Немис меннонитларининг хоразм тарақҚиётига қЎшган ҳиссаси хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими – Phd умид Бекмуҳаммад


Download 102.63 Kb.
bet5/17
Sana14.02.2023
Hajmi102.63 Kb.
#1197625
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   17
Bog'liq
Меннонитлар ўзбекча

Немислар шаҳарачаси
Немис меннонитлари ҳақида ХХ аср бошларидаги Хоразмга оид адабиётларда кўплаб маълумотлар мавжуд. В. Гиршфельд М. Н. Галкинларнинг маълумотига кўра, “немислар Хоразмга келишдан олдин Саратов губерниясида яшаган бўлиб, улар 36 хонадондан иборат 142 кишини ташкил қилишган” [“Военно-статистическое описание Хивинского оазиса. 1912:]. Н. С. Ликошин эса л 48ди” [Н. С. Ликошин. 1903: л 48] дея таърифлаган ўз асарида.
В. Гиршфеълд ва М. Галкинларнинг маълумотига кўра, “немислар дурадгорлик ҳунари билан машғул бўлиб, Хива ва Петро-Александровскни ўз хизмат ва маҳсулотлари билан таъминлаганлар. Уларда темирчилик устахоналари ва мўри тозалаш ишлари ривож топган”. Н. Ликошин бўлса , “немис уста ҳунармандларининг ишларини қимматроқ” дея ўз фикрини билдириб ўтган.
Чор Россиясининг генерал-майори М. Н. Галкиннинг “Военно-статическое описание Хивинского оазиса” китобида ёзилишича, “Оқмачитлик немислар воҳада деҳқончилик билан бирга темирчилик, дурадгорлик, слесарлик, бўёқчилик ишлари билан шуғулланадилар”. АҚШ ва Германиядан келтирилган пахта тозалаш заводи дастгоҳлари ва жинларни юргизиш ҳамда ремонт қилиш ҳам уларнинг зиммасида эди” [Н. С. Ликошин. 1903: л 44].
Жумладан, 1889 йилнинг декабрида асос солинган Янги Урганч шаҳар пахта-ёғ заводи ҳам немислар номи билан боғлиқдир. 1910 йилга келиб уни ака-ука Крафтлар ўз қарамоғига олишган. Оқмачитдаги немислардан ташкил топган ремонтчи-слесарлар, усталар гуруҳи эса Гурлан, Янги Урганч, Хивадаги пахта тозалаш заводларини таъмирлаб турганлар.
Немис аёллари эса хон қариндошлариникида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сутни қаймоқ ва ёғга ажратадиган сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган. Ўзларини тўлиқ сут маҳсулотлари билан таъминлаган немислар эҳтиёждан ортиғини маҳаллий халққа сотганлар.
Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган. Картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишган. Картошка, помидор ва бақлажон экишни эса хоразмликлар немислардан ўрганишган.
1926 йили Хоразм воҳасига ташриф буюрган буюк рус селекционер олими Николай Вавилов Хоразмга келганида, айнан немисларнинг деҳқончилик хўжаликлари билан танишган ва уларнинг ерлари ҳосилдорлигини эътироф этганди.
Қишлоқдаги боғлар эса олма, анор, беҳи, ўрик каби мевали, чеккароқда бўлса терак, тол, гужум, эман каби манзарали дарахтлар билан янада чирой очган. Немислар қурилиш ашёлари сифатида ана шу эман, гужум, терак ва толларни ишлатишган. Деразали, баланд ромли эшиклар қурилган уйлар Хоразм учун бутунлай янгилик эди. Меннонитлар Хоразмга қурилиш саноатининг биринчи элементларини, қўлда ҳаракатланадиган станоклар, столярлик ишларини олиб келган эдилар.
Улар шунингдек, чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик билан машғул бўлибгина қолмай болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишган. Мактаб тагида ертўла бўлган. Ертўлада эса қишга ўтин, ёқилғи сақлаб қўйилган. Парталар бўлса ёғочдан ишланган бўлиб, ҳар бири 6 нафар ўқувчи учун мўлжалланган. Шунингдек, мактабда кутубхона ҳам мавжуд бўлган.
Кутубхонада илму-фан билан шуғулланишлари учун шарт-шароит етарли бўлган. Ҳатто, Хоразмга илк бор фотографиянинг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ. Ўзбек фотографияси ва киносининг отаси ҳисобланмиш Худойберган Девонов (1879-1938) ҳам Оқмачитлик Вильгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган. Хоразмликлар томонидан меннонит немисларига шогирд тушиб улардан касбу ҳунар ўрганишгани ҳақида тарих фанлари номзоди Комил Абдуллаев шундай ёзганди: “Кўп ҳунар эгаси бўлган Абдулла Болтаев (1890-1966) эшиклар, ҳатто нақш билан безатилган жавонлар ясар эдилар. Уйдаги ҳамма эшик-ромларни ҳам ўзи ишлаган. Бу ишда Абдулла Болтаевга Оқмачитдаги немис усталари ёрдам берган. У ҳар доим немислар ясаган эшик-ромлардан улги олар эди. Мен ром ва эшикларимни қистанмасдан, бор ҳунаримни ишга солиб яхши ишлашга ҳаракат қилсам ҳам немис усталариникидек бўлмас эди,-дерди у. Отамнинг немис усталари билан бамаслаҳат ясаган эшик ва ромлари ҳозир ҳам уйимизни безаб турибди. Отам немисларнинг тикувчилик ва деҳқончилик ишларига ҳам қойил қолар эди. Мен биринчи бўлиб Европача кўйлак ва костюмларни немис чеварлари шарофати билан кийганман”, дейди Абдулла Болтаев [К. Абдуллаев. 1995: ]. Немис усталари иш олганда уни вақтида бажарар, қолган бир қарич материални ҳам тайёр кийим устига қўйиб, қайтариб беришарди.
Оқмачитлик немис деҳқонлари деҳқончиликнинг янги усулларини жорий этиб, Хоразм учун янги бўлган навларни яратганлар. Хоразмда картошка, помидорларни биринчилардан бўлиб эккан ҳам Оқмачитдаги немис деҳқонлари эди. “Немис тарвузи”, “Немис сигири”, “Немис мол ёғи” ва бошқалар ана шундан қолган.
“Катта қозонда кечки овқатни тайёрлаётган эдим”,- дейди Розия момо, “Болта (1850-1925) Оқмачитдаги таниш немисникига меҳмонга бориб келаётган экан. У қўйнидан 3-4 дона қизил мевани олиб менга узатди. Мен унинг нима эканлигини билмаганимдан: “Нима бу?” деб сўрадим. Болта бўёқчи : “Бу немисларнинг мурчи бўлса керак, овқатга соламишлар, бироқ жуда озроқ сол”, деди. Мен пичоқ учи билан “немис мурчи”дан озгина кесиб қозонга солдим. Овқатни бир неча бор татиб кўрдим. Ҳеч нарса сезмадим. “Немис мурчи”нинг қолганларини ўчоқ бошига қўйдим. 2-3 кундан сўнг ёдимга тушиб қарасам, “немис мурчи” эриб, эзилиб тахтага ёпишиб қолибди. Кўп ўтмасдан “немис мурчи” мурч эмас, овқатга лаззат берадиган помдор эканлиги маълум бўлди. Унинг ширасини билгандан кейин овқатларни помидорсиз пиширмайдиган бўлдик” [К. Абдуллаев. 1995: 12].
Юқоридаги лавҳалардан ҳам кўринадики, Хоразмлик, айниқса хиваликларнинг Оқмачитлик немислар билан алоқалари яхши бўлган. Айниқса, Абдулла Болтаев ва унинг отаси Болта бўёқчи, табиийки ва бошқаларнинг немислардан кўплаб соҳаларда андоза олганликлари, янгиликка ўрганишлари яхши натижалар берди.
Вақт ўтиб кўплаб соҳаларда немисларни ўзига устоз деб билган Абдулла Болтаев Хоразм меъморчилиги довруғини дунёга ёйган, умрини нақшлар сеҳру жилосига бағишлаган шахс даражасига етди. Абдулла Болтаев (1890-1966) ҳали болалигидаёқ ота касби-бўёқчилик билан шуғулланиб, немислардан ҳам касб сирларини ўрганиб моҳир ҳунарманд даражасига етгач, 1910-12 йиллардан хонликда қурилган мадраса, почта, телеграф, касалхона биноларини жиҳозлашда қатнашади.
Ана шу фактларнинг ўзиёқ Оқмачитлик немисларнинг Хоразм тараққиётида сезиларли ва ўзига хос ўринга эга бўлганини кўрсатади. Дастлаб кўчиб келган 1883 йилда 40 оиладан иборат меннонит немислари Оқмачит қишлоғини ХХ аср бошларида Оврўпача шаҳарга айлантирадилар.
ЎЗМАРДАВ архивдаги “Хива тобеъининг кулли ахборотининг рўйхати” номли ҳужжатда (125 рақамли) орқали биз 1910 йилда Оқмачитдаги немислар сони қанча эканини билиб оламиз. 1910 йил 16 декабрда тузиб бўлинган ушбу ҳужжатда 137 нафар немис миллатига мансуб фуқаро яшагани қайд этилган.
Орадан йиллар ўтиб, бу рақам 1930 йилларда анча ортди. Унгача эса бутун дунёдаги сингари Россиянинг мустамлакаси бўлган Хива хонлигида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Немислар Хоразмдаги 1916 йилдаги халқ қўзғолони, 1917 йилдаги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этмадилар. Шунингдек, 1920 йилдан 1924 йилгача фаолият кўрсатган Хоразм Халқ Республикаси даврида ҳам Оқмачитда сокин ҳаёт кечирдилар. 1934 йил 14 апрель куни Оқмачитдаги меннонитлар рўйхати тузилади. Рўйхатга кўра, 82 оилада 196 киши истиқомат қилган.
Меннонитлар Хоразмдаги ярим асрлик яшаш даврида Оқмачитда аптека, касалхона ҳам барпо қилишган. Аптекадаги дори-дармонлар Россия ва Европадан келтириб турилган. Касалхонада ҳам врач ва ҳамшира сифатида меннонит немислари фаолият кўрсатишган.
Меннонит немисларининг Оқмачитдаги 1935 йилгача бўлган ҳаётини биз асосан уларни кўрган кишиларнинг фикрларидан билиб олишимиз мумкин.
1935 йили Хоразмга келган Бухоролик журналист Абул Бозоровнинг сафарномаси орқали Оқмачитдаги немисларнинг ХХ аср бошларидан то 1935 йилгача бўлган фаолиятини кузатамиз. Райком вакили кузатувида Оқмачитда бўлган Абул Бозоров немисларнинг ҳаётини шундай тасвирлайди: “Биноларнинг пештоқларида уларнинг қурилган саналари йирик ҳарф ва рақамлар билан ўйма усулда ёзиб қўйилган. Биноларга бежирим зинапоялардан кўтарилиб кирасиз. Кираверишда 8-10 қадам узунликда кенг йўлак, чап томонида ромлик ойналар, ўнг томонида силлиқ девор ялтираб туради. Бунда уст бош ва оёқ кийимлар қўйиладиган ўринлар бор. Ичкарида кенг зал, унга атрофдаги бўлма деразалардан ҳам, шифтда учбурчак шаклида кўтарилиб ишланган тепа деразадан ҳам ёруғлиқ киради. Уй саҳнига тахта тўшалган бўлиб, унинг остида бир неча бўлмалардан иборат тагхона мавжуд. Бу салқин бўлмалар омбор вазифасини бажараркан. Хоналарда шкаф, гардероб ва диванларнинг ўрни кўриниб турибди, баъзиларида қишлик кийимлар, оила аъзоларининг суратлари ҳам қолган. Кўпчилик уйлардаги девор, поллари ҳар ер-ҳар еридан кўчириб олинган. Айтишларича бу ердан тилла-жавоҳирлар излашган. Шаҳарчада касалхона, мактаб, кутубхона, болалар ўйнайдиган майдончалар, театр саҳнаси, рақс майдони, дўконлар мавжуд. Ҳамма-ҳаммаси режа билан қурилган. Ҳар оила кўпдан-кўп ёзув-чизув қуроллари ва хонаки кутубхонасига эга бўлган. Шаҳар чеккасида эса турли устахоналар, мўъжаз корхоналар, шунингдек вино заводи ҳам бўлган, дейишади. Шаҳар қўрғонлар билан ўралган бўлиб, чекка тарафдаги дарвозаларни қуролли соқчилар қўриқлашган.
Қўрғон ташқарисидаги боғларда олма, анор, беҳи, ўрик, ёнғоқ, тут, жийда каби мевали, чекка тарафларда эса терак, қайрағоч, манзарали эман дарахтлари ўсиб турган. Қурилишлар ва мебел ясашга фақат ўзлари ўстирган ёғочларни ишлатишган. Мебеллари ўта сифатли. Ростини айтганда, немислар шаҳарчасидан мусодара қилинган шкаф, стол, стул, диван ва бошқа жиҳозларни округнинг бошқа жойларида ҳам кўриш мумкин.
Шаҳарчада ҳафтада бир кун бозор бўлган. Унга фақат ўша куни четдан саноқли кишилар киритилган. Гўшт, ёғ, ғалла, асал, мева ва бошқа маҳсулотлар, йирик майда моллар жуда арзон нархда сотилган. Кейинчалик маҳаллий амалдорлар ва фуқароларнинг илтимоси билан немислар Хива бозорига ҳам қатнай бошлашган. Улар келтирган сифатли ва зотдор моллар эса бир зумда харид қилинган. Немислар тайёрлаган винолар Самарқанд, Тошкент заводларининг маҳсулотлари билан рақобатлашган. Ертўлаларда 30-40 йиллик шароблар сақланган. Немислар чорва наслини яхшилаб, мўл ва арзон маҳсулотлар етиштирганлар, паррандачилик, асларичилик бобида ҳам уларга рақобатчи топилмаган.
Кўл бўйидаги чорбоғдан чиқиб, ферма томон кетаяпмиз. Устига беда, пичан ғарамлари босилган катта айвон рўпарасидан чиқдик. Бу ёзги молхона. Ости кенг ертўлада эса қиш пайтлари мол боқилар экан. Икки табақалик катта эшикдан ертўлага кирамиз. Рўпарамизда узунлиги 120-150 метр келадиган улкан оғилхона пайдо бўлди. Ичида тўрт қаторлик охурлар ўрнатилган. Кираверишдаги чап томонда деразалар ёнида идоралардагидек росмана стол, стул, девор тарафда эса ажойиб диван турибди. Стол устида журнал, ҳужжатлар, ҳисобчўт. Диванда бошларига қора цилиндр, устига фрак ва оёғига лакланган қора туфли кийган икки немис ўтирибди.
Булардан бири Оллаберган Давлатёров бўлиб, ўзбекчани мутлақо билмас, немисча сўзлар, рус тилида камдан кам гапиради. Иккинчиси Райим Раҳмонбоев эса ўзбек, немис, рус тилларида яхши сўзлай оларди. Раҳмонбоевнинг айтишича, уни ёшлигида отаси ночорликдан хизматкор қилиб берган. Оллаберганни эса кимдир чақалоқлигида қўрғон ичида қолдириб кетган.
Болани немислар ўз бошлиқларига тобширганлар. Қўрғон оқсоқоли ҳар иккала болани ўқитиб, ҳунар ўргатиб, катта қилган ва ишлатган, уйлантириб, уйли-жойли қилган”.
Бухоролик Абул Бозоров меннонит немислар Хоразмдан кўчириб юборилгандан икки йил ўтиб Оқмачитга келганди.
Меннонитларнинг Оқмачитдан кўчирилиши ҳақида эса Хивалик кекса муаллим Қозоқ Ҳожи ўғли шундай ҳикоя қилади:
Мен улар яшаган шаҳарчани, қаълани кўриб ҳайрон қолганман. Улар ҳеч кимдан моддий ёрдам сўрамай, ўзларининг меҳнати билан европача бу шаҳарча бунёд қилишган”.



Download 102.63 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   17




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling