Солиқ тизимига эгалиги. Фақат давлатгина аҳолидан расмий тартибда солиқ йиғиш ҳуқуқига эга. Давлат ҳудудида яшаётган барча шахслар давлат хазинасига, яъни бюджетига мажбурий тартибда қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлаб борадилар. Солиқлардан ташқари давлат фойдасига бошқа йиғимлар ва давлат божлари ҳам ундирилади. Улар ёрдамида давлатнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган моддий-молиявий база шакллантирилади. Ушбу моддий база асосида давлат органлари фаолияти молиялаштирилади ҳамда иқтисодиёт, табиатни муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳалар юзасидан давлат дастурларининг амалга оширилиши таъминланади.
Суверенитетга эгалиги. Давлат ҳокимиятининг хусусияти (атрибути) сифатида суверенитет унинг устуворлиги, мустақил-лигидан иборат. Яъни, давлат суверенитети – маълум бир ҳудудда олий ҳокимиятга эгалик; давлатнинг ички ва ташқи сиёсатдаги тўла мустақиллигидир.
16. ДАВЛАТ МОҲИЯТИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ ТУРЛИ НАЗАРИЯЛАР
Давлатнинг моҳияти – бу унинг мазмуни, мақсади, давлат ҳокимиятининг қайси ижтимоий-сиёсий гуруҳларга мансублиги ва у кимнинг манфаатларига хизмат қилишидир.
Собиқ Иттифоқ даврида давлат ва ҳуқуқ назарияси фанига оид чоп этилган деярли барча адабиётларда давлатнинг моҳиятига бир томонлама, яъни уни ҳукмрон синфнинг диктатураси ва чекланмаган ҳокимиятининг қуроли сифатида синфий нуқтаи назардан ёндашувлар илгари сурилган.
Ғарб олимлари томонидан илгари сурилган назарияларда эса давлатнинг моҳиятини белгилашда унинг синфлардан устун турувчи тузилма, яъни синфий, ижтимоий зиддиятларни бартараф этувчи ва жамиятнинг барча аъзоларини манфаатларини ифода этувчи восита сифатидаги жиҳатларига алоҳида урғу берилади.
Давлатнинг моҳияти ва унинг ижтимоий аҳамияти юзасидан давлат ва ҳуқуқ назарияси фани доирасида шаклланган назарияларни қуйидагича таснифлаш мумкин:
Элита назарияси. Ушбу назария ХХ аср бошларида вужудга келган бўлиб, (В.Парето ва Г.Моски асарлари) аср ўрталарида янгидан ривожлантирилган (Х.Лассуэл, Д.Сартори, Т.Дай ва бошқалар). Мазкур назариянинг бош ғояси, гўё халқ оммаси давлатни идора этишга қодир эмаслиги, шунинг учун бошқариш жамиятнинг ҳукмрон доираси – элитаси томонидан амалга оширилиши лозимлигини исботлашдан иборат. Элиталар турли белгилар (келиб чиқиши, маълумоти, тажрибаси, қобилияти кабилар)га қараб аниқланади. Шу билан бирга, элита таркиби халқ оммаси, яъни уларнинг энг қобилиятли вакиллари ҳисобига тўлдириб борилиши мумкин.
Мазкур назариянинг салбий жиҳати шундаки, унда аҳолининг муайян даражада ҳокимият ишларидан четлаштирилиши назарда тутилади. Шу билан бирга, ҳокимият ишлари амалда кишиларнинг ғоят чекланган доираси – депутатлар, давлат хизматчилари ва бошқалар томонидан олиб борилишини эътиборга оладиган бўлсак, унинг муайян даражада давлат аппаратини шакллантириш амалиётига яқинроқ эканлигини кўрамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |