Одил Абдурахмон Ўқ отилмади


Download 355.5 Kb.
bet6/7
Sana03.01.2023
Hajmi355.5 Kb.
#1076115
1   2   3   4   5   6   7
Bog'liq
Ўқ отилмади ҳикоялари

Оқ қашқа

Уйимиз Оқсой кишлоғига кираверишдаги катта йўлнинг чап томонида эди. Бутун қиш бўйи ёғиб, ерни қоплаб олган қop баҳор бошланиши билан эриб, ерга сингиб кетса ҳам унча катта бўлмаган тоғ чўққиларидаги oппоқ қop уйимизнинг деразасидан шундоққина кўзга ташланиб турарди. Ундан эсадиган совуқ шабадага ёз кунлари юзимни тутиб, ишим бўлмаса ҳам ҳовлида айланиб юрардим. Кўпинча кўчамиздаги болаларга қўшилиб, яйлов томон мол-қўйларимизни ҳайдаб кетардик. Ўша пайтларда ҳар кимникида мол-қўй бўлгани учунми, қатиқ-сутни пулга сотишади деса, ишонмасдик. Отам совхозда зоотехник бўлиб ишларди. Биздан олисда бўлган яйловга фақат баҳор бошланиши билан пода ҳайдаларди. Унгача кеч кузда олиб келинган совхоз чорваси қиш бўйи қўраларда одамлар минг машаққат билан йиққан пичанни еб ётарди. Дадам олис яйловга чиқиб кетган дамларда уйда ҳайиқмайдиган одамим қолмагани учун куним ту­рарди. Ойимнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай қўйнимга яримта ноннн қистириб, эрталабдан кечгача катта болаларга қўшилиб олардим. Улар зоотехникнинг ўғлидан ҳайиққанлари учунми ёки уриннқоқлигимгами, бошқа майда болаларга ўхшаб ҳадеб олис кетган мол-қўйларни тўсиб келишга юборишмас эди.


Бир куни отам яйловдан қайтиб, эндигина уйга кирган ҳам эди, Абжалил отбоқар чақириб келиб қолди.
— Тез борар эмишсиз, директор чақиряпти. Ҳалиги катта бия туролмаяпти, — деди у ёнбош кийган телпагининг учидаги ипни кўзидан нари суриб қўяр экан.
Кўп ўтмай дадам эски чакмонга ўралган бир қулунчани уйга олиб келди. Ойим уни кўриши билан шошилиб сўради.
— Адаси, тирикми?
Дадам бошини пастга эгди.
Мен ҳам ғалати бўлиб кетдим. Бошимдан муздек сув қуйилгандек бўлди.
— Яхшиси анаву байталингиз турган оғилга опкириб қўя- қолайлик,
— деди ойим шошганидан қўлидаги супургини қўлтиғига қистириб.
— Йўқ, — деди дадам кўнмай, — ундан тўрт-беш марта хабар олиш кундузи малол келмаса ҳам кечаси малол келади.
— Даҳлиздаги печкага ўт ёқсак ҳам иссиқ бўлади.
Қулунча бизникида тез каттая бошлади. Отам ҳар куни отхонадан янги соғилган биянинг сутидан олиб келиб берар, ойим уни илитиб, укамнинг сўрғичидан бирини шишанинг оғзига ўтказиб олиб, эмизарди. Баъзан ойимга ялиниб-ёлвориб ўзим эмизадиган бўлдим.
— Сутни илитиб бериш эсдан чиқмасин, ха ўзини ўнглаб олгандан кейин бияга қўшиб қўйсак ҳам бўлаверади. Шу саройдаги отбоқарларга ҳам ишонмагандан кейин яхшироқ қараш керак бунга,— уқтирарди дадам бошини чайқаб қўяр экан, қулунчанинг бош-оғзидан сийпалаб.
Кулунча жуда чиройли эди. Майин юнглари қoп-қopa, туёқлари катта тойларники сингари бақувват эди. Отамнинг айтйшича онасининг қорнини ёриб олган кулун эҳтиётлик
билан парваришланса зотдор от бўлармиш. Бунисини мен яхши билмайман-у, лекин унинг бўйнидаги узун-узун ёллари, пешанасидаги оппоқ қашқаси менга кўпроқ ёқарди. Кўпинча ана шу оппоқ пешанасидан силаб, дадам билан ойимга билдирмай юмшоқ нонни чайнаб берардим. Бир куни дадам буни кўриб қолиб, кулиб қўйдилар. Кейин:
— Унга ном-пом топмадингми, Азамат? —деб сўрадилар.
Бошимни чайқадим. Шу эсимга келмаган экан. Ахир саройдаги ҳамма отларнинг номи борлигини яхши билардим-ку. Ўйланиб ўтирмай дадамга қарадим:
— Пешонасидаги оқи жуда чиройли-а, дада?
— Ҳа тузук, тузук, — дедилар дадам тойчанинг пешонасига қараб қўйиб.
— Мана, баҳор тугаб, ёз бошланиши билан бунинг кўзга кўриниб қолади. Оқ қашқа дединг-а? Оқ қашқа. Майли шунақа бўла қолсин.
Иссиқ кунлар бошланиши билан Оқ қашқани биямизга қўшиб қўйдик. Аммо биямиз ўзини ундан қизғанмаса ҳам авваллари оғилнинг бир четига бориб, тумшуғини пастга осилтирганича тураверарди. Бора-бора унга кўникиб кетди.
Қанқа баъзан даҳлизимиз эшигини боши билан итариб ичкари кирарди-да, кишнаб қўярди.
Ўша йили мактабга қатнай бошладим. Оқ қашқага ўрганиб қолганимгами, мактабдан келишим билан уни яйловга олиб чиқиб кетардим. Эҳ, сиз биз томонни яхши билмайсиз-да. Оппоқ булутлар осилиб ётган осмон ҳам, бутун атрофимиз ҳам кўм-кўк ва тиниқ бўлади. Қулуним эса тўпиққа урадиган майсазорда ирғишлаб чопар, ўтни майда тишлари билан узиб олиб эркаланарди. Барра ўтлар устига ётиб олиб ағанаганлари-чи? Мен бўлсам унинг шўхликларидан қувониб, эрталабдан кечгача томоша қилиб зерикмасдим. Баъ­зан катта болаларга қўшилиб, тоғ бағригача узоқлаб кетардик. Улар мени аврашармиди икки гапнинг бирида ерга «тирс» этиб тупуришарди-да:
— Тойингни минмайсанми-а, ҳозирдан миниб ўргатмасанг кейин нима бўлади-а? Бели синиб қолади дейсанми, бе, шуям гап бўлди-ю,
— дейишарди.
— Йўқ, дадам кўрса-чи, — дердим бошқа баҳона топа олмай. Аслида эса уни аярдим.— Тағин дадам индамагани би­лан бели синиб қолсачи-а?
Улар бурнини тортишиб, қўлини силтаб қўйишарди. Аммо улар 5—6 ойлик тойларни ҳам минишиб, шўхлик қилишарди.
Бир куни дадам яйловдан жуда хурсанд қайтди. Елкамга қўлини қўйиб, ишларимни сўради. Эрта-индин машина олиб бераман, деди.
Айтгандай тойинг билан бўлиб, ўқишни пастлатиб юбормадингми? Машина тойдан яхши бўлса керак-а? Яқинда шаҳарга кетамиз. Қарабсан-ки, шаҳарлик бўласан, ҳа.
Бурнимни тортиб қўйдим.
— Шаҳарга дейсизми?— ойимнинг кўзлари ййлтиллаб кетди.
— Гапингиз ростми, узи?
Дадам бош силкиди.
Калламдан шу тоб «Оқ қашқа-чи?»—деган савол ўтди.
— Нега кўчиб кетамиз, дада?
— Нима, шаҳар ёқмайдими? Мана, ойингни қapa, шаҳар- га кетишимиздан хурсанд, нима қилсаям шаҳарлик-да.
— Оқ қашқа-чи?
Дадам ойимга, ойим дадамга ер остидан қарашди..
Сен катта йигит бўлиб қолдинг,— дадам қандайдир аччиқ аралашганга ўхшаш анча хўмрайиброқ гап бошлади.
— Оқ қашқани эрта-индин совхозга топширишимиз ке­рак, ишласин. Отни та^дири шу-да. Ишламаса, фойдаси тегмаса ундай отни нима кераги бор, ўғлим. Совғанинг эвазига совхоз раҳбарларидан бири ҳисобида мен раҳмат айтишим мумкин,— дадам менга қараб бир оз кулиб қўйди.
— Маъқулми?
Дадам гапираётган сари бошим пастга осилиб борарди. Авваллари шаҳарлик болаларга ҳавасим зўр эди. Хозир эса шу Оқ қашқам туфайли худди улар айбдордай ҳаммасидан бир зумда кўнглим қолди. Ўйланг-чи, мен Оқ қашқамдан қандай айриламаникин? Пиқиллаб йиғлаб юбордим.
Кап-катта йигит бўлиб қолдинг, болам,— ойим ҳам дадамнинг ёнини олди.
— Шаҳарда ҳам от миниб юрмоқчимисан. Пулимиз етади, машина олиб берамиз, кўчиб боришимиз билан.
Э, унақа машинангизни...— дедим-у, чопиб бориб оғилда бойлоғлиқ турган тойни ечдим. Етаклаб олиб яйловга бошладим. Фақат қоронғи тушгандан кейингина уйга қайтиб кирдим. Чунки дадам билан ойимнн хафа қилишни истамас эдим.
Эртаси куни Оқ қаиқани миниб, олис-олис кетдим. Унча баланд бўлмаган адир бағрида биринчи бор ўзимдан катта болалар билан пойга чопишдим. Уни қанча аямай олдинга интилар, тезда боиқа отларни ортда қолдириб фақат ўзи учиб борарди. Кейин болаларнинг Оқ қанқамга яширмасдан ҳавас билан боқиб турганларини кўрдим-у, кўзимнинг чаккаларидан сизиб ёш чиқди... Ортга қайтаётганимда қашқамнинг бўйнини шапатилаб эркаладим, пешанасидан ўпиб, нариги қишлоқда турадиган бувимнинг сочидек оппоқ тоғ чўққиларига боқиб, шу яйловда қолаётган болалигим билан хушлашаётгандек қотиб қолдим. Қаранг-а, Оқ қашқанинг ёлини сийлаганимда негадир кўзим жиққа ёшга тўладиган бўлиб қолди. Шаҳарга жўнаб кетаётган кунимиз эса отхонага бериб юборилган Оқ қашқа билан хайрлашмадим. Бундай ҳам қилолмас эдим.
Дадам уқтиргандай шаҳарда ўқишлар анча мураккаб экан. Овулда мактабдан келиб, гоҳ адирга чиқсак, гоҳ яй­ловга кетардик. Бу ерда албатта биронта тўгаракка қатнамасанг зерикиб қолиш ҳеч гап эмас экан. Бунинг устига ўртоқларим ҳам йўқ. Кўп ўтмай шаҳарлик синфдошларим би­лан тил топиб, дўстлашиб кетганимга қарамай Оқ қашқамни соғиниш мени қийнаб юборди. Уни ҳадеб кўргим келар, яй­ловда думини кўтариб, чопқиллаб юргани, сўнгги пойгада бошқа отларни ортда қолдириб кишнаб, қўйганлиги кўзимга кўринадиган бўлиб қолган эди.
Негадир юзларимнинг шишганлигига дадам тушуниб қолган эди. У мени гоҳ алдаб, гоҳ яхши гапириб кўнглимни олишга тушди. Бир куни мактабдан келсам қайси кўз билан кўрайки, Оқ қанщам беш қаватли уйимиз ёнида боғлиқ турибди. Одамлар тўпланган, ёш болалар эса қийқиришиб, бир-бирига умрида от кўришмагандай қўли билан кўрсатишарди. Қўлимдаги портфелим тўпланган одамлар орасида қолиб кетди. Ўзимни Оқ қашқамга отдим. Таниди, у мени таниди. Бирам кишнаб юборди-ки, эҳтимол тўпланиб турган одамлар қўрқиб кетган бўлсалар керак. Қаранг, Оқ қашқам анча каттайган, тўлишганди. Аранг қулочимни унинг бўйнига ўтказиб, қучоқлаб ўпдим. Қўлимни тутган эдим, олдинги оёғини берди. Бизга қизиқиб қараб турганлар тилини танглайига уриб, бошини чайқаб қўйишди.
Ҳайрон бўлиб уйга кирдим. Дадам мени кўрди-ю, ёнида ўтирган кишига имлаб қўйди. У ҳам бошини ликиллатиб, тушундим, дегандек менга қўл узатди. Кўришдим.
— Кўрдингми?— сўради дадам.
Бош қимирлатдим. Меҳмон кетишга чоғланди. Дадамга қарадим. У тескари қараб олди. Тушундим. Оқ қанқамни мен учун олиб келмаган. Дадамнинг ошнаси бўлганлиги учун кўриб кетгани келган, холос.
Танқарига чиқдимм. Оқ қашқа кишнади. Энди биз яшаётган уйдаги одамлар ҳар бир қаватдан Oқ қанқага қараб туришарди. Бизникига келган киши дадам билан қўл беришиб сўрашди-ю, бир ирғиб, қашқа тепасига чўнқайди. Оқ қашқа эса тепсиниб, орқага тисарилди. У бир-икки марта жиловии силтаган эди яна тепсиниб тураверди. Мен кўзимни Оқ қашқадан узмай унинг ёнида турардим. Ниҳоят у кўлидаги илонга ўхшаш қамчинни ишга солди. Панжаларим билан юзимни беркнтдим. Фақат қаттиқ кишнаган, тепсиниб, ўзини орқа ва олдинга ташлаган овозларгина қулоғимда қолди. Анчадан кейин кўзимни очганимда ёнимда ўзимдан кичик болаларгина менга қараб туришарди.
Ўшандан кейин Оқ қашқам билан учраша олмадим. Да­дам билан каникулда қишлоққа борганимизда уни қайси бир от заводига топшириб юборилганлигини эшитдим. Хўрлигим келди. Аввал дадамдан, кейин Оқ қашқага қамчи солган кишидан хафа бўлдим. Улар мендан бир нарса сўрашармиди. Машина олиб бергани билан у билан сўзлашиб бўларканми? Ўша машинанинг пулига Оқ қашқани сотиб олса бўларди.
Қаердайкин менинг Оқ қашқам.


Download 355.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling