Microsoft Word muqaddas ziyouz com doc
Download 0.57 Mb. Pdf ko'rish
|
Одил Ёқубов- Муқаддас
www.ziyouz.com kutubxonasi
6 бошини кўтариб, аллақандай қўрқиб қарагандагина ҳушимга келдим ва «хўп» деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Одатда имтиҳонга биринчи бўлиб кириш, кузда совуқ сувга шўнғишдан ҳам қийин туюлади, ҳатто ўз билимига ишонган киши ҳам нимадандир ҳадиксираб, эти жунжикиб туради. Бу жиҳатдан мен ҳам ўзимни довюраклар қаторига қўшолмайман, лекин бу сафар мен «хўп» деб жавоб берганимда, Муқаддаснинг қоп-қора кўзларида чақнаган миннатдорлик ифодаси кўнглимга далда берди чамаси, имтиҳонга жуда дадил кирдим, одатдагидек иккиланиб турмасдан билетни ҳам дадил олдим... Мен «омад» деган сўзга ишонмайман, лекин «омад келиши» рост бўлса, шу сафар менинг омадим юришган экан! Менга айни ўзим тилаб юрган саволлар тушган эди: биринчи савол — саккизинчи синф программасидан Ньютон қонуни, иккинчиси қаршилик кучи, учинчиси осонгина бир мисол!.. Мен бу саволларни шунчалик яхши билар эдимки, ҳатто: «Тайёрлик кўриб ўтирмасданоқ жавоб бериб қўя қолсаммикин?» деган фикрга ҳам бордим, фақат хаёлимни йиғиштириб, ўзимни босиб олиш учунгина ўтириб ҳозирлик кўра бошладим. Имтиҳон олувчи комиссия икки кишидан иборат эди: биттаси олтмиш ёшлар чамасидаги, туксиз юмалоқ боши қуёшда чўғдек қизариб, жигарранг тусга кирган бир чол эди, иккинчиси тунов куни консультация вақтида Муқаддаснинг ёнига келиб ҳол-аҳвол сўраган силлиқ сочли таниш ёш домла эди. Мен ўтиришим билан у қўлида бир варақ қоғоз ушлагани ҳолда эшикка борди ва у ерда навбатчилик қилиб турган студент йигитчадан: — Абдуллаева қани? Нимага кирмади? — деб сўради секин. Муқаддаснинг ўрнига мен киришимга навбатчи йигитнинг ўзи рухсат берганди (эҳтимол у ҳам Муқаддаснинг ялиниб қараган кўзларига тоб беролмай «хўп» деб юборгандир!) шунинг учунми, ё шошиб қолиб бошқа сўз тополмай қолдими, билмадим, ишқилиб: — Абдуллаева бошим оғрияпти, деб ташқарига чиқиб кетди, — деди ва тез қўшимча қилди: — ҳозир келади! Домладан: «Абдуллаеванинг ўрнига ким киради?» деган саволни кутиб, юрагим пўкиллаб турувди, лекин у индамасдан жойига бориб ўтирди. У негадир ғамгин эди. Катта аудитория бўм-бўш бўлгани учун биринчи кирган беш бола алоҳида-алоҳида ўтирган бўлса ҳам, ёш домла улардан кўзини узмас, нимадандир шубҳаланаётганга ўхшарди. Кекса домла эса юпқа оқ шойи рўмолча билан ялтироқ дўнг пешонасини тез-тез артганича чуқур ўйга чўмган, гўё имтиҳонни ҳам унутиб юборган эди. Таваккал қилиб биринчи бўлиб чиқдим. Даставвал ёш домла Муқаддасни сўраганини эшитганимда бир оз ҳадиксираган, савол ёғдириб йиқитишга ҳаракат қилмаса деб хавотирланган эдим. Лекин у фақат битта қўшимча савол берди. У ҳам бўлса атом ядроси тўғрисида эди. Мен бўлсам бу мураккаб ҳодиса билан шунчалик қизиқар эдимки, ҳатто ўрта мактаб дарслигидаги маълумотларгина эмас, атом тўғрисида босилиб чиққан ва кўзим тушган оммабоп мақола ва брошюраларни ҳам қидириб топиб, ўқиб юрар эдим. Кекса домла буни жавобимнинг бошиданоқ сезиб қолди шекилли, гапим тугамасданоқ: — Бўлди, ўғлим, бўлди, балли, — деди ва имтиҳон қоғозимни олиб, қўл қўя бошлади. Мен имтиҳон қоғозимни олиб қарамасданоқ беш олганимни тушундим ва тўсатдан ўзимни қушдек енгил ҳис этиб ташқарига отилдим. Йўлакда мени Муқаддас кутиб турарди! У рўпарадаги чанг босган ёпиқ деразанинг олдида, физика дарсликларини кўкрагига босиб, иккита қиз билан гаплашиб турарди. Лекин эшик очилган ҳамон «ялт» этиб қаради. Шу қарашидан, катта-катта қора кўзларида бирдан чақнаган аллақандай ифодадан у мени кутиб, мен учун қайғуриб, ҳатто хавфсираб турганини билдимда, кўнглим яна ҳам чарақлаб кетди. Муқаддас жилмайганича олдимга кедди. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling