Ҳуқуқ тизими ҳодисасининг қуйидаги хусусиятларини кўрсатиб ўтиш мумкин:
ҳуқуқ тизими – муайян жамиятда амалда бўлган ҳуқуқнинг объектив сифатидир, уни аввалдан белгиланган режа асосида барпо этиш мумкин эмас;
ҳуқуқ тизими тўлалигича ҳуқуқ билан мустаҳкамланадиган ва тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар тизимига мувофиқ келади. Шу жиҳатдан олганда, ҳуқуқ ижтимоий ҳодиса сифатида нафақат ўзида, балки ички тузилиши орқали ҳам жамият хусусиятларини ифода этади;
ҳуқуқ тизими тарихий ўзгарувчан, у жамият тараққиёти билан мутаносиб равишда эволюцион жараёнларни босиб ўтади;
ҳуқуқ тизими таркибига кирувчи ўзаро алоқада бўлган соҳалар бир-бирини такрорламайди ва аксинча ўзаро бир-бирини тўлдиради;
ҳуқуқ тизими ижтимоий муносабатлар мазмуни билан боғлиқ ҳолда, объектив равишда шаклланади;
ҳуқуқ тизими яхлит тизим сифатида ҳуқуқнинг ички тузилишини, яъни бу тизим қандай ички “қурилма”дан иборатлигини кўрсатади;
ҳуқуқ тизими уни ташкил этувчи юридик нормаларнинг муайян гуруҳларга бирлашишини кўрсатади;
ҳуқуқ тизимини ташкил этувчи юридик нормалар ва улар бирлашган гуруҳларнинг ўзаро фарқланишини кўрсатади;
ҳуқуқ тизими ижтимоий муносабатларнинг хусусияти ва уларнинг ўзига хослиги юридик нормаларнинг ҳам маълум даражада ихтисослашувини тақозо этади.
Ҳуқуқ тизимининг қуйидаги элементлари мавжуд: а) ҳуқуқ нормаси; б) ҳуқуқ институти; с) ҳуқуқ соҳаси.
71. ҲУҚУҚИЙ ТИЗИМ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ АСОСИЙ ЭЛЕМЕНТЛАРИ
“Ҳуқуқий тизим” атамаси қуйидаги уч маънода қўлланилади:
ижтимоий-иқтисодий маънода (бунда у умуман “ҳуқуқнинг ижтимоий-иқтисодий тури” тушунчасига тўғри келади);
бирор мамлакатнинг ҳуқуқий тизими маъносида;
турли мамлакатлар ҳуқуқий тизимларининг бирлиги маъносида.
Бинобарин, ҳуқуқий тизим деганда, бир мамлакат доирасида амал қилувчи объектив ҳуқуқ тушунилади. Бошқача айтганда, муайян мамлакатнинг ҳуқуқий тизими ушбу давлатнинг ҳудудида амал қиладиган ва жамиятдаги ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқдир. Бугунги кунда сиёсий харитада 200 дан ортиқ давлат мавжудлигини эътиборга оладиган бўлсак, демак шунча ҳуқуқий тизим шаклланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |