Нурмат сабуров, шаҳзод сайдуллаев
Download 0.96 Mb.
|
Сабуров Н., Сайдуллаев Ш.-ДХН
- Bu sahifa navigatsiya:
- 4. Қонунни имзолаш ва эълон қилиш.
3. Қонунни қабул қилиш. Қонунни Қонунчилик палатаси палата депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилади. Қонунчилик палатаси қабул қилган қонун ўн кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Сенатга қонун билан бирга қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш чоғида тақдим этилган ҳужжатлар юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ: а) қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиши лозим; б) Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасига қайтарилади ва агар қонунни қайта кўриб чиқишда палата депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун парламент томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига палата томонидан юборилади; в) Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан палаталар юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун тенглик асосида келишув комиссиясини тузишлари мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак. Конституцияга ўзгартишлар киритиш, конституциявий қонунни қабул қилиш парламентнинг ҳар бир палатасидаги умумий овозлар сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овозини талаб этади. Одатдаги қонунлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунни Сенат кўриб чиқади ҳамда уни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Сенат томонидан рад этилган ва Қонунчилик палатасига қайтарилган қонун, агар қуйи палата депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан шу қонунни яна маъқулласа, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун тасдиқлаш учун Сенатга юборилади. Агар Сенат келишув комиссиясининг таклифларини қабул қилган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан одатдаги тартибда қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқишда келишув комиссиясининг баённомасида мавжуд бўлган таклифларгина муҳокама қилинади. Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси, Сенат келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин. Агар Сенат қонунни келишув комиссиясининг таҳририда маъқулламаса, у рад этилган қонун сифатида Қонунчилик палатасига қайтарилиши керак. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Регламентининг 17-моддасида Сенат томонидан рад этилган, шунингдек Республика Президенти томонидан эътирозлар билан қайтарилган қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Мазкур тартибга мувофиқ, масъул қўмита рад этилган қонун юзасидан хулоса беради. Масъул қўмитанинг хулосасини олганидан сўнг палата қонунни қайта кўриб чиқиш масаласини ўз мажлисининг кун тартибига киритади. Агар Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган қонунни палата депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан яна маъқулласа, қонун Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ҳисобланади ва Президентга имзолаш ва эълон қилиш учун юборилади. Қабул қилинган қонун лойиҳасини парламентнинг иккинчи палатасида кўриб чиқиш икки палатали парламентлардаги қонун чиқариш жараёнининг навбатдаги босқичидир. Зеро, бир палатали парламентда қонунни қабул қилиш охирги марта овозга қўйиш орқали амалга оширилади (у биринчи ўқишдан кейин ҳам, иккинчи, учинчи, тўртинчи ўқишдан кейин ҳам ўтказилиши мумкин). Икки палатали парламентда эса қонун лойиҳаси айни бир таҳрирда иккала палата томонидан қабул қилинган ҳолдагина қонунга айланади (аммо баъзан палаталардан бири қайта овозга қўйиш орқали бошқа палата томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасини маъқулламаган иккинчи палатанинг “вето”сини енгиши ҳам мумкин). Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари ва бошқа зарур материаллар билан биргаликда масъул қўмита томонидан расмийлаштирилади ҳамда Қонунчилик палатаси Спикери томонидан Сенатга тасдиқлаш учун ўн кун ичида юборилади. Сенатга келиб тушган қонун рўйхатга олинади ва Сенат Раиси томонидан қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқадиган ҳамда унинг юзасидан хулоса тайёрлайдиган қўмитага (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) топширилади. Сенат қўмиталарининг қонун муҳокамасига бағишланган мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганда Сенат қўмиталари ёпиқ мажлис ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Қўмиталарнинг мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг намоёндалари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин. Келиб тушган таклифларни масъул қўмита қонун юзасидан хулоса тайёрлаётганда умумлаштиради. Масъул қўмитанинг хулосасида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсия ифодаланган баҳо бўлиши керак. Қонунни рад этиш зарурлиги тўғрисидаги хулосада масъул қўмитанинг қонунни рад этиш зарур, деб ҳисоблашининг важлари баён этилиши лозим. Масъул қўмитанинг хулосаси Сенат Кенгашига тақдим этилади, Кенгаш қонунни Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш-киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Сенатнинг мажлисида қонунни кўриб чиқиш маърузачининг масъул қўмита хулосасини ўқиб эшиттиришидан бошланади. Кўриб чиқилаётган қонун юзасидан унинг муҳокамаси тартибида сенаторлар сўзга чиқишлари мумкин. Муҳокама натижалари асосида Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланади, Регламентнинг 32-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Сенат томонидан маъқулланган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Сенат қарори билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади. Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этиш важлари кўрсатилиши керак. Унда бир вақтнинг ўзида қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлиги тўғрисидаги, шунингдек келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифлар баён этилиши мумкин. Сенатнинг қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади. 4. Қонунни имзолаш ва эълон қилиш. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли. Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак. Қабул қилинган ва Президент имзолаган қонуннинг матни Олий Мажлисга сақлаш ва эълон қилиш учун юборилади. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатларнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами”, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари эълон қилинадиган расмий манбалардир. Download 0.96 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling