афтидан кўлдан бўлса керак, қандайдир маъюс, лекин ёруғ эсдаликлар уйғотувчи бир куйнинг овози кела бошлади. Хаёлим кузда илиқ мамлакатларга қараб учган қуш каби яна Муқаддасга қараб учди... Орзунинг чегараси йўқ. Мен унинг шу уйда, шу ҳовлида юришини, шу ариқнинг бўйида, супанинг ёнидаги краннинг тагида ўтириб, ажойиб қўнғир сочларини ювишини кўз олдимга келтирдим... |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling