333-модда. Суд мажлисидаги тартиб
Апелляция инстанцияси судининг мажлисида раислик қилувчи ушбу Кодекснинг 164, 165 ва 166-моддаларига амал қилган ҳолда, суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.
(333-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
334-модда. Иш кўришнинг бошланиши
Раислик қилувчи суд мажлисини очади ва кимнинг шикояти ёки протести бўйича ҳамда қайси суднинг ҳал қилув қарори юзасидан қандай иш кўрилишини эълон қилади. Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларнинг қайси бири келмаганлигини, келмаганлик сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини аниқлайди, судга келганларнинг шахсини аниқлайди, шунингдек мансабдор шахслар ҳамда вакилларнинг ваколатини текширади.
335-модда. Суд таркибини эълон қилиш ва рад қилиш ҳуқуқини тушунтириш
Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, суд мажлисининг котиби, прокурор, эксперт, таржимон сифатида кимлар қатнашаётганлигини маълум қилади ва ишда иштирок этувчи шахсларга рад қилиш ҳақида арз қилиш ҳуқуқларини тушунтиради.
Рад қилиш учун асослар, рад қилиш ҳақидаги арзни ҳал қилиш тартиби ва бундай арзларни қаноатлантириш оқибатлари ушбу Кодекснинг 3-бобига мувофиқ белгиланади.
336-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш
Раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради.
337-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисига келмаганлигининг оқибатлари
Ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаган бўлса ва у ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишлича хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради.
Ишда иштирок этувчи, иш кўриладиган вақт ва жой тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаслиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди. Бироқ, суд бундай ҳолларда ҳам келмаганлик сабабларини узрли деб топса, ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.
Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради ва бу ҳақда тегишлича юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.
(337-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |