3. ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ-ЮРИДИК ФАНЛАР ТИЗИМИДА
Давлат ва ҳуқуқ назарияси юридик фанлар тизимида умумий, фундаментал ва методологик фан сифатида майдонга чиқади. Давлат ва ҳуқуқ назариясининг бошқа юридик фанлар билан алоқаси айнан шундан келиб чиқади. Давлат ва ҳуқуқ назарияси махсус ва амалий ҳуқуқий фанларнинг аниқ материалларига таянади, уларни назарий жиҳатдан умумлаштиради. Умумий ва фундаментал фан сифатида ҳуқуқшуносликнинг асосий тушунча ва қоидаларини ишлаб чиқади, масалан, жамият, давлат, ҳуқуқ, давлат механизми, давлат органи, демократия, қонунчилик, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий тартибот, ҳуқуқбузарлик, юридик жавобгарлик, ҳуқуқий муносабатлар ва б.
Давлат ва ҳуқуқ тўғрисидаги асосий ва умумназарий билимларни эгалламасдан туриб, бошқа юридик фанлар муаммоларини ўрганиш мураккабдир. Тармоқ ва махсус юридик фанлар давлат ва ҳуқуқ назариясининг хулосаларига асосланади. Демак, давлат ва ҳуқуқ назарияси бошқа барча юридик фанлар билан ўзаро боғлиқликда бўлиб, улар бир-бирларини бойитади ва тўлдиради.
Бугунги кунда амалда бўлган юридик фанларни қуйидагича таснифлаш мумкин:
тарихий – назарий юридик фанлар (давлат ва ҳуқуқ назарияси, давлат ва ҳуқуқ тарихи, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи, ҳуқуқ фалсафаси, ҳуқуқ социологияси, юридик конфликтология ва бошқалар)
ҳуқуқ тизимининг алоҳида соҳаларини (тармоқларини) ўрганувчи юридик фанлар (конституциявий ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ, молиявий ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқи, оила ҳуқуқи, фуқаролик процесси, хўжалик ҳуқуқи, хўжалик жараёни, меҳнат ҳуқуқи, ижтимоий таъминот ҳуқуқи, қишлоқ хўжалик ҳуқуқи, ер, сув, ўрмон ва кон ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи, жиноят ижроия ҳуқуқи, жиноят процесси ва бошқалар)
амалий юридик фанлар (криминалистика, суд статистикаси, суд медицинаси, суд психатрияси, суд бухгалтерияси ва бошқалар)
халқаро ҳуқуқнинг турли соҳаларини ўрганувчи юридик фанлар (халқаро оммавий ҳуқуқ, халқаро хусусий ҳуқуқ, халқаро космик ҳуқуқ, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва бошқалар).
Do'stlaringiz bilan baham: |